«Қизларни ўқитиш керак». БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан суҳбат

Хотин-қизларнинг зўравонликка учраши бутун дунёдаги энг долзарб муаммолардан ҳисобланади. «Bugun.uz» нашри шу мавзуда БМТ Тараққиёт дастури (ТД)нинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска билан суҳбатлашди.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий вакили Матильда Димовска
Фото: БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси

Жаҳон миқёсидаги статистика ва умумий тенденцияларга назар ташланса, оилавий зўравонликдан асосан аёллар жабр кўраётгани маълум бўлади. Яъни бу бутун дунёдаги энг долзарб муаммолардан бири. Хотин-қизлар билан боғлиқ бундай жиддий муаммонинг негизи ва уни тобора ортиб бориши сабабини нима билан боғлиқ деб ўйлайсиз?

Aйрим мамлакатларда аёлларга нисбатан зўравонлик жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Дунё миқёсида ҳар уч аёлдан бири жисмоний ёки жинсий зўравонлик яқин шериги ёки шерик бўлмаган шахс томонидан жинсий зўравонликни бошдан кечирган. Зўравонлик ҳолатлари кўпайганми ёки бундай ҳолатларни аниқлаш яхшиландими – бу, ҳозирча, номаълум. Илгари ахборот ва тегишли маълумотлар бўлмагани сабабли, бу муаммо гўёки мавжуд эмасдек ёки шунчалик кичкина бўлиб туюлганки, у тизимли феномен эмас, балки қандайдир алоҳида бахтсиз ҳодисалар сифатида талқин этилган.

Муаммонинг сабаблари ёки илдизига келсак, биринчи навбатда, куч номутаносиблиги ҳақида гапириш лозим. Зўравонлик, асосан, позицияси кучсизрок ва ҳимоясизроқ бўлган шахсга нисбатан қўлланади. Кўп ҳамжамиятларда бундай вазиятга болалар ва аёллар дучор бўлади. Бу каби ҳимоясизлик, аввало, жабрланувчиларнинг зўравонликка қўл уришга қодир бўлган ва бундан тап тортмайдиган шахсларга нисбатан қарамлигидан келиб чиқади. Шу боис жабрланувчилар ўз ҳаёти, зарур ресурслар ва танлаш имкониятини ўзи назорат қилиши ва тасарруф этиш имкониятига эга бўлишини таъминлаш учун биз бу каби қарамликка барҳам бериш ва зўравонликдан жабрланганларга тизимли ва тузилмавий имкониятларни тақдим этишга интилишимиз зарур.

Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир бир қанча қонун ҳужжатлари, қарорлар қабул қилинмоқда. Ёрдам марказлари ташкил қилинган. Шунга қарамай, аёллардан айримлари муаммога сўнгги ечим сифатида ўз жонига қасд қилишни афзал билаётгани ҳақида қандай фикрдасиз?

Қонунлар ишлаши учун уларни амалга ошириш механизмлари ҳамда тизимли ва кўп тармоқли саъй-ҳаракатлар талаб этилади:

Биринчидан, ҳимоя механизмларидан фойдаланиш қулайлиги — шахс, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишга мўлжалланган бошпаналарнинг яқинлиги.

Иккинчидан, турли органлар ўз фаолиятини тизимли тарзда йўлга қўйиши: оиладаги зўравонликдан ҳимоя қилиш жараёнига нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки мактаблар ва соғлиқни сақлаш муассасалари ҳам жалб этилиши керак.

Учинчидан, самарали ижтимоий ҳимоя тизими зарур, негаки оиладаги зўравонликдан болалар ҳам азият чекади.

Тўртинчидан, реабилитация жараёнида жабрланувчилар қўллаб-қувватлашга эҳтиёж сезгани боис бошпаналарнинг вазифаси фақатгина жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолиш билан чекланмасдан, балки уни жамиятга реинтеграция қилишни (масалан, иқтисодий мустақиллик учун малака ёки касбларга ўргатиш) ҳам ўз ичига олиши керак.

Гап шундаки, қонун ва қарорлардан ташқари яна кўплаб омиллар мавжуд. Улардан бири бу – турфа хил давлат ва нодавлат субъектлари қамраб олинган тизимни шакллантириш йўлида пухта ва тизимли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш зарурлиги. Бу каби субъектларга жумладан болалар боғчалари, мактаб ўқитувчи ва ходимлари; шифокор ва ҳамширалар; ички ишлар ходимлари; судьялар кириб, улар гендер асосидаги зўравонликдан (ГЗ) жабрланганларни қўллаб-қувватлайди, ГЗ ҳолатини аниқлаш, унинг олдини олиш ва унга қарши курашишда ўзининг тегишли вазифаларини бажаради.

Бошпана ва ресурс марказлари уй-жой ва хавфсизлик билан таъминлаш, психологик реабилитация, янги кўникмалар орттириш ва муносиб иш топишда ёрдам беради. Нодавлат субъектлари, шу жумладан ОАВ, жамоат фаоллари ва кенг жамоатчилик ГЗ га қарши тарғибот-ташвиқот ишларини амалга ошириши, ГЗ ҳолатлари тўғрисида хабар бериши, жабрланувчиларни қўллаб-қувватлаши зарур. Буларнинг бари уйғун бир тизим кўринишида ишлагандагина ГЗ ҳолатлари камаяди.

Ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари алоҳида ва оғриқли мавзу. Инсон ҳуқуқлари тизимида инсон ҳаётига энг асосий қадрият сифатида қаралади. Бинобарин, аёллар умидсиз аҳволга тушиб қолмаслиги ва ундан чиқиб кетиш йўли борлигини англаб етиши учун ҳимоя тизими самарали ва изчил ишлаши керак. Бунда турли омиллар, жумладан, биринчи навбатда, хавфсизлик ва яқинлар томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисси йўқлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишдан қўрқиш, ёрдам сўраб мурожаат қилгани учун жамият томонидан камситилиш ёки қораланишдан қўрқиш ҳисобга олиниши лозим.

Оиладаги зўравонлик аёллар ва болаларни ҳимоясиз вазиятга тушириб, уларнинг руҳий саломатлигига бевосита таъсир қилади. Кўпинча, ўз жонига қасд қилишнинг сабаби айнан тушкунлик билан боғлиқ бўлади. Руҳий саломатлик — инсон фаровонлигининг ўта муҳим омили бўлиб, замонавий жамиятда психологик ҳолатга нисбатан бефарқлик билан қараш ярамайди; унга тизим ва жамиятнинг алоҳида эътиборини қаратиш зарур.

Хотин-қизлар улар ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлган жойлар борлигини тушуниб етиши муҳим. Aёллар ўзининг оғир ҳаётий вазиятидан қўрқмаслиги ва уялмаслиги кераклигини; ўта оғир вазиятларда ўз қариндошлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ихтисослаштирилган бошпаналардан ёрдам сўраши мумкин ва кераклигини тушуниши учун ижтимоий тамғалашга қарши курашиш лозим. Бунда вазифа фақат ёрдам учун ресурс ажратишдан иборат бўлмасдан, бу каби вазиятларга нисбатан онгли ижтимоий муносабатни шакллантириш, яъни айблаш, камситиш ва қўрқувга барҳам бериш, муаммо атрофида ўзаро бирлашиш ва, зарурат туғилганда, ёрдам беришга тайёрлик муҳитини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим.

Жамиятда аёлларга нисбатан зўравонлик камайиши учун нималар қилиниши керак, сизнингча?

Суҳбатимиз бошида айтиб ўтилган жиҳатга қайтайлик — куч номутаносиблиги. Aёлларга нисбатан зўравонлик даражасини камайтириш учун эркак ва аёлларнинг имкониятларини тенглаштириш лозим. Бунга, биринчи навбатда, таълим орқали эришилади. Қизларнинг ҳар бири даромад келтирадиган касб-ҳунарни эгаллаш имкониятига эга бўлиши учун уларни ўқитиш керак.

Қизларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига тўсқинлик қилаётган тизимли тўсиқларни олиб ташлаш зарурати ҳам шу билан боғлиқ бўлиб, биз ушбу тизимли тўсиқларни кўра билишимиз жуда муҳим. Мисол учун, қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи стереотиплар ёки ижтимоий тушунчалар мавжуд – кўпинча, қизларга олий маълумот олишга тўсқинлик қилиниши ёки муайян соҳаларда «эркаклар қобилияти устунлиги» баҳона қилиниб, қизларга шу соҳаларда ўқишга рухсат берилмаслиги мумкин.

Бу, шунингдек, яхши ўқиган ва ўз касбида муваффақиятга эришишга интилаётган қиз оила қуриш, она ва рафиқа бўлиш имкониятини йўқотади, деган тахминларга асосланган мулоҳазага ҳам тегишли бўлиб, бундай тушунча, одатда, оила доирасида, масалан, ёши каттароқ қариндошлар томонидан уқтирилади.

Шунингдек, ота-оналарнинг қизларга таълим бериш истаги ва тайёрлигига таълим муассасаларидан фойдаланиш қулайлиги билан боғлиқ омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Ҳатто кўчаларнинг ёритилиши ва хавфсизлиги, жамоат транспортидан фойдаланиш қулайлиги ва хавфсизлиги каби масалалар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Қишлоқ қизлари учун хавфсиз ва арзон турар-жой – ётоқхоналардан фойдаланиш қулайлиги жуда муҳим.

Бошқа омиллар ҳам қизларнинг таълим олиши ва лавозимда кўтарилиш имконияти билан боғлиқ. Масалан, уй-рўзғор ишлари (асосан, аёлларнинг мажбуриятлари ҳисобланадиган) ҳақ тўланмайдиган меҳнатга тенглаштирилиб, ҳар куни ўқиш ёки ишлаш учун сарфланиши мумкин бўлган муайян вақтни олади. Агар қишлоқ жойдаги хонадонда электр, сув, маиший техника мавжуд бўлса, бу – таълим, китоб ўқишга вақт ажратиш имкониятини яратиб, қизларнинг билим олиш имкониятлари кенгаяди. Шу боис тарғибот-ташвиқот тадбирлари, мактаб ўқув дастурлари, маҳалла ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатини тенг тақсимлаш йўлида иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга.

Шу ўринда молиявий омилни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди, негаки таълим харажатлари муҳим жиҳат бўлиб, оилалар учун имтиёзли кредитлар ажратиш орқали молиявий воситалардан фойдаланиш имконияти яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кўриб турганингиздек, қизларнинг биргина таълим олиш имкониятига эга бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, у ёки бу кўринишда қизларнинг ҳаёти давомидаги имкониятларига таъсир ўтказади.

Шу вақтга қадар амалга оширилган барча ишларга қўшимча равишда, зўравонликка қарши самарали курашиш тизимини яратиш керак. Оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик белгиланиши лозим. Бу — ўзига хос хусусиятларга эга бўлган жиноятнинг алоҳида тури бўлиб, унга қарши курашиш учун жиноят қонунчилигига алоҳида бўлим киритилиши зарур. Ушбу тавсия, шунингдек, БМТнинг аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш қўмитасининг (CEDAW) якуний тавсияларига киритилган.

CEDAW’нинг сўнгги тавсияларида гендер асосидаги зўравонлик ҳолатлари тўғрисида хабар беришни рағбатлантириш, бепул юридик ёрдамдан фойдаланишни янада қулайроқ қилиш ва шикоятчилардан талаб қилинадиган исботларни давлат айбловга юклаштириш орқали хотин-қизларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини ошириш таклиф этилади. Жабрланувчи суд-тиббиёт экспертизасидан арзон ва ўз вақтида фойдаланишни таъминлаш ҳам шулар жумласига киради. Ниҳоят, энг муҳими, аҳоли орасида ГЗнинг барча жиноий шакллари тўғрисидаги хабардорликни ошириш зарур.

БМТ ТД Ўзбекистонда яқин келажакда бу борада қандай лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпти?

БМТ ТД бу борада тизимли ёндашув қўллайди, негаки муаммоларга уларнинг яхлитлиги ва бошқа масалалар билан ўзаро боғлиқлиги нуқтаи назаридан ёндашилгандагина ҳеч ким эътибордан четда қолмайдиган ва чидамлилик
ошишига хизмат қиладиган ижобий натижа ва тузилмавий ўзгаришлар учун имконият яратилади. Камбағаллик/тенгсизликни қисқартириш, иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш ёки самарали бошқарув йўналишларида амалга ошираётган ҳар қандай тадбирларимизда гендер тенглигини таъминлаш йўлларини қидирамиз.

Aмалий нуқтаи назардан бу нимани англатади?

  • Aёлларни камбағалликдан олиб чиқиш учун биз Мономарказлар билан ҳамкорлик қилиш орқали уларга таълим олиш имкониятини яратиш, ёш аёллар учун қайта тайёргарликдан ўтиш ва малака оширишга кўмаклашиш устида ишлаяпмиз.
  • Муносиб иш ўрни аёлларни камбағалликдан олиб чиқишда ёрдам берадиган яна бир муҳим омил бўлиб, дастурларимиз орқали тадбиркорликни ривожлантириш, стартаплар, норасмий меҳнат бозорини расмийлаштириш ва бошқа масалалар қўллаб-қувватланади.
  • Aёлларнинг арзон энергиядан, хусусан, қишлоқ жойларида электр энергиясидан фойдаланиш имконияти хотин-қизларга унумдор (даромад келтирадиган) иш билан шуғулланиш ёки таълим олиш учун вақт ажратиш имкониятини берадиган муҳим омил ҳисобланади. Бу борада атроф-муҳит ва иқлим соҳасидаги дастурларимиз доирасида бир қатор ечимлар бор бўлиб, яшил технологияларни таклиф қиламиз ва уларни жорий этишда кўмаклашамиз.
  • Aёлларнинг таълим олиши ва ишлашига таъсир ўтказувчи яна бир муаммо — бу ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатининг тенг тақсимланмаганлиги. Шу боис БМТ ТД кўплаб тадқиқотлар ўтказиб, уй ишларини тенг тақсимлаш ва ота-она бола тарбиясида тенг иштирок этиши зарурлигини тарғиб қилиб келади.
  • Ниҳоят, биз қонунлар ва сиёсий қарорларни ишлаб чиқишга ҳам ўз ҳиссамизни қўшиб келамиз ва, жумладан, Гендер тенгликка эришиш стратегиясини амалга оширишда Олий Мажлис Сенати билан ҳамкорлик қиламиз. Биз гендер стереотипларнинг асл сабабларини чуқурроқ ўрганишимиз лозим. Умид қиламанки, бу каби таҳлиллар раҳбар ходимларга зарарли меъёр
    ва муносабатларга қарши курашиш бўйича мақсадли ва комплекс чораларни ишлаб чиқишда ёрдам беради.
  • БМТ ТД, шунингдек, гендер жиҳатлар ҳисобга олинган сиёсатни илгари суриш учун махсус таҳлилий воситалардан фойдаланган ҳолда бюджетни шакллантириш жараёнида гендер масалаларини инобатга олиш устида ишламоқда.
  • Айни пайтда аёллар раҳбарлик қиладиган корхоналарда «яшил» тенологиялардан фойдаланиш рағбатлантириладиган аралаш молиялаштириш воситаси ишлаб чиқилмоқда.

Шунингдек, кўчаларни хотин-қизлар учун хавфсизроқ қилиш мақсадида, «Умидани чақиринг» лойиҳаси доирасида бизнес ҳамжамияти билан ихтиёрий иттифоқ тузилиб, бу (кўчадаги) зўравонликка қарши оммавий мурожаат ва ҳаракатга айланди. Мазкур ташаббус доирасида юқори даражадаги корпоратив ижтимоий ва фуқаролик масъулият намойиш этилганидан мамнунмиз.

Мазкур мавзунинг ОАВда ёритилиши нақадар муҳим, сизнингча?

Медиа маҳсулотлари, теле ва радио дастурлар, фильмлар, телесериаллар ва ҳатто мультфильмлар ижтимоий тушунчаларни гендер стереотиплари сифатида шакллантириш ёки уларга қарши курашишда жуда самарали восита бўлиши мумкин.

Бунда ОАВнинг аҳамияти ўта юқори, негаки ахборотни тақдим этиш формати, аудитория ва хабарларнинг такрорланиш даражаси, кўп жиҳатдан, жамоатчиликнинг муаммони тушуниш даражаси ва унинг кўламини белгилайди. Бундан ташқари, муаммонинг ОАВда ёритилиши уни ҳал қилишда жамоатчилик нақадар самарали иштирок этишига таъсир қилиши мумкин.

Умуман айтганда, ОАВ ижобий ёки салбий ижтимоий тенденцияларга ҳисса қўша оладиган даражадаги мумкин аҳамиятга эга. Шу боис ОАВдан жамиятда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик, ҳар қандай гендер стереотиплари ёки хотин-қизларни камситишга қарши курашда фойдаланиш муҳим.

Ишни ОАВга «гендер линзаси»ни сингдириш, зарарли гендер меъёрларига қарши қаратилган материалларни тизимли равишда яратиш ва тарқатишдан бошлаш мумкин.

Зўравонликни бошдан кечирганларга ўз фикрини билдириш имкониятини бериш — бошқа хотин-қизлар учун ўзаро фикр алмашиш, зўравонлик доирасидан чиқиш йўлларини излаш ва ёрдам сўраб мурожаат қилишни бошлаш учун намуна бўлишнинг яна бир йўли. Бу — жабрланувчиларга қўйилган ижтимоий тамғани олиб ташлаш ва диққатни зўравонларни жавобгарликка тортишга ўтказиш йўлидаги биринчи қадам бўлади. Тўғри ишлаб чиқилган ахборот-ташвиқот сиёсати одамларнинг хулқ-атворини ўзгартириш мумкин.

Шу сабабли зўравонлик ва жабрланувчини айблашга нисбатан мутлақ муросасизлик маданиятини шакллантиришда, гендер асосидаги зўравонликни эҳтиёткорлик билан ёритишда ОАВнинг аҳамияти жуда муҳим. Жамоатчилик орасида зўравонликнинг асл сабаблари тўғрисидаги билим ва хабардорликнинг ортиши жамият билан келгуси мулоқот ва зўравонликка қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

ОАВ зарарли гендер стереотипларига қарши кураш ва зўравонликдан холи, соғлом муҳитни шакллантириш учун зарур бўлган, ҳар томонлама текширилган ва гендер жиҳатлар ҳисобга олинган ахборотни тарқатишда самарали восита бўлиши мумкин.

Гулираъно Мусаева суҳбатлашди.

Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Жамият21:39 | 27.9.22
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Жамият21:00 | 27.9.22
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият20:54 | 27.9.22
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Жамият20:13 | 27.9.22
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Жаҳон19:23 | 27.9.22
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Соатига 30 километр тезликда ҳаракатланувчи автомобиллар ва 15 дақиқалик шаҳар концепцияси: пиёда сайр қилиш учун идеал шаҳар Париж ҳақида
Жамият19:19 | 27.9.22
Соатига 30 километр тезликда ҳаракатланувчи автомобиллар ва 15 дақиқалик шаҳар концепцияси: пиёда сайр қилиш учун идеал шаҳар Париж ҳақида