Деҳқонободда коврак масаласидаги жанжал бўйича қўшимча маълумот берилди
Тортишув икки қишлоқ аҳолиси эмас, икки корхона ишчилари ўртасида келиб чиққан
Қашқадарё вилоят Деҳқонобод туманида иккита қишлоқ аҳолиси ўртасида каврак сабаб жанжал юз бергани хабар қилинганди. Маълум бўлишича, тортишув икки корхона ишчилари ўртасида келиб чиққан.

Жанжал «Н.С.» хусусий корхонаси ишчиси ва Деҳқонобод кавракчилик кластери ходими ўртасида содир бўлган. Жанжалга каврак ширасини йиғиб олиш бўйича берилган квотадаги англашилмовчилик сабаб бўлган. Мазкур ҳолат туман ИИБ томонидан ўрганилиб, қонуний тўхтамга келиш учун дастлабки тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Туманда фаолият юритаётган «N.S.» хусусий корхонасига туман ҳокимининг 2015 йил 4 февралдаги қарорига асосан «Куҳистон ковраги» ўсимлигини кўпайтириш ва доривор ўсимликлар етиштириш мақсадида 450 гектар ер майдони 42 йил муддатга ижарага ажратиб берилган.
Бу ҳақда 2015 йил 26 май куни ижара шартномаси тузилиб туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан ер майдонлари жойида ўлчаб, хариталаштирилган. Узоқ муддатли шартнома Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 7 январдаги қарори асосида «Ермулккадастр» ДК томонидан 2015 йил 26 май куни давлат рўйхатидан ўтказилган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 декабрдаги қарорига асосан Давлат кадастрлари палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси томонидан Кадастр ва кўчмас мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш интеграцион ахборот тизими орқали 2021 йил 6 декабрь куни давлат рўйхатидан ўтказилган.
Кейинчалик туманда фаолият юритиб келаётган «N.S.», «N.S.F.» ХК, «Q.M.», «B.B.O.», «M.R.», «P.W.E.» корхоналарининг суд органларига қилган даъво аризаларига кўра юқорида қайд қилинган 6 та субъектга ажратилган жами 2826 гектар ер майдони тегишли суд органлари қарорларига асосан қўмита ҳисобидан қайтариб берилган.
Айни пайтда ҳолат Экология қўмитаси, вилоят Экология бошқармаси ва туман бўлими, туман ҳокимлиги, туман прокуратура, адлия, туман ИИБ, туман қишлоқ хўжалиги бўлими, туман меҳнат ва бандлик бўлими, кадастр палатасининг туман филиали масъуллари иштирокида ўрганилмоқда.
Аввалроқ Самарқандда бир гуруҳ эркаклар ўртасида жанжал содир бўлганди. Шунингдек, Қашқадарёдаги шифохонада 18 июль куни фуқаролар ўртасида муштлашув юз берганди.