Андижонда банкнинг собиқ ходимлари банкомат пулларини ўзлаштиргани аниқланди
Улар учта банкоматдаги 111 млн сўмни ўзлаштирган
Андижон вилояти Булоқбоши туманида банкоматларга жойлаштириш учун ажратилган нақд пулларни ўзлаштирган собиқ банк ходимлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Булоқбоши тумани бўлими томонидан АТ «Халқ банки» Андижон вилоят филиалининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Текширувда АТ «Халқ банки» Булоқбоши филиали кассири ҳамда бухгалтер назоратчиси вазифаларида ишлаган И.М. ва Ш.Ш. 16-25 июль кунлари ўзларига бириктирилган учта банкоматга нақд пулларни жойлаштириш вақтида жами 111 миллион сўмни ўзлаштириб олгани аниқланган.
Текширув давомида етказилган зарарнинг тўлиқ қопланиши таъминланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Тошкентда банкоматдан салкам 400 миллион сўм ўғирлаган 4 киши ҳибсга олингани ва банкоматдан пул ўғирламоқчи бўлган 21 ёшли йигит ушлангани айтилган.