Шавкат Мирзиёев Ислом бирдамлиги ўйинларида иштирок этган ўзбекистонлик спортчиларни табриклади

Туркиянинг Коня шаҳрида 5–18 август кунлари В Ислом бирдамлиги ўйинлари бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев мусобақада иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси иштирокчиларига табрик йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон делегацияси 19 август куни Тошкент халқаро аэропортида кутиб олинди. Абдулла Арипов тантанали тадбирда спортчиларни Президент номидан табриклади. Ушбу тадбир муносабати билан пойтахтнинг айрим кўчаларида автомобиль ҳаракати тўхтатиб турилди.

«Қадрли спортчи ва мураббийлар!

Муҳтарам юртдошлар!

Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Туркия Республикасининг Кўнё шаҳрида ўтказилган бешинчи Ислом бирдамлиги ўйинларида муносиб иштирок этиб, юксак натижаларни қўлга киритганингиз билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Жонажон Ватанимизда миллий мустақиллигимизнинг ўттиз бир йиллик шонли санасига бағишлаб катта тайёргарлик ишлари олиб борилаётган ушбу шукуҳли дамларда сизларнинг кескин курашларда кечган беллашувларда эришган ютуқларингиз эл-юртимиз учун муносиб байрам совғаси бўлди.

Ҳар тўрт йилда бир марта ўтказиладиган мазкур нуфузли спорт анжуманида юртдошларимиз сизларнинг ҳар бир чиқишингизни оммавий ахборот воситалари ва Интернет орқали катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борди. Бутун Ўзбекистон сизларни қўллаб-қувватлаб, Яратгандан омад ва зафарлар тилади.

Дунёнинг 56 та давлатидан 4200 нафар спортчи иштирок этган ушбу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари улкан маҳорат, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 51 та олтин, 42 та кумуш ва 65 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.

Айниқса, Ўзбекистон вакиллари Эрон, Озарбайжон, Индонезия, Саудия Арабистони, Қозоғистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар, Кувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида Туркия Республикасидан кейин фахрли иккинчи ўринни эгаллаганлари мамлакатимиз спортида яна бир ёрқин саҳифа бўлди.

Ўзбек спортининг ифтихори бўлган Руслан Нуриддинов, Акбар Жўраев, Сарварбек Зафаржонов, Турсуной Жабборова оғир атлетика, Ольга Забелинская велоспорт мусобақаларида учтадан олтин медални қўлга киритгани спорт тарихида камдан-кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.

Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Улуғбек Рашидов, Адҳамжон Эргашев, Сафина Садуллаева, Диёра Келдиёрова, Шарифа Давронова ва бошқа спортчиларимизнинг истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди.

Ушбу мусобақаларда Ўзбекистон паралимпиячилари ҳам юксак жасорат ва матонат намуналарини кўрсатганларини алоҳида таъкидлаш лозим. Айниқса, Азизбек Бойназаров, Омадбек Ҳасанов, Султонбек Нуриддинов, Бахтиёр Ортиқов, Расул Атамуратов каби спортчиларимиз ҳақиқий фидойилик фазилатларини намоён этиб, миллий жамоамизнинг муваффақиятига муносиб ҳисса қўшдилар.

Азму шижоатли ўғил-қизларимиз оғир атлетика, дзюдо бўйича тенгсиз, қиличбозлик, таэквондо, спорт курашлари, сузиш мусобақаларида эса етакчилар сафида эканларини амалда исботладилар.

Қадимий Кўнё заминида эришилган бундай ютуқлар биз учун улкан аҳамиятга эга бўлиб, сизлар шу тариқа миллий спорт мактабимизнинг шон-шуҳратини, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини жаҳонга намоён этдингиз.

Ҳеч шубҳасиз, сизларнинг Ислом бирдамлиги ўйинларида Ватанимиз байроғини баланд кўтариб, юксак шоҳсупаларни забт этганингиз мамлакатимизда соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантириш мақсадида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг яна бир амалий натижаси сифатида кўпмиллатли халқимизни беҳад қувонтиради, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Фурсатдан фойдаланиб, сизлар каби юртимизга меҳр ва садоқат билан яшайдиган, ватанпарвар ва салоҳиятли ёшларни тарбиялаб вояга етказгани учун ота-оналарингизга, ёнингизда туриб, эришилган ютуқларни таъминлашга муносиб ҳисса қўшган заҳматкаш устоз ва мураббийларингизга ўз номимдан, халқимиз номидан чин дилдан ташаккур изҳор этаман.

Йирик халқаро спорт беллашуви – Ислом бирдамлиги ўйинларида қўлга киритган тарихий натижаларингиз билан сизларни яна бир бор самимий қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, келгуси фаолиятингизда янги-янги зафарлар, оилаларингизга бахту саодат, файз-барака тилайман.

Доимо бахтингиз, омадингизни берсин, азиз фарзандларим!»

Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Эслатиб ўтамиз, Президент Конья шаҳрида бўлиб ўтган В Ислом бирдамлиги ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар ҳамда уларнинг тренерларини бир марталик пул мукофоти билан рағбатлантириш бўйича қарор имзолаган. Унга кўра, олтин медаль учун 5 минг доллар, кумуш медаль учун 3 минг доллар, бронза медаль учун 2 минг доллар пул мукофоти берилади.

Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Жаҳон23:58 | 30.9.22
Ҳарбийлар билан селфи тушаётган вице-президент, Виндзордаги кийиклар подаси, тўфон келтирган талафотлар — бугун суратлари
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Жаҳон23:37 | 30.9.22
Apple Россиядаги аксарият ходимларини Қирғизистонга кўчирди
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Жамият, Тошкент вил.23:06 | 30.9.22
Тошкентда қизларни Туркияга фоҳишаликка жўнатмоқчи бўлган икки аёлга суд ҳукми ўқилди
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
Жаҳон22:35 | 30.9.22
Ўзбекистонга илк бор Техас штати савдо миссияси келади
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Жаҳон22:08 | 30.9.22
АҚШ Сенати Украинага қўшимча 12,4 млрд долларлик ёрдам лойиҳасини маъқуллади
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади
Жамият21:42 | 30.9.22
Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича «йўл харитаси» қабул қилинади