Британия мактабларида 3 кунлик ўқув ҳафтаси жорий этилиши мумкин
Буюк Британияда мактаб раҳбарлари ўқитувчиларнинг юқори маошларини таъминлаш ва электр тўловларини камайтириш учун уч ёки тўрт кунлик ўқув ҳафтасини жорий этиши мумкин. Бу ҳақда «The Telegraph» хабар берди.

Маълум қилинишича, директорлар, васийлар ва губернаторлар ёзги таътил пайтида мактабни кузги семестрда қандай сақлаб қолишни ҳал қилиш учун «инқироз учрашувлари» ўтказмоқда. Cентябрда ўқитувчиларнинг иш ҳақи ошиши мактаб бюджетига таъсир қилиши, бунинг фонида энергия харажатлари 300 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Қиролликдаги 17 та мактабни молиялаштирадиган трест бош директори Марк Жордан пулни тежаш мақсадида уч кунлик ўқув ҳафтасини жорий этиш ҳақида гапирилаётганини айтган. Агар тўрт кунлик ҳафтани жорий этиш варианти ҳали кўриб чиқилмаган бўлса, бу инфляция ва бошқа иқтисодий омилларнинг ўсиши фонида албатта муҳокама қилиниши айтилган.
Маълумот ўрнида, Британияда 2019 йилда ўнлаб мактаблар ўқув ҳафтасини вақтинча қисқартирган, чунки улар болаларни тўлиқ беш кун давомида ўқитишга қурби етмаслигини айтган.
Аввалроқ Британияда дўконларда сув сотиб олишга ва аҳолининг сувдан фойдаланишига чеклов қўйилганди. Испанияда расмийлардан энергияни тежаш учун бўйинбоғ тақмаслик сўралган, Германияда аҳолига газни тежаш учун кўлларда сузиш тавсия қилинган.
Германия президенти саройи электрни тежаш учун ёритгичлардан узилиши маълум қилинган. Шунингдек, Японияда энергияни тежаш режими жорий этилган. Францияда эса эшик очиқ ҳолда кондиционер ёққанларга жарима белгиланганди.