Хитойда аниқланган янги вирус хавфи баҳоланди
Ҳайвондан келиб чиққан бу вирус одамларга юқмоқда
Хитойда ҳайвондан келиб чиққан янги «Ланъя» вируси одамларга юқаётгани ҳақида хабар берилганди. Россиялик вирусолог, биология фанлари доктори Алексей Аграновский мазкур вирус хавфини баҳолади.

Мазкур вирус ҳозиргача 35 кишида аниқланган. Инфекцияланганларда иситма, холсизлик ва йўтал аломати кузатилган. Ҳозирча касалликдан ўлим ҳолатлари қайд этилмаган. Гепинавируснинг ўзи узоқ вақт олдин кашф этилган, аммо одамлар илгари у билан касалланмаган. Одамларга ҳайвонлардан юқиши мумкин бўлган янги тур нисбатан яқинда пайдо бўлган. Вируснинг одамдан одамга юқиши эса ҳали номаълум.
Аграновскийнинг сўзларига кўра, «Ланяъ» генипавируси ҳали хавфлилик даражасини намойиш қилмаган.
«Хитойлик тадқиқотчилар томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, янги генипавирусни ҳеч қандай ҳолатда хавфли деб бўлмайди. Бу вируснинг қўзғатувчиси жамиятнинг эмас, балки мутахассисларнинг манфаатлари доирасида қолиши керак бўлган ҳолат. Ҳозир ‘Ланяъ’ вируси билан одамларни қўрқитмаган бўлардим», — дейди мутахассис.
Унинг таъкидлашича, генипавируснинг янги тури Хитойдан ташқарига чиққан тақдирда ҳам ташвишланишга ҳожат йўқ.
«Вируснинг тарқалиш эҳтимоли паст. У енгил аломатларни келтириб чиқаради ва ундан бирорта ҳам ўлим қайд этилмаган. Ҳозирча ундан қўрқиш учун асос йўқ», — таъкидлаган Аграновский.
Аввалроқ Хитойда ўлимга олиб келадиган бубонли вабо аниқланганди. Шунингдек, Хитойда 4 яшар бола H3N8 парранда грипига чалинганди.