Фарғонада ўзини ДХХ ходими сифатида таништирган мактаб «замдиректор»и ушланди
У халқ таълими бўлими мудиридан 15 млн сўм пул талаб қилган
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги умумий ўрта таълим мактабларидан бирининг директор ўринбосари Т.И. товламачилик йўли билан вилоятдаги туманлардан бирининг халқ таълими бўлими мудири У.Р.дан пул олаётганда ушланди, деб хабар беради ЎзА.

Аниқланишича, Т.И ўзини туман халқ таълими бўлими мудири У.Р.га «ДХХ вилоят бошқармаси масъул ходими» сифатида таништириб, унинг устидан ариза тушганини маълум қилган. Бўлим мудири ҳар ойда мактаб директорларидан пул талаб қилиб келаётганини, яқинда юқори лавозимга қўйилган аёлдан катта миқдорда пора олганини исботловчи аудио ва видео ёзувлар борлигини айтиб, уни жавобгарликдан қутқариб қолиш эвазига 15 миллион сўм талаб қилган.
ДХХ Фарғона вилояти бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ходимлари билан ўтказилган тадбирда Т.И. кўрсатиб ўтилган миқдордаги пулни олаётган вақтида далилий ашё билан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан Т.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ ДХХ ўзини ДТМ ходими дея таништириб, ўқишни кўчириб бериш учун 3 минг доллар олган йигитни ушлагани, ДХХ ўзини прокуратура ходими деб таништирган собиқ ИИБ ходимини қўлга олгани тўғрисида хабар берилганди.