Бугун оқшоми. Ишсизлик даражаси, уй-жой ва машинасозлик таннархига xавотир билдирган Президент, Андижонга самолётда учиб, автобусда етиб олганлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Самолётга чипта олишга улгурмасангиз, поезд бор, лекин, албатта, яқинларингизни ёнига боринг: «Ўзбекистон темир йўллари» Мустақиллик байрамига чегирма эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

«Uzbekistan Airways» ортидан «Ўзбекистон темир йўллари» ҳам Мустақиллик байрами муносабати билан ички темир йўл йўналишларида 1-4 сентябрь кунлари мамлакат ички йўналишларида йўловчи поездларга  50 фоизли чегирмалар эълон қилди.

Чегирмалар деярли барча тарифларга амал қилади, фақат бир муаммо бор: имтиёзларни фақат темирйўл кассаларидан харид қилиш мумкин, онлайн расмийлаштиришнинг иложи йўқ.

Имтиёзлар, айнан кимгадир берилган «чегирмалар» ёмон (иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов айтганидек, имтиёзлар — кулранг схемалар ва коррупцион ҳолатлар учун айни муддао), лекин бунақа имкониятлар яхши, ҳатто зўр: албатта яқинларингизни олдига боришингиз, байрамни нишонлашингиз зарур.

Тошкентдан Андижонга учган самолёт Наманганга қўнди. Сабаби номаълум, лекин тахминлар бор.

Аэропортдан чиқиши билан «ака, ўтиринг мўнў таксига, обориппўяман айтган жойизга, акамжоним», деб туришларини кутган йўловчиларни, афсуски, номаълум сабабларга кўра, «яхши келуссизми, таксига ўтирина, кетуттимиз» деб кутиб олишадиган бўлди.

Фото: «Bugun.uz»

«Uzbekistan Airways» авиакомпаниясининг Тошкентдан Андижонга учириши керак бўлган HY-91 рейси Наманган шаҳридаги халқаро аэропортга қўнди. Йўловчилар у ердан автобусда Андижон шаҳрига етказилиши маълум қилинди, умид қиламизки, улар манзилиги етиб олган. Битта чипта — иккита транспорт — «ҳавошка»дан инновация.

Самолётнинг бошқа шаҳарга қўнишига аэропорт учиш-қўниш йўлагининг техник ҳолати сабаб бўлиши мумкин. Лекин, аниқки, об-ҳаво шароити бунга тўсқинлик қилмаган.

Муҳаббат ёш танламайди, албатта. Охирги трендлардан келиб чиқадиган бўлсак, турмуш ҳам танламайди. Ўзбекистонда 6 ойда келиннинг ёши куёвникидан катта бўлган 5501 та никоҳ қайд этилган.

Фото: «Bugun.uz»

Статқўм маълумотларига кўра, январь–июнь ойларида келиннинг ёши куёвникидан катта бўлган никоҳлар энг кўп Тошкент шаҳрида қайд этилган — 733 та. Умуман, шу даврда 5501 та мана шундай никоҳ расмийлаштирилган. Ҳудудлар кесимида рақамлар билан бу ерда танишинг ва йигитлар, сиз ҳам бахтингиз учун курашинг, статистикага эътибор берманг, агар чин дилдан хоҳласангиз, уни фақат кўпайтиришга ҳаракат қилинг.

Яна бир тренд, ёмон, лекин ўзининг ўтган галгисидан яхшироқ: Ўзбекистонда ўтган 6 ойда ишсизлик даражаси 8, 8 фоизни ташкил қилган.

Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь-июнь ойларида ишсизлик даражаси 8,8 фоизни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,9 фоизга камайди. Қайд этилишича, 2022 йилнинг 1 июнь ҳолатида меҳнат ресурслари сони 19,45 миллион кишини ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 100,8 фоизга ёки 153,7 минг кишига ошган. Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони 13,7 миллион кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,9 фоизга ёки 261,3 минг кишига ошган.

Фото: «Bugun.uz»

Шунингдек, хорижий давлатларга ишлаш учун кетганлар 2 миллиондан ортиқ кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 528,2 минг кишига ошиши норасмий бандларни камайишига сабаб бўлган.

Ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1,326 миллион кишини, ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳоли орасида 8,8 фоизни ташкил этмоқда. 16-30 ёшгача бўлганлар орасида ишсизлик даражаси 14,5 фоиз, аёллар орасида ишсизлик даражаси эса 12,8 фоизга етган.

Президент уй-жой ва машинасозлик соҳасидаги таннархнинг ошиб кетишига хавотир билдирди.

Шавкат Мирзиёев 12 август куни Бекободда металлургия соҳаси вакиллари ва тадбиркорлар билан учрашди. Йиғилишда келажакдаги кутилаётган хавотирлар ва уларнинг олдини олиш бўйича ҳам фикр билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент хомашё базасини яратиш тизими йўлга қўйилмаса, қандай оқибатлар кутиб тургани ҳақида гапирган.

«Металлургия соҳасида хомашё билан боғлиқ муаммолар ҳақида кўпроқ ўйлашимиз керак. Бугунги кунда 4 миллион тонна металга эҳтиёжимиз бор, лекин уларнинг ярмини импорт қиляпмиз. Келгусида эса эҳтиёжимиз 6 миллион тоннага етади. Шундан асосий эҳтиёж уй-жой соҳасида 15 фоиз, машинасозлик соҳасида 40 фоизга тўғри келади.

Агар ўзимизда хомашё базасини яратиш тизимини тўғри йўлга қўймасак, уй-жойлар ва машинасозлик маҳсулотларининг таннархи ошиб бораверади. Бу эса охир-оқибат аҳолига қийинчилик туғдиради», — деди давлат раҳбари.

«ZIP формат»:

  • Ўзбекистонни тўлиқ жамоат транспорти билан қамраб олиш учун салкам 5 мингта автобус, 3400 та микроавтобус кераклиги маълум бўлди;
  • Қўқонда озиқ-овқат технологияси ва муҳандислиги Халқаро институтини ташкил этилади;
  • 2026 йилга бориб иқтисодиётимиз эҳтиёжларини қондириш учун 6 миллион тоннага яқин металл керак бўлади;
  • Ўзбекистонда «Сейсмик хавфсизлик соҳаси аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилади;
  • Шавкат Мирзиёев Металлургия илмий марказини ташкил этиш таклифини берди;
  • Ўзбекистонда 1 февраль транспорт соҳаси ходимлари куни этиб белгиланиши мумкин.

Хўш, оламда нима гап?

«Толибон»нинг машҳур уламоси масжидда портлатилди. 

Афғонистон пойтахти Кобулда 11 август куни худкуш террорчи «Толибон» ҳаракатининг машхур диний уламоси Шайх Раҳимуллоҳ Ҳаққонийни портлатиб юборди.

Фото: «Sputnik Афғонистон»

Ҳаққоний «ИШИД»нинг кескин танқидчиси, Афғонистон ва Покистон «Толибон»ларининг уламоси бўлган. Унга нисбатан бир неча бор суиқасд уюштирилган, жумладан 2020 йил октябрда Пешоварда унга қарши теракт содир этилган.

Бироқ 2022 йил 11 август куни юз берган терактда Ҳаққоний омон қолмаган. Ҳодиса унинг номи билан аталган масжидда содир бўлган. Уламонинг ўлимини «Толибон» ҳаракати матбуот котиби ўринбосари Билол Каримий тасдиқлаган.

Ҳаққоний кўпчилик покистонлик уламолар сингари аёлларнинг таълим олиш тарафдори бўлган ва Кобулнинг (тўғрироғи, Қандаҳорнинг) бу борадаги ҳозирги ёндашувини бир неча бор танқид қилиб, барча ёшдаги қизларни мактабга боришга чақириб, раҳбариятни бу масалага эътибор қаратишга чақирган.

Раҳматуллоҳ Ҳаққонийни йўқ қилиш учун жавобгарликни «ИШИД» террорчилик ташкилоти ўз зиммасига олган. Худкушнинг исми Холид ал-Логарий бўлиб, уламо ишидчиларни ўлдиришга урингани сабабли йўқ қилинганини айтилган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Раҳматуллоҳ Ҳаққонийнинг ўлдирилиши Афғонистон ва Покистонда «шайхлар уруши»нинг бошланиши бўлиши мумкин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Молдованинг Украина билан чегарадош ҳудудига ракета келиб тушди
Янгиликлар20:13 | 5.12.22
Молдованинг Украина билан чегарадош ҳудудига ракета келиб тушди
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Янгиликлар19:41 | 5.12.22
Буюк Британия Ўзбекистонга савдода янги имтиёзлар беради
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Янгиликлар19:14 | 5.12.22
Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон ва Фарғона водийсида сув таъминотини яхшилашга оид лойиҳалар билан танишди
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда