Ўзбекистонда крипто-биржаларнинг блокланганига изоҳ берилди
Таъкидланишича, мамлакатда лицензияга эга бўлмаган турли электрон платформалар фаоллиги ошиб бормоқда
Ўзбекистон фуқароларига крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ва айирбошлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, мамлакат ҳудудида хизматлар провайдерлари фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлмаган турли электрон платформалар фаоллиги ошиб бораётгани аниқланди. Бу ҳақда Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур платформалар крипто-активларни сотиб олиш, сотиш ёки айирбошлаш билан боғлиқ хизматларни таклиф этиб, Ўзбекистон ҳудудида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда серверларини ўрнатилишини кўзда тутмаган ҳолда фуқароларнинг шахсий маълумотларини сўраб олмоқда.
Шу билан бирга, улар крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳеч қандай юридик жавобгарликни ўз зиммаларига олмайди, транзакцияларнинг қонунийлигини, шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг шахсий маълумотларини тўғри сақланиши ва махфийлигини кафолатлай олмайди.
«Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ хизматлар провайдерлари лицензиясига эга бўлмаган электрон платформалар (крипто-биржалар ва электрон айирбошлаш майдончалари)дан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланган», — дейилади хабарда.
Агентлик фуқаролардан имкон қадар ҳушёр бўлишларига, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритиш учун ўрнатилган тартибда лицензияга эга бўлмаган электрон платформалар хизматларидан фойдаланмасликка ва эҳтиёт чораларини кўришларига, шу жумладан, шахсий маълумотларни сизиб чиқиши натижасида маълумотларнинг фирибгарлар томонидан фойдаланишга олиб келишига йўл қўймасликка чақиради.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 27 апрель кунги фармонига асосан жисмоний шахслар учун криптовалюта майнинги тақиқланганди.