Афғонистонда нега қизлар учун мактаблар ёпилган?
«Толибон» расмийси бунга жавоб берди
Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид ўқувчи қизлар учун мактаблар диний масалалар бўйича ёпилгани ва бу борада ислом уламоларининг келишувига эҳтиёж борлигини айтди. Бу ҳақда «Tolo News» хабар берди.

Мужоҳиднинг сўзларига кўра, Ислом Амирлиги раҳбарияти қизлар мактабларини қайта очишга ҳаракат қилмоқда. Афғонистон бўйлаб кўплаб исломий уламолар қизлар мактабларини қайта очишга чақирган.
Мужоҳид нутқи Афғонистоннинг собиқ президенти Ҳамид Карзайнинг қизлар мактабларини қайта очиш бўйича айтган сўзларига жавобан айтилган.
«Агар Покистоннинг кўрсатмаси бўйича иш қилганимизда, мактаблар ва бошқа муаммолар аллақачон ҳал бўлган бўлар эди. Бу диний масала ва у ислом уламосининг келишувига муҳтож», — деган Мужоҳид.
У уламоларининг мактаблар ҳақидаги қарорига қарши чиқиш салбий оқибатларга олиб келишини қайд этган.
«Агар муаммо ҳижобда бўлса, Афғонистон халқи биринчи навбатда ҳижобга риоя қилган ва ҳали ҳам мусулмон. Муаммо таълим ўқув дастурида бўлса, мутасаддилар муаммо халқ ва уламолар ёрдами билан ҳал бўлишини айтиши керак», — дейди афғонистонлик ўқитувчи Иброҳим Иршод.
Аввалроқ «Толибон» ҳаракати ОТМда қизлар қандай ўқиши ҳақида маълумот берганди. Шунингдек, Афғонистонда қизлар учун махфий онлайн мактаб очилгани маълум қилинган.