Шавкат Мирзиёев Жиддада Саудия валиаҳд шаҳзодаси билан учрашди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17 август кунининг иккинчи ярмида Саудия Арабистонига давлат ташрифи доирасида Жидда шаҳрига келди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Подшоҳ Абдулазиз номидаги халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёевни Макка минтақаси раҳбарлари, инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ва бошқа расмий шахслар кутиб олган. Жидда шаҳридаги «Қаср ас-Салам» саройида Ўзбекистон Президентини расмий кутиб олиш маросими ўтказилган.

Шундан сўнг, Шавкат Мирзиёевни Саудия Арабистонининг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кутиб олган. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортган. Икки давлат мадҳиялари ижро этилган. Кейин Ўзбекистон Президенти  ва Саудия Арабистони подшоҳлиги Валиаҳд шаҳзодасининг музокаралари бўлиб ўтган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув аввалида Ўзбекистон етакчиси Саудия Арабистон подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудга ўзининг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказишни сўраган.

Турли даражалардаги алоқалар анча фаоллашгани мамнуният билан таъкидланган. Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кегашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ортмоқда, қўшма корхоналар ташкил этилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, икки мамлакат муносабатларни, энг аввало савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш учун улкан салоҳиятга эга. Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонига илк давлат ташрифи бунинг учун кенг имкониятлар очишига ишонч билдирган.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ишбилармонларнинг алоқалари учун янада қулай шароитлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, таркибини диверсификация қилиш зарурлиги қайд этилган. Ўзбекистонда Саудия Арабистони фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этилиши бу борада муҳим қадамлардан бири бўлади.

«Бугунги тарихий учрашувимиз ҳамкорлигимизни амалий натижалар билан бойитиш, бизнес алоқалари учун ‘кучли сигналʼ бўлишига аминман. Давлатларимиз тадбиркорлари мулоқотимиз натижаларини интиқлик ва катта қизиқиш билан кутаяпти», — дейди Шавкат Мирзиёев.

Президент Саудиянинг етакчи компанияларини Ўзбекистондаги тижорат банклари, йирик саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чақирган.

Энергетика ва нефть-кимё соҳаларидаги шерикликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани таъкидланган. Бугунги кунда кунда «ACWA Power» компанияси билан жами 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган. Кимё тармоғида «SABIC» компанияси билан шериклик истиқболлидир.

Саудия тараққиёт жамғармаси иштирокида Ўзбекистон ҳудудларида транспорт, сув таъминоти, электр тармоқларини ривожлантириш бўйича инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш масалалари кўриб чиқилган. Ўзбекистон—Саудия Ишбилармонлар кенгашининг навбатдаги йиғилиши муваффақиятли ўтказилгани мамнуният билан қайд этилган. Унинг якунида энергетика, кимё, электротехника, инфратузилмани ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, ахборот технологиялари ва транспорт соҳаларида умумий қиймати 14 миллиард доллардан ортиқ бўлган келишув ва шартномалар имзоланган.

Учрашувда маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, бугунги кунда Ўзбекистонда ўн мингдан зиёд талаба Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг расмий тили ҳисобланган араб тилини ўрганмоқда.

Шунингдек, хавфсизлик соҳасида мулоқотни йўлга қўйиш, Афғонистонда тинчликни мустаҳкамлаш ва иқтисодиётни тиклашга кўмаклашиш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштириш юзасидан якдил фикр билдирилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотида Мулоқот бўйича шерик мақомини олаётганини олқишлаган. Музокаралар натижалари бўйича имзоланган ҳужжатлар алмашилган. Ўзбекистон билан Саудия Арабистони ўртасида кенг қамровли шериклик муносабатларини янада кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилинган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган. Ўзбекистон Президентининг ташрифи шарафига Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд номидан қабул маросими ўтказилган.

Шавкат Мирзиёев 17 август куни Мадинада бўлиб, Масжидун Набавийни зиёрат қилгани ҳақида хабар берилганди.

Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Жаҳон23:58 | 30.9.22
Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Жаҳон23:37 | 30.9.22
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Жамият, Тошкент вил.23:06 | 30.9.22
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
Жаҳон22:35 | 30.9.22
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Жаҳон22:08 | 30.9.22
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади
Жамият21:42 | 30.9.22
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади