Бугун оқшоми. Тошкентда кетма-кет «ўлдирилаётган» дарахтлар, чемпионларга «Equinox», «Аҳмадбой 2.0»

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Кун хабари (ёки ваҳшийлиги): Тошкентда эркак «Central Park»даги оққушни тутиб, уни оила даврасида еди. 

Фото: Википедия

«Меҳр ва оқибат» ташкилотининг хабар беришича, Тошкентнинг энг яшил ҳудидан бири — «Central Park» боғида юрган оққушни эркак тутиб олиб, уйига олиб бориб еб қўйган («еб қўйгани» ҳам шу бўлган).

Маълумотларга кўра, қуш панжара устидан учиб ўтиб, одамлар юрадиган йўлакка тушган. У ерда эркак уни ушлаб, уйига олиб кетган. Эркак топилгач, 13 ёшли ўғли оққушнинг бошини ке—сиб ташлагани ва кейинроқ улар қушни еганини маълум қилган.

Эркакнинг сўзларига кўра, улар оққушни оқ ғоз деб ўйлашган, уни овқатлантирмоқчи бўлишган, лекин у овқатдан бош тортган. Эркак 1,8 миллион сўм миқдорида жаримага тортилган.

Оққушлар, умуман, бировга зарари тегмайдиган ҳайвонларни ўлдириш, одамларга, уларнинг соғлигига фойда бўлган дарахтларни «ўлдириш» — ёмон, жуда ёмон. Ва ҳаттоки, жиноят ҳам.

Тошкентда қурилиш компанияси яна 12 та дарахтнинг илдизига зарар етказди.

Давлат экология қўмитаси Тошкент шаҳар Яккасарой туманида 12 та дарахтга шикаст етказилганини аниқлади. Аввалроқ блогер Никита Макаренко худди шу ерда худди шу дарахтларга зарар етганини, буни ёритмоқчи бўлганида компания ходими унга таҳдид қилиб, телефонини тортиб олгани ҳақида ёзганди. Макаренко зарар етган дарахтлар 11 та бўлганини ёзганди, лекин Экоқўмитанинг аниқлашича, улар 12 та бўлиб чиққан.

Ўрганишлар давомида кўчадаги 28-уй ёнида қурилиш компанияси томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётгани, мазкур қурилиш ишлари жараёнида 5 туп чинор ва 7 туп каштан дарахтларининг илдиз қисмларига ўсишдан тўхтамайдиган даражада шикаст етказилгани, дарахтларнинг суғориш тизими олиб ташлангани ва бунинг оқибатида «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг 26 ва 32-моддалари талаблари бузилганлиги аниқланган.

Фото: Telegram / «Эффект Макаренко»

Бундай ваҳшийлик «MILLIMETRE CONSRUCTION COMPANY» МЧЖ томонидан амалга оширилган. Ҳозирда унинг раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 3-қисми (Дарахтларни, буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш) билан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилди ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қонуний чора кўриш учун тақдим этилмоқда.

Шу хабарни ўқигандан кейин беихтиёр репер Шаканинг «Оқшом эртаклари» треки эсга тушади. Унда шундай жумла бор:

«Шаҳар дарахтларин қилдилар така-пука,
Маст сартарош олган соч турмагидака.
Лекин бир мушук сичқонларни тап тутиб еб қўйди,
У мушукнинг исми нима — Шака ака!»

Эслатиб ўтамиз, худди шундай ҳолат аввалроқ Чилонзор туманида содир бўлганди. У ерда юзлаб дарахтлар худди шундай ҳолатга солингани ортидан туман ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров 8 август куни лавозимидан озод этилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев қаттиқ ҳайфсан олганди.

Биринчи ё иккинчи хабардан қайси бири ваҳшийлик ёки кўпроқ ваҳшийлик эканини ўзингиз ҳал қилинг.

«Аҳмадбой 2.0»: Тошкентда катта миқдордаги пул маблағларини ўзлаштирган МЧЖ раҳбарларига жиноят иши қўзғатилди.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, 31 ёшли Э.Э. ва 34 ёшли З.Г. 2022 йилнинг 10 январь куни «Района Қутлуғ» номли масъулияти чекланган жамият ташкил қилиб, 1 августга қадар фаолият олиб борган. Шу даврда улар фуқароларга автомашина ҳамда уй-жойларнинг бошланғич тўловни 10 фоиздан 50 фоизгача миқдорда тўлаб, қолган пулларни 40 иш кунидан 3 йилгача бўлган муддатда бўлиб тўлаш имконини берувчи шартлар асосида олиб беришлари мумкинлигини билдирган.

Мижозларни ишонтириш мақсадида улар билан шартнома тузилган. Бироқ МЧЖ мансабдор шахслари фуқаролар томонидан бошланғич тўлов сифатида тўланган пулларни, дастлабки олинган маълумотга кўра, 2 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги маблағларни ноқонуний равишда ўзлаштиришган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Буни кўрмасангиз бўлмайди! Фахрий унвон, 600 млн сўм ва «Equinox». Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси чемпионларига мукофотлар топширилди.

Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида бўлиб ўтган 44-Бутунжаҳон шахмат Олимпиадаси чемпиони бўлган Ўзбекистон терма жамоаси 10 августдан 11 августга ўтар кечаси Ислом Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортида кутиб олинди.

Кутиб олиш маросимида бош вазир Абдулла Арипов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, ООК вице-президенти Отабек Умаров, президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди. Абдулла Арипов чемпионларга Шавкат Мирзиёевнинг табригини ўқиб эшиттирди.

«ZIP формат»даги хабарлар:

  • Тошкент шаҳрида 16-17 август кунлари Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасида ШҲТнинг II Иқтисодий форуми бўлиб ўтади;
  • Жиззахдаги махсус полигонда қарийб 3,5 млн тонна чиқинди йиғилиб қолгани маълум бўлди;
  • «Uzbekistan Airways» Мустақиллик байрами муносабати билан барча тарифларга 50 фоизли чегирма эълон қилди;
  • Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларидан 2022 йил январь-июнь ойларида Тошкент шаҳрига доимий яшаш учун кўчиб келганлар сони 25 290 кишини ташкил этган;
  • «Ока, бир минутга, ҳурмат юзасидан»: «Magic City»да сураткашлардан бири ҳамкасбини пичоқлаб қўйди;
  • АҚШ ЖСТга аъзо бўлиш жараёнида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини билдирди;
  • Сирдарёдан Тожикистон орқали Қўқонга автобус қатнови йўлга қўйилади. Тожикистонда йўловчи олиш, тушириш мумкин эмас.

Хўш, оламда нима гап?

АҚШ қуролли кучлари Тожикистонда «Минтақавий ҳамкорлик-2022» машғулотларини ўтказишни бошлади.

Маълум қилинишича, манёврлар 10 августь куни бошланган ва ўн кун давом этади. Улар АҚШ Марказий қўмондонлиги томонидан ташкил этилган. Машғулот иштирокчиларини АҚШнинг Тожикистондаги элчиси Жон Марк Поммершайм кутиб олган.

Фото: «AP»

«Минтақавий ҳамкорлик» ҳар йили Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари, АҚШ ва бошқа иштирокчи давлатлар ўртасида барқарорликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, ҳамкорлик ва қўшма имкониятларни ривожлантириш бўйича кўпмиллатли операцияларни кучайтиришга қаратилган машғулотдир. Уларда АҚШ, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Покистон ва Ўзбекистон ҳарбийлари иштирок этади.

Владимир Зеленский армиянинг қуроллари қанчалик кучли бўлиб, узоқ масофага мўлжалланган бўлса, уруш тезроқ тугашини маълум қилди.

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Президент 10 августь куни кечки мурожаатида Россиянинг ҳужумларини қоралаб, жавоб заралари берилишини айтган.

«Ушбу қийин 168-чи мудофаа куни тугагандан сўнг, бир нечта нарсаларни айтиб ўтиш керак. Биринчидан. Украина қуролли кучлари, бизнинг разведка ва ҳуқуқ-тартибот идораларимиз Днепропетровск вилоятининг Россия томонидан ўққа тутилишини жавобсиз қолдирмайди.

Русларнинг марганецга зарбаси оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Ўндан ортиғ одам яраланган, беш нафарининг аҳволи оғир. Рус қўшинлари ‘Град’лар билан зарба берди. Россия террорининг яна бир кўриниши Украинага ҳарбий ёрдамни ошириш зарурлигини яна бир бор исботлади», — деган Зеленский.

Зеленский ўзининг видеомурожаатида урушни тугатиш муддати ҳақида ҳам гапириб ўтган.

«Кимдир бир ой, кимдир бир йил, яна кимдир бундан ҳам кўпроқ вақт кетишини айтмоқда. Лекин вақт масаласи аслида Россия томонидан йўқотишларга бевосита боғлиқ. Уларда қанча кўп йўқотишлар бўлса, биз ўз еримизни тезроқ озод қиламиз ва Украина хавфсизлигини кафолатлаймиз. Давлатимизни ҳимоя қиладиган ва Украинага ёрдам берадиган ҳар бир киши уруш вақти қисқариши учун босқинчиларга энг катта йўқотишларни қандай етказиш мумкиноигини ўйлаши керак», — деган Украина раҳбари.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Жамият12:16 | 6.10.22
«Qo‘qon etnosport chellenj—2022» республика фестивали ўтказилади
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Жаҳон11:59 | 6.10.22
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Жамият10:56 | 6.10.22
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
Жамият10:38 | 6.10.22
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
Жамият10:17 | 6.10.22
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади
Жаҳон9:33 | 6.10.22
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади