Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонида етакчи компаниялар раҳбарлари билан учрашди — фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Жидда шаҳрида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг етакчи компаниялари ва молиявий тузилмалари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Тадбирда инвестициялар вазири Холид ал-Фалиҳ ҳамда  подшоҳликнинг «ACWA Power», «SABIC», «Saudi National Bank», «Al Rajhi Capital», «Ma’aden», «Petromin» «Jamjoom Pharma», «SEDCO», «Salic», «Albawani», «Ajlan & Bros», «Desert Technologies» каби йигирмага яқин энг йирик компания ва корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг хорижга ташрифлари давомида ишбилармон доиралар вакиллари билан учрашувлар ўтказиш анъанага айланган. Бундай мулоқотлар манфаатлар туташган нуқталарни аниқлаш, саноат кооперацияси ва инвестицион ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олиш учун яхши имконият.

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўзаро муносабатларни, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш учун улкан салоҳиятга эга. Кейинги йилларда Ҳукуматлараро комиссия ва Ишбилармонлар кенгашининг йиғилишлари мунтазам ўтказилмоқда. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб, қўшма корхоналар очилмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президентимиз кеча Валиаҳд шаҳзода билан музокараларда икки томонлама савдо айланмасини бир неча карра кўпайтириш, тадбиркорларнинг ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва инвестиция лойиҳаларни молиялаштириш бўйича келишувга эришилганини таъкидлади.

Бу ҳамкорликдаги бизнес учун қулай имконият. Хусусан, Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш, хорижий сармоя иштирокини кенгайтириш учун энг қулай шароитлар яратилмоқда.

Мамлакатимизда муваффақиятли иш юритаётган Саудия компанияларининг тажрибаси кўрсатиб ўтилди. Масалан, «ACWA Power» компанияси билан ҳамкорликда 2 миллиард 600 миллион долларлик йирик энергетика лойиҳалари бошланган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Иштирокчиларнинг эътибори ташриф арафасида ўтган Ўзбекистон-Саудия ишбилармонлар кенгаши йиғилишининг мисли кўрилмаган натижаларига қаратилди. Жумладан, унинг якунида умумий қиймати 14 миллиард долладан зиёд лойиҳаларни амалга ошириш тўғрисида битимлар имзоланди.

Ўтган 30 йилда бундай улкан келишувларга эришилмагани, саудиялик ҳамкорлар учун энг яхши шароитлар яратиш ишлари давом эттирилиши таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари Саудия компанияларини янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга чақирди.

Учрашувда Президент Шавкат Мирзиёев икки томонлама шерикликни ривожлантиришга доир фикрларини баён қилди. Хусусан, саудиялик ишбилармонлар Ўзбекистондаги йирик банклар, саноат ва инфратузилма объектларини хусусийлаштириш жараёнларида иштирок этишга таклиф этилди. Қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун энг истиқболли соҳалар сифатида «яшил» энергетика ва «яшил» иқтисодиёт кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистон шамол электр станцияларини барпо этиш, «яшил» водород ишлаб чиқариш, муқобил энергетикани ривожлантириш, саноатда рақамлаштиришни чуқурлаштириш ва қўшма илмий тадқиқотлар билан шуғулланиш борасида фаол ҳамкорликка тайёр экани таъкидланди.

Мамлакатимиз етакчиси юртимиз рақамли иқтисодиёт, био ва нанотехнологиялар, дастурий таъминот, инновациялар ва сунъий интеллект соҳаларида шерикликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини қайд этди.

Озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, соғлиқни сақлаш ва туризм лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратиш таклиф қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, мамлакатимизда Саудия тараққиёт фонди иштирокида сув ва электр таъминоти борасидаги инфратузилмавий лойиҳаларни такомиллаштириш ишларини давом эттириш режалаштирилган.

Ҳамкорлик қилиш таклифига жавоб берар экан, Саудия Арабистони компания, холдинг ва корпорациялари раҳбарлари Ўзбекистонда фаол бизнес учун яратилган шароитларни юксак баҳоладилар. Ўз чиқишларида улар қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режаларини баён қилиб, турли хил йўналишларда ўзаро алоқалар ва шерикликни ривожлантиришга доир нуқтаи назари билан бўлишдилар.

Президент Шавкат Мирзиёев саудиялик ҳамкорларнинг таклиф ва фикр-мулоҳазаларини диққат билан тинглаб, барча лойиҳаларнинг амалга оширилиши устидан қатъий назорат ўрнатилишини қайд этди.

Мутасаддиларга таъсирчан механизмлар ва аниқ ижро муддатлари кўрсатилган комплекс «Йўл харитаси»ни қабул қилиш топширилди. Шу орқали ташриф доирасида эришилган барча келишувлар ижроси учун тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари шахсан жавобгар бўлади.

Шавкат Мирзиёев 18 август  Саудия Арабистонига давлат ташрифининг иккинчи кунида Жидда шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби Ҳусайн Иброҳим Тоҳа билан учрашганди.

Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Жамият10:56 | 6.10.22
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
Жамият10:38 | 6.10.22
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
Жамият10:17 | 6.10.22
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади
Жаҳон9:33 | 6.10.22
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади
Татаристонда 11-синф қиз «военкомат»га ўт қўймоқчи бўлди
Жаҳон8:42 | 6.10.22
Татаристонда 11-синф қиз «военкомат»га ўт қўймоқчи бўлди
Ўзбекистонда 6 октябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
Жамият7:07 | 6.10.22
Ўзбекистонда 6 октябрь куни кузатиладиган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди