16:40 | 18.08.22 728

Сирдарёда автобус газ баллони портлаши оқибатида 6 киши ҳалок бўлди

ФВВнинг маълум қилишича, ҳодиса сабабли 15 киши жароҳат олган

Сирдарё вилоятининг Оқолтин туманида «Isuzu» русумли автобусга ўрнатилган газ баллонида ёрилиш содир бўлди, деб хабар берди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 18 август куни тахминан соат 14:30 да Оқолтин тумани ҳудудида жойлашган автомобилларга газ тўлдириш шохобчасида Хоразм вилояти Боғот туманидаги автомактабга тегишли бўлган «Isuzu» русумли автобус метан газ тўлдириб чиққан вақтда, унга ўрнатилган газ баллонларининг бирида ёрилиш содир бўлган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши воқеа жойида вафот этган ва 15 киши тан жароҳати олган.

Қайд этилишича, ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти бошчилигида ишчи гуруҳ етиб борган. Шунингдек, воқеа жойида вилоят ҳамда туман ФВБ, ИИВ, ССВ раҳбарияти, прокуратура ходимлари ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қашқадарёда тўхтаб турган «Cobalt» машинасининг газ баллони портлаб кетгани, Сирдарёда «Nexia-3»нинг газ баллони портлагани ҳақида хабар берилганиди.