Бугун оқшоми. Саудия Арабистонига борадиган Президент, тарвуздан заҳарланиб вафот этган эр-хотин, Қуръони Каримнинг ўғирланган қўлёзма нусхаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ушбу ҳафтада тарихий воқеа содир бўлади: Президент 30 йил ичида биринчи марта давлат ташрифи билан Саудия Арабистонига боради. Макка ҳам зиёрат қилинади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентнинг бу ҳафтадаги иш графиги бироз бошқача ва тарихий бўлади: 17-18 август кунлари Шавкат Мирзиёев Икки Муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауднинг таклифига биноан давлат ташрифи билан ушбу мамлакатга боради. Бу охирги 30 йил ичида давлат раҳбарининг ушбу мамлакатга илк ташрифи бўлади.

Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ Жидда шаҳрида олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади. Уларда мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинади. Алоҳида эътибор «яшил иқтисодиёт», юқори технологиялар ва рақамлаштириш, инновациялар, кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳаларига қаратилади. Саммит якунида икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами имзоланиши кутилмоқда.

Шу билан бирга Президент Маккаи Мукаррама ва Мадинаи Мунавварани зиёрат қилиши режалаштирилган.

Шу ташриф сабаблими ёки бошқа, Президентнинг тадбиркорлар билан учрашуви 22 август кунига кўчирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг бу йилги тадбиркорлар билан учрашуви 20 август — Тадбиркорлар кунида эмас, 22 август куни ўтказилиши мўлжалланган. Қайд этилишича, бу ҳам давлат раҳбари тадбиркорлар билан учрашиб, соҳадаги муаммо ва вазифаларни таҳлил қилади, бизнес вакилларининг таклиф ва ташаббуслари билан танишиб, янги ечимларни кўрсатади, тадбиркорлик ривожига хизмат қиладиган қарорларни қабул қилади.

Диққат, огоҳликка чақирувчи хабар: Наманганда эр-хотин тарвуздан заҳарланиб вафот этди. Яна 4 нафар оила аъзоси шифохонада.

Қайд этилишича, 11 август соат 09:30 ларда Норин тумани, «Катта яйдоқ» МФЙ, Ғофур Ғулом кўчасида фуқаролар Ж.Х., унинг турмуш ўртоғи М.Э. ва фарзандлари Г.Х., Р.Х. ҳамда набиралари С.Р., У.Р. ўз яшаш хонадонида овқат ва 2022 йил 7 август куни туман деҳқон бозори олд қисмидан сотиб олган ҳамда икки кун музлаткичда сақлаб, 2022 йил 9 августда истеъмол қилган тарвуз маҳсулотидан заҳарланган.

Фото: «Bugun.uz»

Оқибатда Ж.Х. ва унинг турмуш ўртоғи М.Э. яшаш хонадонида вафот этган. Фуқаро Г.Х., Р.Х. ва уларнинг фарзандлари туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.

Норин туманлараро СТЕБнинг 2022 йил 11 августдаги 71 ва 72-сонли дастлабки маълумотига кўра, марҳум Ж.Х. ва М.Э.нинг ўлимига — номаълум агентдан (овқат маҳсулотидан) заҳарланиши, ички аъзолар шок ҳолати, қоннинг суюқ ҳолда бўлиши, сурункали юрак ишемик касаллиги, ўткир мия ўпка шиши, ўткир юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлгани кўрсатилган.

Фуқаро Ж.Х. ва М.Э.нинг вафот этгани, фуқаро Г.Х. ва унинг фарзандлари ҳамда синглиси Р.Х. заҳарлангани сабабига аниқлик киритиш махсус билим талаб қилишини инобатга олиб, суд-тиббий экспертиза тайинланди.

Тошкент метросининг «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида ҳаракат вақти қисқаради.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, 2022 йил 16 августдан 5 сентябрга қадар йўлларни кўрикдан ўтказиш ва бажаралиши лозим бўлган техник ишлар амалга оширилади. Шу сабабли «Ерусти ҳалқа йўли» йўналишида поездлар ҳаракати соат 05:00 дан 23:00 гача амалга оширилади.

Ўзбекистонга хориждан ўқишини кўчириш бўйича аризаларни таҳрирлаш ва тўлов учун қўшимча муддат берилди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, кўп сонли талабалар ва уларнинг ота-оналари мурожаатларини инобатга олиб, my.dtm.uz сайти орқали онлайн рўйхатдан ўтган, бироқ камчиликлар сабабли рад этилган аризаларни таҳрирлаш ва белгиланган тўловни амалга ошириш учун қўшимча бир кун берилган.

«Аризаси рад этилган талабалар ҳужжатларни 16 август 18:00 га қадар таҳрирлаб, тўловини амалга оширган ҳолда қайтадан юборишлари мумкин», дейилади хабарда.

Ўзбекистонда жазони ижро этиш тизими ходимлари бодикамералар билан таъминланади.

Фото: Ички ишлар вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан Жазони ижро этиш тизими ходимларининг шахсий видеорегистраторлар (бодикамералар) билан таъминланган ҳолда хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, ҳар кунлик иш фаолиятини олиб бораётган ёки кунлик хизматга жалб этилган ходим маҳкумларни узлуксиз назорат қилиш ҳамда улар томонидан жиноят ва тартиббузарликлар содир этилишини аниқлаш учун бодикамералар билан таъминланади. Бодикамера билгаланган ҳоллардагина ишлатилади, улар билан ушбу манзилда танишиб чиқишингиз мумкин.

Андижонда талаба ётоқхона ҳожатхонасида ўзини осиб қўйди.

Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Андижон машинасозлик институтининг «Логистика» йўналиши 2-босқич талабаси Б.Қурбоновнинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: «Bugun.uz»

Аниқланишича, Тошкент вилояти Бўка туманида 1999 йилда туғилган Қ. Д. Б Андижон машинасозлик институти талабалар ётоқхонасига 5 август куни бир ўзи келиб, тунаб қолган. Эртаси куни, яъни 2022 йилнинг 6 август куни соат тахминан 09:30 да Андижон машинасозлик институти талабалар ётоқхонасининг хожатхонаси эшигига кабел симидан сиртмоқ ясаб ўзини осиб ўз жонига қасд қилган.

Қ. Д. нинг ўз жонига қасд қилганлиги ҳолати бўйича ўлим сабабини аниқлаш юзасидан судга оид тиббий ҳамда суд-биологик экспертизаси тайинланган. Шаҳар прокуратураси томонидан унинг ўз жонига қасд қилиши сабаблари аниқланмоқда. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Наманган вилояти Чортоқ туманидаги зиёратгоҳдан Қуръони Карим китобининг қўлёзма нусхаси ўғирлаб кетилди.

Фото: «Bugun..uz»

Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 9 август кунидан 10 август кунига ўтар кечаси соат 00:04 да номаълум шахслар Чортоқ тумани Балиқкўл МФЙда жойлашган «Султон Увайс Қараний» зиёратгоҳида мавжуд бўлган Қуръони Карим китобининг қўлёзма нусхасини ўғирлаб, номаълум томонга яширинган.

Мазкур ҳолат Наманган вилояти прокуратураси ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан назоратга олиниб, Чортоқ тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми «в»,«г» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноятни содир этган номаълум шахсларни қидириб топиш юзасидан ташкил этилган гуруҳ томонидан тезкор-қидирув ишлари олиб борилмоқда.

Хўш, оламда нима гап?

Ерни кетма-кет магнит бўронлари қоплайди. 

Фото: «The Conversation»

Россия Фанлар академияси Лебедев номидаги физика институтининг рентген қуёш астрономияси лабораторияси олимлари Ерга яна бир магнит бўрони яқинлашиб келаётганидан огоҳлантирди. Магнит бўронлари 17 август куни кузатилиб, унинг кучли бўлмаслиги айтилган. Мутахассислар ҳодиса икки кун, яъни 18 ва 19 августгача давом этишини таъкидлаган. Бўрон G1 сингида, кучсиз бўлишига қарамай, асаб тизими заиф ва руҳий касалликларга чалинган одамларнинг соғлиғига таъсир қилиши мумкин.

Келажак шу ерда, яъни биздан сал нарироқда: Хитойда дунёдаги биринчи осма темир йўл ишга тушди. 

Хитойда дунёдаги биринчи магнитли осма темир йўл фойдаланишга топширилди. Маълум қилинишича, ноодатий темир йўли Цзянси провинциясида жойлашган. Темир йўл линиясининг узунлиги 800 метр, Ердан баландлиги 10 метрни ташкил қилади. Механизм доимий магнитлар билан ишлайди ва 88 йўловчига эга поездни кўтара олади.

Поезд рельс остида соатига 80 километр тезликда ҳаракатланаётганлиги сабабли темир йўл билан жисмоний алоқа йўқ. Цзянси фан ва технология университети мутахассисларининг фикрича, ишқаланиш бўлмаса, поездни ҳаракатлантириш учун фақат оз миқдорда электр энергияси керак бўлади ва бундай йўлни қуриш қиймати метро линиясини қуриш нархининг ўндан бир қисмини ташкил этади.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Жамият18:11 | 25.9.22
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Жамият17:16 | 25.9.22
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Жамият16:14 | 25.9.22
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Жаҳон15:14 | 25.9.22
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди
Жаҳон13:14 | 25.9.22
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди
Тошкентда 143-сонли автобус йўналиши ўзгартиритилди
Жамият, Тошкент ш.12:24 | 25.9.22
Тошкентда 143-сонли автобус йўналиши ўзгартиритилди