2:17 | 17.08.22 2492

Хотин-қизлар тазйиқларга «жони қирқта»лигидан чидайдими ёки ожизалигидан? Нега улар энг кўп ўз «уйи»да хўрланади?

Одамлар одатда уйида ўзини энг бахтли ҳис қилади, деганди Шекспир. Аммо бугун хотин-қизлар учун энг хавфли жой айнан уй бўлиб турибди

Ердан учирилган ракета коинотни забт этди. Миллиардлар эвазига роботлар, учувчисиз машинаю учоқлар яратилди. Мамлакатлар, шаҳарлар юксак тараққий этган, одамлар закий. Ютуқлар, кашфиёту ихтиролар ҳақидаги рўйхатни адоғи йўқ, дунёда ҳаммаси жойида, ҳаммаси олдингидан яхшидек гўё.

Шунга қарамай, баъзида инсон ўзини ожиз, кучсиз ва иложсиз ҳис қилади. Бунга шунча ажабтовур ишлар бўлаётган, мақтанилаётган бир вақтда дунёнинг турли бурчакларида кези келганда жони қирқта экани айтиладиган, бошқа вақтда эса ожизалигига урғу бериладиган аёллар (кимнингдир қизи, опа-синглиси, рафиқаси) фикр билдиргани, овқат қилмагани, телевизор кўришга халақит қилганию, шунчаки борича бўлгани ёки ҳеч нима қилмагани учун зўравонликка учраётгани сабаб бўлади. Ота-онаси не умидлар билан дунёга келтиргану, ўзи ҳам дунёга даҳоларни туҳфа қилиши мумкин бўлган аёллар хўрланаётган, эзилаётган вақтда мислсиз ютуқлару, ихтиролар чўпчак, ривожланиш ҳақида жар солаётган одамзод эса иложсиз. Ёки ундай эмасми?

Иллюстрация: «Bugun.uz» / Дилзода Ҳамиджонова

Дунёнинг хор бўлаётган «Фазилатлар»и

Фазилатни қийинчилик билан ўстирган Холида ая ҳеч бўлмаса кексайганимда бағримга шамол тегар, роҳатда бўларман деб ўйлаганди. Лекин ундай бўлмади. Аслида буни бошқаларга айтгиси, уйидаги гапни кўчага олиб чиққиси келмайди, лекин ичига ютганлари уни саломатлигию, руҳий ҳолатини кемириб бормоқда. Асраб-авайлаб, касал бўлса бирга азоб чекиб, ўзидан аяса ҳам кам қилмасдан катта қилган қизининг ўз уйида зўравонлик қурбони эканини жим кузатиб туриш осонми? Ишониб топширган куёви спиртли ичимликдан воз кечолмай, муқим қўл кўтарса, устига-устак набираларининг ҳам бўйи етиб қолган бўлса, қарилик гашти ҳақида қандай гап бўлиши мумкин?

Суҳбатдошнинг аноним қолиш ҳақидаги илтимосига биноан қаҳрамонлар шартли исм билан аталди.

Холида ая келиб-келиб нега айнан мени қизим билан шундай бўлди, нима учун унинг пешонаси шўр, деб ўйлаб қолади. Лекин унинг қизи ёлғиз эмас. У туғилиб ўсган шаҳарда, давлатда, умуман Ер юзида зўравонликдан азият чекиб яшаб келаётган «Фазилатлар» жуда кўп. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, 15—49 ёшдаги хотин-қизларнинг 25 фоиздан кўпи ҳаёти давомида жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келади. Зўравонликнинг 33 фоизи эса Жануби-Шарқий Осиё ҳудудига тўғри келади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска «Bugun.uz» нашрига берган интервьюсида дунёдаги ҳар уч аёлнинг бири жисмоний ёки жинсий зўравонликка дуч келишини таъкидлайди. «Зўравонлик ҳолатлари кўпайганми ёки бундай ҳолатларни аниқлаш яхшиландими — бу, ҳозирча, номаълум. Илгари ахборот ва тегишли маълумотлар бўлмагани сабабли, бу муаммо гўёки мавжуд эмас ёки шунчалик кичкина бўлиб туюлганидан, тизимли феномен эмас, балки қандайдир алоҳида бахтсиз ҳодиса сифатида талқин этилган», — дейди у.

Муаммонинг илдизи қаерда? Димовсканинг тушунтиришича, бунга тўхталишдан аввал, биринчи навбатда, куч номутаносиблиги ҳақида гапириш лозим. Зўравонлик, асосан, позицияси кучсизрок ва ҳимоясизроқ бўлган шахсга нисбатан қўлланади. Кўп ҳамжамиятларда эса бундай вазиятга болалар ва аёллар дучор бўлади. Бу каби ҳимоясизлик, аввало, жабрланувчиларнинг зўравонликка қўл уришга қодир бўлган ва бундан тап тортмайдиган шахсларга нисбатан қарамлигидан келиб чиқади.

Суҳбатни жамиятда аёлга нисбатан кўпинча ожиза сўзи қўлланишини эсга олиш билан бошлаган журналист ва таржимон Чарос Низомиддинова эса аёлнинг жисман, биологик томондан эркак жинсидан заифроқлигини инкор қилиб бўлмаслиги, лекин бу бир умр шу «тамға» билан яшаб ўтиш кераклигини ҳам англатмаслигини айтади. Унинг таъкидлашича, адолатсизликларга жим чидашу, ноҳақ муносабатни нормал билиш оилада берилган тарбия билан боғлиқ бўлиши мумкин.

«Болаликдан асосан қизларга уйдаги гапни кўчага чиқармаслик, сабр-ирода, гўзал ахлоқ-одоб мунтазам ўргатиладию, ўғил болаларга келганда ҳар доим ҳам бу қоида ‘ишламайди’. Фарзанд тарбиялаш деганда қизни ўғилдан ажратмай, умуминсоний қоидалар баравар ўргатилиши тарафдориман. Сен қиз боласан! Уй тозалаш, қозон-ўчоқ, рўзғор юмушлари сенинг бўйнингда демасдан, юмуш оиладаги ўғил-қизлар ўртасида ўзаро тенг тақсимланса, аёлга зўравонлик қиладиган эмас, балки уни тушунадиган, эртага ўзи ҳам уйланса, рафиқасини эъзозлайдиган, қадрлайдиган йигитлар камол топади», — дейди у.

Ҳаммаси бошқачароқ бўларди, агар…

Туркистон халқининг бошина келган фалокатлар ҳар бири ёлғиз нодонлик ва маорифсизлик орқасидангина бўлганлиги ҳар кимга маълумдир. Келажакда бундай фалокатлардан қутулмоқ ва Туркистон халқи тилаган равишда идора қилмоқ ва душманлардан сақламоқ ёлғиз маориф воситаси илагина мумкиндир.

Мунаввар Қори Абдурашидхонов

Холида аянинг қизига берган тарбиясидан кўнгли тўқ. Ҳар ҳолда, унинг орқасидан фақат яхши гаплару, мақтов эшитарди. Энди эса, қизининг ҳаёти ўхшамагани ҳақида гап кетса, «бўйи етиб қолди» деган хавотирда, аниқроғи, қўни-қўшнию танишлар орасида шундай гап тарқалишини ўйлаб қизини сўраб-суриштирмай «узатворгани» учун бир ўзини ва умр йўлдошини айбласа, бошқа сафар ‘уни нега ўқитмадига!’, деб койиб қўяди.

«Фазилат жуда иқтидорли, интилувчан эди, баъзида ярим кечагача китоб ўқиб чиқарди. Университетга топшириб кўрди. Қўшимча дарсларга боришига шароит яратиб беролмаганимиз, қўллаб-қувватлай олмаганимиз боис талаба бўлолмади. Кейин атрофдагиларнинг ‘ёши ўтиб қолди’ дейишини ўйлаб, узатиб юбордик. Ўқиганида, ўқитганимизда эди, ҳозир ҳаммасига кўнмай, оёққа туришига ишончи комил бўлиб, йўлини топиб кетарди», — дейди Холида ая.

Холида ая қизини одамларнинг гап-сўзидан қочиб «эгасига» бериб юборди, лекин энди азоб-уқубатлар устма-уст бўлаётганда ўша «одамлар»нинг ҳеч бири дардига малҳам бўлолмаяпти, оғирини енгил қилолмаяпти.

Матильда Димовска ҳам аёллар билан боғлиқ ноҳақлик ҳақида гап кетганда, қизларнинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи стереотиплар, ижтимоий тушунчалар мавжудлигини инкор этиб бўлмаслигини таъкидлайди. Унинг айтишича, кўпинча, қизларга олий маълумот олишга тўсқинлик қилиниши ёки муайян соҳаларда «эркаклар қобилияти устунлиги» баҳона қилиниб, шу соҳаларда ўқишга рухсат берилмаслик ҳолатлари ҳам кузатилади. Бу, шунингдек, яхши ўқиган, ўз касбида муваффақиятга эришишга интилаётган қиз, оила қуриш, она ва рафиқа бўлиш имкониятини йўқотади, деган тахминларга асосланган мулоҳазага ҳам тегишли бўлиб, бундай тушунча, одатда, оила доирасида, масалан, ёши каттароқ қариндошлар томонидан уқтирилади.

Чарос Низомиддинова ҳам зўравонлик, таҳқиру зулмга курашишнинг энг оптимал йўли – қиз болани ўқитиш, илм ўргатиш, шуури, онгини соғлом фикрлар билан тўлдириш деб ҳисоблайди.

Боласи мактабга бормай, сандиқ олиб, сеп йиғадиган аёлларни танийман. Топган пулини тилла, идиш-товоқ, зеб-ҳашамга сарфлаб, қизига битта китоб олиб бермайдиган оналарни биламан. Қизларингга фалон суммадаги сеп-сидирға эмас, илмни мерос қолдир, десангиз, энсасини қотиради, сизни қолоқликда, ҳаётни билмасликда айблайди. Қаранг, қаричи бунчалар тор ва калта. Бизни ҳар қандай залолатдан қутқарадиган ягона нажот кемаси — бу илм.

Чарос Низомиддинова

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакилининг ҳам зўравонлик даражасини камайтириш учун эркак ва аёлларнинг имкониятларини тенглаштириш лозимлиги, бунга эса биринчи навбатда, таълим орқали эришилишига ишончи комил. Қизларнинг ҳар бири даромад келтирадиган касб-ҳунарни эгаллай олиши учун эса уларни ўқитиш керак. Бунинг учун бўлса, у қизларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига тўсқинлик қилаётган тизимли тўсиқларни кўра билиш жуда муҳимлигини маълум қилади.

Матильда Димовсканинг билдиришича, oта-оналарнинг қизларга таълим бериш истаги ва тайёрлигига таълим муассасаларидан фойдаланиш қулайлиги билан боғлиқ омиллар ҳам таъсир кўрсатади. Ҳатто кўчаларнинг ёритилиши ва хавфсизлиги, жамоат транспортидан фойдаланиш қулайлиги ва хавфсизлиги каби масалалар ҳам ҳал қилувчи роль ўйнайди. Қишлоқ қизлари учун хавфсиз ва арзон турар-жой – ётоқхоналардан фойдаланиш қулайлиги жуда муҳим.

Бошқа омиллар ҳам қизларнинг таълим олиши ва лавозимда кўтарилиш имконияти билан боғлиқ. Масалан, (асосан, аёлларнинг мажбуриятлари ҳисобланадиган) уй-рўзғор ишлари ҳақ тўланмайдиган меҳнатга тенглаштирилиб, ҳар куни ўқиш ёки ишлаш учун сарфланиши мумкин бўлган муайян вақтни олади.

Агар қишлоқ жойдаги хонадонда электр, сув, маиший техника мавжуд бўлса, бу – таълим, китоб ўқишга вақт ажратиш имкониятини яратиб, қизларнинг билим олиш имкониятлари кенгаяди. Шу боис тарғибот-ташвиқот тадбирлари, мактаб ўқув дастурлари, маҳалла ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳақ тўланмайдиган уй меҳнатини тенг тақсимлаш йўлида иш олиб бориш муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда молиявий омилни ҳам эътиборсиз қолдириб бўлмайди, негаки таълим харажатлари муҳим жиҳат бўлиб, оилалар учун имтиёзли кредитлар ажратиш орқали молиявий воситалардан фойдаланиш имконияти яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кўриб турганингиздек, қизларнинг биргина таълим олиш имкониятига эга бўлиши кўплаб омилларга боғлиқ бўлиб, у ёки бу кўринишда қизларнинг ҳаёти давомидаги имкониятларига таъсир ўтказади.

Матильда Димовска

Матильда Димовска билан интервьюнинг тўлиғи бу ерда.

Иллюстрация: «Bugun.uz» / Дилзода Ҳамиджонова

Аёллар нега зулмга чидайди?

Жамиятда муттасил хўрликларга учраб, «Стокголм синдроми»га асир бўлганидан бехабар, ота уйига қайтиб борса (боз устига, болалари билан) ота-онаси, ака-укаларига оғирлиги тушиши, болаларини бир ўзи оёққа турғиза олишига кўзи етмай, ўзини зулмга кўнишдан бошқа чораси йўқ деб ўйлайдиганлар талайгина, эҳтимол. Холида опанинг қизи билан ҳам шу аҳвол.

Ичкиликка берилган куёв Фазилатни 20 йилга яқин вақтдан буён уриб келади. Биринчи марта янги куёвлигида ҳунар кўрсатган бу одамни орада фарзандлар дунёга келишию, рафиқаси оила тебратиш ташвишини бўйнига олгани ҳам тўхтата олмади. Сархуш пайти нима қилаётганини билмай, аёлни калтаклаш одатга айланиб қолган. Фазилат опа эса чеки йўқдек кўринган қўл кўтаришлар ортидан мия чайқалиши, невроз орттириб олган. Холида опа ‘куёвим қизимга бир нима қилиб қўймаса’ ёки ’қизим шунча азобдан ўзига бирон нарса қилиб қўймаса, бас’ деб, юрагини ҳовучлаб яшайди.

Зўравонлик, таҳқирларга кўнишнинг чегараси бор-ку, нега Фазилат шунча хўрликларга чидаб ўтирибди? Қадрини билса бўлмайдими? Онасининг айтишича, у ота-онамга юк бўлмай дейди, қолаверса қизлик уйига келиб яшашга келиндан андиша қилишдан ташқари, фарзандларини отасиз ўсмаслиги, оғирлиги бошқаларга тушмаслигини ўйлаб, ҳаммасига кўз юмади.

Аслида ҳаммаси унинг янги келинлик вақтидаёқ бошланганди. Орзу ҳаваслар билан элга тўй берган Холида опа ва Алимардон ака йил ўтмай туриб қизига куёвтўра қўл кўтарганини билиб қолган. Фазилатнинг ўзи бу ҳақида лом-мим демаган. Кейинчалик «билмасдан» уриб қўйгани ва такрорламаслигини айтиб, хотинини олиб кетган «эркак» бора-бора била туриб, ширакайфлигию онгли вақтида ҳам қўл кўтаришни одат қилган. Аёл бўлса бир кун яхши бўлиб қолар, инсоф берар, деган умидда яшашда давом этаверган.

Кўп ҳолларда аёллар «чиққан қиз чиғириқдан ташқари» бўлиб қолиши, ўзбекчиликка тўғри келмаслигию, яқинларини юзини ерга қаратмаслик учун ҳам бор «юк»ни елкасига олади. Аслида эса турмушнинг ўхшамаслиги эмас, зўравонликни ўта нормал қабул қилиш фожиа. Бундай носоғлом муҳит оиладаги фарзандларнинг руҳияти, эртасига ҳам таъсир қилмай қолмайди.

Қиз ота уйидан кетгандан кейин ҳам ортга қайтишга йўл борлиги, у учун эшиклар ҳечам ёпилмаганини сезиб-билиб яшаши керак, деган фикрига собит қолишини билдирган Чарос Низомиддинова муаммонинг илдизи сабр, одамларнинг гап-сўзи, ғийбат-бўҳтонлар, аллақандай «…чиликлар»да экани, улар нафақат оилаларни барбод қилаётгани, балки ёш жонларнинг жувонмарг кетишига ҳам сабаб бўлаётганини таъкидлайди.

Бундан тўрт йилча аввал бир таржима-мактуб ўқигандим. Муаллифи ёдимда йўқ. Лекин ўша хатда она турмушга узатилаётган қизига панд-насиҳатлар қатори бир гапни айтиб кетади: Мабодо, вазият тақазо қилиб, янги уйингга сиғмасанг ё сиғдиришмаса, руҳинг пармалаб эзишса, юрагингни қонатишса, олдимга кел! Тезда у хонадондан қоч! Ҳаммасини ташлаб, фақат қоч!ʼ, дейди. Бизда ўзбекчилик, менталитет деб чиққан қизни ота уйига сиғдириш, қайта бошпана беришга фожиа деб қарашади. ‘Одамлар нима деркин? Шармандаликку!’ дея қизининг умрига зомин бўлаётганлар, невараларини етим қилаётганлар қанча. ‘Сабр қилсанг, ютасан. Чида! Аёл кишисан!’ дея қизнинг йўлларини тақа-тақ ёпишади-қўйишади. Шундан кейин суицидлар, руҳий қийноқларнинг бош-охири кўринмайди.

Чарос Низомиддинова

Ўз жонига қасд қилишни ҳеч қанақасига оқлаб бўлмайди, бу ҳеч қачон ечим бўлолмайди, лекин суҳбатдошимизнинг гапида жон бор. Бу мавзу гапирилмагани билан нима қиларини билмай тўйиб кетиб, объектив ва субъектив сабабларга кўра, сўнгги чора сифатида ҳаётига нуқта қўйишни афзал билаётганлар кам эмас. Буни ОАВда кети узилмай қолган шу каби хабарлардан кўриб, билиб турибмиз, ҳар ҳолда.

Тойлоқ туманида 30 ёшли аёл ўзини меҳмонхонадаги кийим илгичга рўмол билан осиб қўйди. Самарқанддаги 29 ёшли аёл уксус кислотасидан заҳарланиши оқибатида вафот этди. Қашқадарёда 16 ёшли мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди. Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 17 ёшли ўқувчи қиз ўз уйида осилган ҳолатда топилди. Узоқ давом эттириш мумкин бўлган мазкур рўйхат, афсуски нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунёдаги энг асосий муаммолардан бири бўлиб турибди.

Инглиз социологи, профессор Сильвия Уолбининг тадқиқотига кўра, Буюк Британиядаги ўз жонига қасд қилишга уринган аёлларнинг 34 фоизи оиладаги зўравонлик сабаб ўзини ўлдирмоқчи бўлган.

Шунингдек, тиббий ёрдам учун мурожаат қилган ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган аёлларнинг 176 нафари билан боғлиқ ҳолат ўрганилганда, улардан 30 фоизи оиладаги зўравонликка учрагани, 65 фоизи сўнгги ярим йилда тиббиёт муассасасига жуфти томонидан калтаклангани учун мурожаат қилгани маълум бўлган. Ривожлангани айтиладиган мамлакатлардаги аҳвол шу бўлса, қолоқ ўлкалардаги вазиятни тасаввур қилишга қўрқасан киши.

Холида опага ҳам шу ўй тинчлик бермайди: «Қизи ўзига бирон нима қилиб қўймасин, ишқилиб».

Маълумот учун: Статистикага кўра ўз жонига қасд қилишга уриниш аёлларда кўп бўлсада, суицид билан боғлиқ ҳолатлар эркаклар ўртасида кўпроқ кузатилади.

Психолог Зара Арутюняннинг фикрича, суицид ҳақида қарор қабул қилиш беихтиёр бўлмайди, бу уқубатлар йиғилиб-йиғилиб унинг натижасида содир бўладиган қийин қарор. Вазиятга қандайдир туртки бўлиши мумкин, лекин қарор анча олдин пайдо бўлади.

Журналист ва филолог Эльдар Асанов аёлларнинг ўз жонига қасд қилишининг сабаб ва негизи билан боғлиқ «Похол аёл» номли материалида энди пайдо бўлиб қолмаган, лекин шу билан бирга ҳали ҳам долзарб ҳисобланган мазкур мавзуга тўхталиб, бу бир аёлнинг фожиаси эмаслиги, умуман аёлларнинг муаммолари, ўзбек хотин-қизларини нималар қийнайди, нима уни ўз жонига қасд қилишга мажбурлаши жиддий ва чуқурроқ ўрганилиши кераклиги, тадқиқотлар қилиниб, хулоса чиқарилиши даркорлигини ёзиб қолдирганди.

Дарҳақиқат ушбу мавзу билан боғлиқ қандай аниқ тадқиқотлар ўтказилади, уларнинг натижаси қандай бўлган?

«Bugun.uz» журналисти шу ва бошқа аниқ кўрсатилган саволларга жавоб олиш учун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига расмий хат билан мурожаат қилди (Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузурида Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти ташкил этилган).

«Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунда ахборот олишга доир сўров кўпи билан етти кунда кўриб чиқилиши, агар ОАВ сўровини кўриб чиқиш давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари жумласига кирмаса, ваколатига киритилган органга рўйхатдан ўтказилган кундан эътиборан уч иш куни ичида юборилиши, ОАВ эса хабардор қилиниши кераклиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, сўров рад этилган тақдирда оммавий ахборот воситасига асослантирилган жавоб юборилиши ҳам кўрсатилган. Лекин, айрим «асосли» сабабга кўра ушбу сўров очиқ қолди.

Иллюстрация: «Bugun.uz» / Дилзода Ҳамиджонова

Уй аёллар учун энг хавфли жойми?

Бу мавзу ҳақида гап кетганда хаёлга биринчи бўлиб: «Ўзи бизда зўравонликка учраган аёллар ҳақида маълумот борми? Бўлса, уларнинг сони қанчани ташкил қилади? Улардан қанчаси Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган?» каби саволлар туғилиши табиий.

Ички ишлар вазирлиги ЖХД Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектор, катта лейтенант Гавҳар Усмонованинг маълум қилишича, Ўзбекистонда 2021 йилда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари юзасидан ички ишлар органларига 39 343 та мурожаат келиб тушган. 2022 йилнинг биринчи ярмида эса оилаларда ўтказилган суҳбатларда зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 25 мингга яқин хотин-қизлар аниқланиб, уларнинг барчасига «ҳимоя ордери» расмийлаштирилган.

Хотин-қизларга зўравонлик ёки тазйиқ ўтказган 59 602 нафар шахсга чеклов ўрнатилган ҳамда профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган. Қайд қилинишича, «ҳимоя ордери» расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида 12 843 та оилалар яраштирилган бўлиб, низоларнинг 11 640 та асл сабаби бартараф қилинган. Ўрнатилган чекловларга амал қилмаган, аниқроғи ўзи учун тўғри хулоса чиқармаган 1 057 нафар шахс эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичлари алоҳида ва оғриқли мавзу экани, инсон ҳуқуқлари тизимида инсон ҳаётига энг асосий қадрият сифатида қаралишини таъкидлаган Димовсканинг фикрича, аёллар умидсиз аҳволга тушиб қолмаслиги ва ундан чиқиб кетиш йўли борлигини англаб етиши учун ҳимоя тизими самарали ва изчил ишлаши керак. Унинг қўшимча қилишича, бунда турли омиллар, жумладан, биринчи навбатда, хавфсизлик ва яқинлар томонидан қўллаб-қувватлаш ҳисси йўқлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишдан қўрқиш, ёрдам сўраб мурожаат қилгани учун жамият томонидан камситилиш ёки қораланишдан қўрқиш ҳисобга олиниши лозим.

Оиладаги зўравонлик аёллар ва болаларни ҳимоясиз вазиятга тушириб, уларнинг руҳий саломатлигига бевосита таъсир қилади. Кўпинча, ўз жонига қасд қилишнинг сабаби айнан тушкунлик билан боғлиқ бўлади.

«Хотин-қизлар улар ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкин бўлган жойлар борлигини тушуниб етиши муҳим. Аёллар ўзининг оғир ҳаётий вазиятидан қўрқмаслиги ва уялмаслиги кераклигини; ўта оғир вазиятларда ўз қариндошлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва ихтисослаштирилган бошпаналардан ёрдам сўраши мумкин ва кераклигини тушуниши учун ижтимоий тамғалашга қарши курашиш лозим. Бунда вазифа фақат ёрдам учун ресурс ажратишдан иборат бўлмасдан, бу каби вазиятларга нисбатан онгли ижтимоий муносабатни шакллантириш, яъни айблаш, камситиш ва қўрқувга барҳам бериш, муаммо атрофида ўзаро бирлашиш ва, зарурат туғилганда, ёрдам беришга тайёрлик муҳитини шакллантиришдан иборат бўлиши лозим», — дейди Матильда Димовска.

Чарос Низомиддинова эса аёлларнинг ўлимдан бошқа чора йўқ деб ўйлашига ортдаги эшикларнинг ёпилгани ёки бизга номаълум бошқа муаммолар сабаб бўлиши мумкин, деган фикрда. «Балки биз билмаган бошқа муаммолар ҳам талайдир. Лекин ортга қайтолмаслик алами ҳаммасидан ёмони. Уйингга қайтсанг, отанг дакки берса, ака-укаларинг ёқангдан олса, онанг сиғдирмаса — бундан ёмони йўқ. Ўзингни ҳеч кимга кераксиздек ҳис қилиш энг оғир руҳий ҳолатлардан. Шунинг учун кўпчилигини жонига қасд қилишни осонроқ йўл деб билса керак», — дейди у.

Иллюстрация: «Bugun.uz» / Дилзода Ҳамиджонова

Зулмга чидаш керакми?

Фазилат опа билан боғлиқ вазиятнинг охиргиси ҳаммасидан ҳам ўтиб тушди. Ота-онасининг ҳолидан хабар олиб, уйга кеч қайтган аёлни эри: «Менга бунақа хотиннинг кераги йўқ», — деганча уйига киритмаган.

Шундай бўлса-да, маҳалла, одамлар, менталитетнинг «турмушнинг ҳамма муштларига нима бўлса ҳам чидаш керак»лиги ҳақидаги тушунчалар сингиб кетган аёл болаларини отасиз катта бўлмасин, дея жисмоний ва психологик зўравонликка чидашга ўзини мажбур санайди.

«Сабр қилмоқ энг гўзал ахлоқ. Лекин бунда меъёр зарур. Асални ҳам косалаб есангиз, ё овоздан айриласиз, ё бўғилиб ўласиз. Чидамоқ, сабр қилмоқ ҳадди аълосида бўлгани тузук. Ортиқчаси барибир ортиқча. Одам боласига тоқатидан ташқари синов берилмайди. Инсоннинг менини ўлдирадиган даражадаги сабрга тарғиб қилаверсалар, буни сабр дейиш нотўғри. Бу зулм, хўрликнинг боши бўлади», — деб ҳисоблайди Чарос Низомиддинова.

Зўравонлик деганда кўпчилик фақатгина куч ишлатишни тушуниши мумкин, аслида эса бундай эмас. Ҳаттоки босим қилиш орқали психологик аҳволда муаммо келиб чиқишига туртки бўлиш, бу турли жойларда кузатилиши мумкин. Шу ўринда қанчалик ғалати туюлмасин, эътиборга молик бир факт: БМТ уйни аёллар учун энг хавфли жой деб топган. Халқаро ташкилотнинг бундай хулосага келишига 2017 йилда 87 минг нафар аёл ўлдирилгани, уларнинг тахминан 50 мингтаси турмуш ўртоғи ёки оиласининг бошқа аъзоси туфайли ҳаётдан кўз юмгани сабаб бўлган.

Одамлар одатда уйида ўзини энг бахтли ҳис қилади, деганди Шекспир. Чиндан ҳам уйдан қадрдонроқ, меҳрга тўла жой йўқ — қандай қилиб уй хавфли бўлиши мумкин? Қандай қилиб одам учун энг азиз бўлган оилада зўравонлик бўлиши мумкин? Бунга ортиқча тўхталиб ўтирмасдан, ИИВ томонидан таҳририят сўровига биноан тақдим қилинган маълумотни эътиборингизга ҳавола қиламиз. Шунчаки ўзингиз таҳлил қилиб кўринг.

Аниқланишича, 2022 йилнинг 6 ойи давомида аёллар билан боғлиқ содир этилган тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг 21 мингга яқини оилада, 2 мингдан зиёди кўчада, 374 таси бўлса иш жойида бўлган. Шунингдек, улардан 6 915 таси жисмоний, 56 таси жинсий, 287 таси иқтисодий, 13 404 таси бўлса руҳий зўравонлик сифатида қайд этилган.

Ички ишлар органлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига 172 нафар оғир ижтимоий аҳволда қолган, шу жумладан, оилавий муаммолар ва турмушида зўрлик ишлатишга дуч келган, шунингдек, ўз жонига қасд қилишга мойил бўлган хотин-қизлар жойлаштирилган.

Нега инсон асосан ўз яқини томонидан азобланади? Одам қандай қилиб ўзи учун қадрли инсонга зарар етказиши мумкин? Чарос Низомиддинова заиф томонларини яхши билгани сабаб кишилар яқинларига озор беришга мойил бўлиши мумкинлигини таъкидлар экан, бунинг бошқа психологик томони бўлиши мумкинлигини эсдан чиқармаслик кераклигига алоҳида тўхталади.

БМТ уйни аёллар учун «хавфли» деб баҳолаши қайсидир маънода тўғри ҳам. Хонадонида эъзоз топмаган, меҳр-муҳаббат нималигини билмаган, яқинларининг кўмаги, борлигини ҳис этмаган ҳар қандай инсонга жамият, ҳаёт бегонадек туюлаверади. Африкадаги аллақайси қабила кимнидир жазоламоқчи бўлса, уни ҳайдаб юбориб, яккамоховдек ажратиб қўйишлари ҳақида эшитгансиз. Одам боласига бундан ортиқ жазо йўқ ва бу аёлларга нисбатан қўлланса, оқибати қандай тугаётганини кўриб, эшитиб турибмиз.

Чарос Низомиддинова

ИИВнинг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори Гавҳар Усмонова илгари соҳада фаолият юритган профилактика инспектори эркак бўлгани боис аксарият аёллар уларга ўзининг дарду-ташвиши, оилавий ёки маиший муаммоларини айта олмагани, эндиликда эса туман-шаҳарларда алоҳида аёл инспектор лавозимлари жорий этилиб, фаолияти тизимли равишда йўлга қўйилганини маълум қилади.

Сизда Фазилат опаники сингари ёки зўравонлик ва тазйиқ билан боғлиқ бошқа муаммолар кузатиладиган бўлса, Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактика хизмати узлуксиз ишловчи «Ишонч маркази» («1259» қисқа рақами)га мурожаат қилинг.

Конституциянинг 26-моддасида «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас», деб ёзиб қўйилган. Бу ҳақида халқаро ҳужжатларда ҳам бир талай бандлар бор.

Лекин токи эркаку аёл ўзини шахс сифатида ислоҳ қилмас, зўравонлик нафақат инсонийлик, балки ҳуқуқ нуқтаи назаридан ҳам нотўғри, унга тоқат қилмаслик кераклигини тушуниб етмас экан ҳамма қилинаётган, қилинмоқчи бўлган ишлат қоғоз ва режаларда қолиб кетаверади. Ракеталар учаверади, само забт этилаверади, вақт келиб инсон бошқа сайёрага ҳам кўчиб кетар, балки. Лекин хотин-қизлар иложсиз, ожизалигича қолиб кетаверади.

Нажотимиз эса фақат илм, ўрганиш — ўрганларимизни ҳаётга татбиқ қилиш. Мақолани Абурауф Фитратнинг бундан қарийб бир асл аввал «Оила» (1914 йилда) номли китобида ёзилган қуйидаги жумлалари билан тугатамиз: «Миллат оналари тарбия ва илм олишлари лозим, ахлоқ ва билимларини камолга етказишлари зарур. Акс ҳолда хотинларимиз эркаклардан ҳам қўрқоқроқ, заифроқ ва ғайратсиз бўлганларидан болаларимиз ҳам уларга ўхшаб кетадилар».

Гулираъно Мусаева тайёрлади.


Тошкент вилоятида 25 ёшли йигит ўлдирилиб, машинаси ёқиб юборилди

Тошкент вилоятида 25 ёшли йигит ўлдирилиб, машинаси ёқиб юборилди

21:18 | 04.10.23 42
Бугундан Green Card учун аризаларни топшириш бошланади

Бугундан Green Card учун аризаларни топшириш бошланади

17:30 | 04.10.23 710
Тошкентда Женисбек Пиязов номидаги биринчи профессионал вокал мактаби очилди

Тошкентда Женисбек Пиязов номидаги биринчи профессионал вокал мактаби очилди

14:57 | 04.10.23 371
Марказий банк AVO bank’ка кредит бериш ва депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлади

Марказий банк AVO bank’ка кредит бериш ва депозит операцияларини амалга оширишни тақиқлади

13:18 | 04.10.23 388
Тошкент метрополитенида поезд тормози ишламай қолди

Тошкент метрополитенида поезд тормози ишламай қолди

12:30 | 04.10.23 720
AquathermTashkent 2023 кўргазмасида AKFA Group радиаторларнинг дизайнерлик қатори тақдим этилади

AquathermTashkent 2023 кўргазмасида AKFA Group радиаторларнинг дизайнерлик қатори тақдим этилади

12:00 | 04.10.23 278