Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигини бузган мансабдорлар 12 млрд сўмдан ортиқ жаримага тортилди
Шунингдек, судлар орқали 5 млрд сўмдан ортиқ иш ҳақи ундириб берилган
Ўзбекистонда 2022 йилнинг биринчи ярмида меҳнат қонунчилигини бузган 6 мингга яқин мансабдор 12 миллиард сўмдан ортиқ жаримага тортилган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида жорий йилнинг 1 ярим йиллигида меҳнат муносабатларига оид жами 11,6 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Шундан, 6 551 таси қаноатлантирилган, 4 546 тасига тушунтириш берилган. Шунингдек, 14 066 та ташкилот ва корхоналарда ўрганишлар ўтказилган ва меҳнат соҳасига оид 41 150 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Ўтказилган ўрганишлар давомида қонунбузилиши ҳолатларни бартараф этиш мақсадида иш берувчиларга 5 688 та ёзма кўрсатма ҳамда 1 866 та тақдимнома киритилиб, 5 935 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 12 миллиард 57 миллион сўмдан ортиқ маъмурий жарималар қўлланилган.
Фуқароларнинг манфаатларида суд органларига 1000 дан ортиқ даъво аризалар киритилган бўлиб, жами 5 миллиарддан ортиқ ойлик иш ҳақи ва бошқа тўловлари ундириб берилган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари энг кўп қайси соҳада бузилгани маълум бўлганди.