Бугун оқшоми. «Катта самолёт» қабул қилолмайдиган Андижон аэропорти, Тошкентда навбатдаги дарахт «қотиллиги», Трампнинг уйидан топилган «ўта махфий» ҳужжатлар

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Дарахтларга кел(тирил)аётган «қирон»: Тошкентда дарахт илдизига қасддан зарар етказган ходимга жарима белгиланди.

Пойтахтнинг Олмазор тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида жойлашган манзилда бир туп дарахтнинг таг қисми очилиб, унинг илдиз қисмига зарар етказилган. Бу ишни «Chorvoq Business 700» МЧЖ ходими томонидан амалга оширилган.

Фото: Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Ҳолат юзасидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жарима белгиланган. Ҳозирда дарахт илдизларини аготехник тадбирлар асосида парваришлаш ва тупроқ билан кўмиш ишлари олиб бориляпти.

Скриншот: «Orginfo.uz»

«Ogrinfo.uz» сервиси маълумотларига қарайдиган бўлсак, «Chorvoq Business 700» Тошкент вилоятида рўйхатдан ўтган, меҳмонхона ва шунга ўхшаш яшаш жойлари билан шуғулланади. Таъсисчиларидан бири ва раҳбари — Элёр Рахметов бундан бошқа яна 3 та МЧЖга раҳбарлик қилади.

Бир пайтлардаги интернет қаҳрамони Андижонга нисбатан шундай универсал сўз айтиб кетганки, уни ўша вилоятга боғлаб ҳар қандай ҳолатда ишлатса бўлади: «Андижонда шундай аэропортларимиз бор экан, биз билмай юрган эканмиз».

Фото: «Bugun.uz»

«Ўзбекистон ҳаво йўллари»нинг Тошкентдан Андижонга учган самолёти «инновацион» йўл тутиб, Наманганга қўниб, йўловчиларни автобусда манзилига етказгани ҳақида хабар берилганди (айтганча, бу биринчиси эмас, бу ўша «зулмат даври»да (бу бошқа, бу яқиндагиси), яъни блэкаут пайтида ҳам худди шу иш бўлган, буни блогер Нурбек Алимов ҳам тасдиқлаяпти). Авиакомпания матбуот хизмати тилга кирди — ҳаммасини гапириб берди, ҳамма айб аэропортда экан.

Унга кўра, Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишидаги HY-091/092 рейслари «Boeing 757» ҳаво кемасининг техник носозлиги сабабли белгиланган йўналиш бўйича парвозни амалга ошира олмаган. Андижон халқаро аэропорти «Airbus A321neo» ҳаво кемасини қабул қилиш имконияти йўқлиги сабабли парвоз Тошкент—Наманган—Тошкент йўналишига ўзгартирилган.

Авиакомпания айримларнинг курсисидан кўра мўрт бўлган аэропортда кузатилган ҳолат сабабли юзага келган вазият учун йўловчилардан узр сўраган. Йўловчиларда эса қуйидагича ҳолат эканмиш.

Скриншот: Twitter

Бугун — шанба — дам олиш куни (агар сиз бугун ҳам ишлаётган бўлсангиз, асло сиқилманг, овуниш учун бизнинг эртага навбатчилиги бўлган ходимларимизни эсланг, албатта, буларнинг барчаси сиз учун). Шу сабабли хабарлар оқими сал тинган, биз ҳам бугун эълон қилинган хабарларни қисқа форматда келтирамиз («ZIP»нинг сал каттароқ ҳажмдагиси).

  • Ўзбекистонга 2022 йилнинг июль ойида 540,7 минг нафар чет эл фуқаролари туристик мақсадларда ташриф буюрган. Уларнинг энг кўпи — 181,8 минг нафари қўшни Қозоғистондан келган;
  • 2022 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда мобил абонентлар сони 25 миллион 857 мингтага етган. Кўрсатгич ўтган йилгига нисбатан 1 миллионга яқин фойдаланувчига кўпайган;
  • Ўзбекистон сув омборларида 9,6 миллиард метр/куб сув захираси мавжуд. Бу ўтган йилга нисбатан 1,5 миллиард метр/куб кўп;
  • Шавкат Мирзиёев қурилиш соҳаси ходимларига табрик йўллади. Президент ҳозирда қарийб 2 мингта ижтимоий объектда қурилиш олиб борилаётганини таъкидлади;
  • Ер сатҳидан 2250 метр баландликдаги Ғелон қишлоғи — суратларда;

Хўш, оламда нима гап?

Трампнинг уйидан «ўта махфий» ҳужжатлар тўплами топилди. Улардан бири Франция президенти ҳақидаги маълумотлардан иборат бўлган.

АҚШда Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) ходимлари мамлакатнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг мулкини тинтув қилиш чоғида 11 та махфий ҳужжатлар тўпламини топди.

Фото: «Getty Images»

Ҳужжатларнинг баъзиларида «ўта махфий» белгиси қўйилган ва улар фақат махсус давлат муассасаларида сақлашга мўлжалланган. Федерал хавфсизлик хизмати Трамп томонидан айғоқчилик ва терговга тўсқинлик қилиш тўғрисидаги қонуннинг бузилиши эҳтимоли бўйича текширув ўтказмоқда, бу эса сиёсатчини қамоққа олиш ёки жаримага тортилиши мумкинлигини англатади.

Қидирув ордерига кўра, Трампда ҳукумат сирининг энг юқори даражаларидан бири бўлган «TS/SCI» белгиси ва «Франция президенти ҳақидаги маълумотлар» белгиси бўлган ҳужжатлар топилган.

Сиёсатчи ҳужжатларни йўқ қилишга уриниш, терговга тўсқинлик қилиш ва жосуслик ҳақидаги қонунни бузишда гумон қилинмоқда. Ҳужжатлар АҚШ Адлия вазирлиги талаб қилганидек, 17 август куни кечқурун оммага эълон қилиниши кутилмоқда.

Трампнинг матбуот котиби Тейлор Будовичнинг айтишича, ФҚБнинг ҳаракатлари кераксиз. У АҚШ расмийлари «ҳукуматдан ўзларининг ҳукмрон сиёсий рақибига қарши қурол сифатида фойдаланишга уриниб, ёлғон ва иғволарни тарқатаётганини» айтган.

Дайжестнинг сўнггида кўзларингизга гўзаллик илинамиз: Қозоғистонда Марказий Осиёдаги энг катта масжид очилди. Суратлари тўлиқ шу ерда.

Фото: «Tengrinews»
Фото: «Nur.kz»
Фото: «Informburo.kz»
Фото: «Muslim.uz»

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Жамият22:02 | 27.9.22
Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Жамият21:39 | 27.9.22
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Жамият21:00 | 27.9.22
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият20:54 | 27.9.22
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Жамият20:13 | 27.9.22
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Жаҳон19:23 | 27.9.22
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди