12:33 | 14.08.22 67

Жиззахдаги тўйда куёвнинг қариндош ва дўстлари жанжаллашиб кетди

Ҳодиса оқибатида бир киши жароҳатланган

Жиззах вилояти Жиззах шаҳридаги тўйда куёвнинг қариндош ва дўстлари жанжаллашиб кетди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 11 август соат тахминан 22:30 да шаҳарнинг Заргарлик маҳалласида тўй пайти куёвнинг қариндош ва дўстлари ўртасида даҳанаки тортишув рўй берган. Тўйдан сўнг куёвнинг бир неча «дўст»лари Учариқ маҳалласи ҳудудида аввалроқ улар билан гап талашган куёвнинг қариндоши С.К.га тан жароҳати етказган.

Оқибатда жабрланувчи касалхонада биринчи тиббий ёрдам олган. Шифокорлар белгиланган тартиб асосида ҳолатни рўйхатга киритиб, воқеа ҳақида ички ишлар органларига хабар берган. Ўша заҳотиёқ ички ишлар органлари тергов тезкор гуруҳи шифохонага етиб бориб, жабрланувчи билан мулоқот ўтказган ва гумонланувчиларни ички ишлар бўлимига келтириш чоралари кўрилган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан Жиззах шаҳри Раваллиқ маҳалласида яшовчи С.У., Оққўрғонлик маҳалласида яшовчи Ж.М., Учариқ маҳалласида яшовчи Б.М., Ф.Э., У.К. Т.О ҳамда муқаддам судланган Т.К., Жиззах шаҳрининг Маданият маҳалласида яшовчи А.С. га нисбатан Жиноят кодексининг 277- моддаси (Безорилик) 2- қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Нишон туманидаги тўйда куёвнинг жўраси пичоқланганди. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳридаги тўйхонада бир киши бир неча киши томонидан пичоқлангани ҳақида хабар тарқалди. Вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирганди. Шунингдек, Навоий шаҳрида маст ҳолда жанжаллашаётган икки фуқарони ажратмоқчи бўлган эркак пичоқланганди.