Шавкат Мирзиёев Юнусободдаги маҳаллада яратилган шароитларни кўздан кечирди — фото
Президент, шунингдек, маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан суҳбатлашди
Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Собиробод маҳалласига борди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Бу ерда 10 мингга яқин аҳоли яшайди. Маҳаллабай тизим натижасида ижтимоий муҳим масалалар ҳал этилмоқда. Кўп қаватли уйларнинг қиёфаси янгиланди, йўлаклари, коммуникация тармоқлари таъмирланган.
Маҳалла ҳудудидан ўтувчи Юқори Қорақамиш канали атрофи илгари қаровсиз, кўримсиз жой эди. Эндиликда ободонлаштирилиб, сўлим хиёбонга айлантирилган. Пиёдалар учун кўприклар, болалар ўйингоҳи ва спорт майдончалари, велосипед йўлаги, фаввора барпо этилган. Ўриндиқлар, шахмат столи, чархпалак ўрнатилди. Дарахтлар экилиб, чимлар ётқизилган. Канал атрофидаги ҳудудда 300 метр узунликдаги ишкомлар ўрнатилиб, узумлар экилган.


Давлатимиз раҳбари ушбу шароитларни кўздан кечирган. Маҳалла фаоллари, нуронийлар билан суҳбатлашган.
«Ҳозир маҳалла фаоллари катта бир команда бўлди. Раиснинг ёнида ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика нозири бор. Бўлгандаям, ойлиги, шароити, ваколати билан бор. Энди шундай муносабатга жавобан масъулият ҳам бўлиши керак. Жамиятдаги ўзгаришларда маҳалла ташаббускор, халққа елкадош бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.



Собиробод маҳалласининг ўсиш нуқтаси — тадбиркорлик. Бу ерда ўнлаб субъектлар – ишлаб чиқариш корхоналари, маиший хизмат шохобчалари, хусусий клиникалар, озиқ-овқат дўконлари фаолият кўрсатмоқда. Бундай ишлар бошқа маҳаллаларда ҳам йўлга қўйилган.
Шу ерда Бош вазир ўринбосарлари маҳалла фаоллари олдида Юнусобод туманига қанча инвестиция жалб этилиши, қанча иш ўрни яратилиши бўйича ахборот берган.
Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев 10 август куни Тошкент архитектура-қурилиш институтининг янги биносини бориб кўрганди.