Ўзбекистонда ҳар йили қанча қаттиқ маиший чиқинди ҳосил бўлаётгани маълум қилинди
Аҳолининг кўпайиш суръати ҳисобига бу борадаги кўрсаткичлар ошиб боради
Ўзбекистонда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиллик ҳосил бўлиш ҳажмининг прогнози 14-14,5 миллион тоннани ташкил этади. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Бахитбай Алдамуратов маълум қилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, аҳолининг ўртача 1,5 фоизга кўпайиш суръатини ҳисобга олганда, ушбу кўрсаткич 2028 йилга келиб 16-16,7 миллион тоннага етиши мумкин.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ҳар йили дунёда 12 миллиондан ортиқ киши атроф-муҳит ифлосланиши туфайли келиб чиқаётган глобал экологик муаммолардан вафот этмоқда.
«Мамлакатимизда чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш масаласи бутун дунёдаги каби долзарбдир. Уларнинг ҳосил бўлиши кўп омилларга боғлиқ бўлиб, улардан кўпроқ аҳамиятга эгалари аҳоли даромади, истеъмолчиларнинг хатти-ҳаракати, бозорда янги қадоқланган маҳсулотларнинг пайдо бўлиши ва демографик кўрсаткичлар ҳисобланади», — дейди Алдамуратов.
Таъкидлаш керакки, Президентнинг 2022 йил 11 августдаги «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни ташкил этиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан соҳада яна бир бор қўшимча кафолат ва имтиёзлар берилмоқда.
Аввалроқ Жиззахдаги махсус полигонда қарийб 3,5 миллион тонна чиқинди йиғилиб қолгани маълум бўлганди. Мазкур полигонга Жиззах шаҳри ва учта тумандан кунига 400 тоннадан зиёд чиқинди олиб келинади.