Шавкат Мирзиёев Металлургия илмий марказини ташкил этиш таклифини берди

Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрига ташриф буюриб, металлургия тармоғининг ишлаб чиқариш қувватларида олиб борилаётган ишларни кўздан кечираётгани тўғрисида хабар берилганди. Давлат раҳбари матбуот хизматининг ёзишича, металлургия комбинатида 12 август куни ушбу соҳани ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу комбинат илгари мамлакатда қора металлургия соҳасидаги ягона корхона эди. Сўнгги беш йилдаги ислоҳотлар натижасида 200 та янги корхона ташкил этилган. Уларда 25 мингдан зиёд аҳоли меҳнат қилмоқда. Ўтган йилнинг ўзида соҳада 16 триллион сўмлик товарлар тайёрланган. Темир ва темир маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,8 баробар ўсиб, 2 миллион тоннадан кўпайган.

Шу билан бирга, Ўзбекистонда бунёдкорлик ишлари, саноат лойиҳалари ҳали кўп. Бугунги кунда барча соҳаларда йилига 4 миллион тонна қора металл ишлатилмоқда. Хусусан, металлга кетадиган харажатлар улуши уй-жой қурилиши таннархида 15 фоизни, машинасозликда 40 фоизни ташкил қилмоқда.

2026 йилга бориб, мамлакат иқтисодиёти эҳтиёжлари учун 6 миллион тоннага яқин металл керак бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. Қолаверса, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият, логистика занжиридаги узилишлар йирик металлургия корхоналари фаолиятига ҳам қийинчилик туғдирмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари бу шароитда фақат ўз металлургия саноатимизни жадал ривожлантириш орқали мақсадга эришиш мумкинлигини таъкидлаган. Бу борадаги тўртта асосий вазифа кўрсатиб ўтилган.

Биринчиси — металл ишлаб чиқарувчи корхоналарни хомашё билан кафолатли таъминлаш. Иккинчиси — барча ҳудудларда металл ишлаб чиқарувчи корхоналар ташкил бўлишини қўллаб-қувватлаш. Учинчиси — юқори қўшилган қиймат яратадиган саноат тармоқлари учун замонавий металл конструкциялар ишлаб чиқариш. Тўртинчиси — малакали кадрлар тайёрлаш, илм-фан ва инновацияни ривожлантириш.

Бош вазир маслаҳатчиси Б.Исломов мамлакатда 1,2 миллиард тонна темир рудаси захиралари борлигини қайд этган. Янги конларда, шу жумладан, Қораўзакдаги «Тебинбулоқ» конида олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳисобот берган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, соҳадаги корхоналарни ривожлантириш ва уларнинг негизида саноат кластерларини ташкил қилиш зарурлиги таъкидланган.

Президент ҳудудлардаги шундай корхоналар раҳбарлари билан мулоқот қилган. Уларнинг импорт қилинадиган металл хомашёси ва Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналарни божхона божидан озод қилиш, хорижлик малакали мутахассисларнинг мамлакатда ишлаши учун соддалашган виза бериш таклифларини кўриб чиқишга мутасаддиларга кўрсатма берган.

Учинчи йўналишга кўра, келгуси йилда 500 миллион долларлик маҳсулотларни маҳаллийлаштириш вазифаси қўйилган. Мутасаддилар бу борада 204 та лойиҳа таклифи ишлаб чиқилганини маълум қилган. Бу йўналишни қўллаб-қувватлаш мақсадида маҳаллийлаштирилган янги маҳсулотлар давлат корхоналари томонидан кафолатли харид қилиниши белгиланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент соҳада таълим ва илм-фанни ривожлантириш учун «Ўзметкомбинат»да Металлургия илмий марказини ташкил этиш, Геология университетида қора металлар илмий лабораторияси, Навоий кончилик ҳамда Тошкент техника университетлари қошида технопарклар очиш таклифини билдирган. Шунингдек, нуфузли хорижий компаниялар ва инжиниринг марказларида ёш мутахассислар малакасини ошириш зарурлиги таъкидланган.

Видеоселектор йиғилишида вилоят ҳокимлари, кон-металлургия комбинатлари жамоаси, тадбиркорлар ва хорижий ҳамкорлар иштирок этган.

Шуҳрат Абдураҳмонов «Янги Андижон»да ногиронлар учун яратилган шароитни қурувчиларнинг ўзида синаб кўрди — видео
Медиа, Янгиликлар12:53 | 30.11.22
Шуҳрат Абдураҳмонов «Янги Андижон»да ногиронлар учун яратилган шароитни қурувчиларнинг ўзида синаб кўрди — видео
Тошкент ерусти метросининг 19 та бекати номи ўзгаради
Янгиликлар12:36 | 30.11.22
Тошкент ерусти метросининг 19 та бекати номи ўзгаради
Ўзбекистонда декабрь бошидан ҳаво кескин совийди
Янгиликлар12:09 | 30.11.22
Ўзбекистонда декабрь бошидан ҳаво кескин совийди
Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочган Nexia ариққа тушиб кетди — видео
Медиа, Янгиликлар11:45 | 30.11.22
Тошкентда ЙПХ ходимларидан қочган Nexia ариққа тушиб кетди — видео
Тошкентнинг қатор кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланди
Янгиликлар11:28 | 30.11.22
Тошкентнинг қатор кўчаларида ҳаракат вақтинча чекланди
Тошкентда чақирув бўйича борган профилактика инспектори ўлдирилди
Янгиликлар11:04 | 30.11.22
Тошкентда чақирув бўйича борган профилактика инспектори ўлдирилди