0:47 | 14.08.22 142

Сирдарёда дарахтлар таги бетонлаб ташлангани аниқланди

Вилоят Экология бошқармаси воқеа жойида ўрганиш ўтказди

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги бозор ҳудудида дарахтларнинг таги бетонлаб ташлангани аниқланди. Вилоят Экология бошқармаси ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Фото: Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳабар юзасидан Гулистон шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими инспекторлари ҳамда ички ишлар бўлими ходимлари томонидан воқеа жойига бориб ўрганиш ишлари олиб борилган.

Ўрганиш давомида Гулистон шаҳар 3-мавзе бозорча ҳудудида бир нечта дарахтларнинг таг қисми бетонлаб ташланган ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан дўкон эгаларини топиб дарахтларнинг таг қисмлари очилиб, муаммо бартараф қилинган.

Фото: Сирдарё вилояти Экология бошқармаси ахборот хизмати

Бундай ҳолат такрор содир этилмаслиги юзасидан давлат инспекторлари томонидан тарғибот ишлари олиб борилган. «Шу ўринда хурматли тадбиркорларимиздан бизга тоза ва мусаффо ҳавони етказиб бераётган яшил дарахтларимни асраб авайлашларини сўраб қолардик», дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри Чилонзор тумани ҳудудида юзлаб дарахтларнинг илдизи шикастлангани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура маълумотига кўра, Чилонзор кўчасини реконструкция қилиш жараёнида дарахтларга зарар етказилганлиги ҳолати текширилган. Мутахассислар томонидан Чилонзор шоҳ кўчасидаги қурилиш ҳудудида мавжуд бўлган 108 та дарахтлар аҳволи ўрганилган.

Ўрганишда 7 дона эман дарахтининг томир қисми очилиши оқибатида шикаст етказилгани ҳамда дарахтлар хавф остида қолгани аниқланган. Мутахассисларга кўра, ушбу ҳолатда зудлик билан чоралар кўрилмаган тақдирда шикаст етказилган дарахтлар қуриши оқибатида табиат ва атроф муҳитга 348,9 миллион сўм зарар етказилишига олиб келиши мумкинлиги кўрсатилган.

Президент Администрасияси раҳбари Сардор Умурзаков бошчилигида ўтказилган селектор йиғилишида 7 август куни Тошкент шаҳрида рўй берган ва аҳолининг кескин норозилигига сабаб бўлган дарахтларнинг нобуд қилиниши масаласи қаттиқ танқид остига олинган.

Президент топшириғига асосан Чилонзор тумани ҳокими Шавкат Мавлонов ва прокурори Иззат Бозоров лавозимидан озод этилган. Шунингдек, масъулиятсизликка йўл қўйгани учун пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ва прокурори Улуғбек Қосимовга қаттиқ ҳайфсан берилган.