Британия разведка самолёти Россия чегарасини бузганини рад этди
Воқеа аслида қандай бўлгани айтилди
Россия Мудофаа вазирлиги Британиянинг электрон разведка ва электрон уруш RC-135 самолёти Святой Нос ярим ороли ҳудудида унинг чегарасини бузганини хабар қилганди. Буюк Британиянинг мудофаа расмийси мазкур даъвони рад этди.

Унга кўра, Буюк Британия Қироллик ҳаво кучлари самолёти Норвегия ва Баренц денгизлари устидаги халқаро ҳаво ҳудудида «мунтазам миссия»ни олиб борган. Вазирлик мулозими Британия самолёти учувчилари Россия фуқаролик авиадиспетчерлар билан алоқада бўлиб, хавфсиз ва профессионал тарзда ҳаракат қилганини айтган. Бироқ, Россия қирувчи самолётлари хавфли учрашувни амалга оширгани таъкидланган.
«Россиянинг ‘МИГ-31’ самолёти 15 август, душанба куни Норвегия ва Баренц денгизлари устида халқаро ҳаво ҳудудида стандарт операцияни бажараётган ‘RAF RC-135W Rivet Joint’ самолёти билан хавфли учрашувни амалга оширди», дейилади Британия Мудофаа вазирлиги хабарида.
Таъкидланишича, Британия самолёти Россия суверен ҳудудига бостириб кирмаган ва кейинчалик Буюк Британиядаги базасига эсон-омон қайтган.
Аввалроқ Британия ҳаво кучларини Россия билан урушга тайёрланишга чақирганди. Шунингдек, Британия разведкаси Россиянинг қуролланиш билан боғлиқ муаммосини маълум қилганди.