Тошкентда атир дўконини 41 ёшли эркак ёқиб юборгани аниқланди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилмоқда
Тошкент шаҳри Яшнобод туманида 18 августга ўтар кечаси атир-упа дўкони ёниб кетгани хабар қилинганди. Пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, тахминан соат 02:00 да Яшнобод тумани Тузел-2 даҳасида жойлашган дўкон ва гўзаллик салонида ёнғин содир бўлган. Ўтказилган текширув жараёнида ёнғин 1981 йилда туғилган Н.Ж. томонидан содир этилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Яшнобод тумани ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда.

Маълумот ўрнида, ёнғин оқибатида фуқароларни тан жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари йўқ. Ҳозирда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаби ва келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.
Аввалроқ Тошкентдаги кўп қаватли уйларнинг бирида ёнғин содир бўлгани, Мирзо Улуғбек туманида янги қурилаётган 5 қаватли бинода содир бўлган ёнғин бартараф этилгани тўғрисида хабар берилганди.