Тошкентдаги мактабда 9–12 ёшли қизларга уятсиз ҳаракатлар содир этган психологга суд ҳукми ўқилди
Эркак шаҳар клиник психиатрия шифохонасига жойлаштирилганди
Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 158-сонли мактабда психолог ўқувчи қизларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этгани маълум қилинганди. «NeMolchi.uz» эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилганини маълум қилди.

Маълумотларга кўра, Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди 3 ва 5-синф ўқувчиларига нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этган мактаб психологига нисбатан 19 август куни ҳукм чиқарган.
Унга кўра, эркакка Жиноят кодексининг 129-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, 2 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун жазо кучайтирилиши хабар қилинганди. Шунингдек, Тошкент метрополитенида 13 ёшли қизга номақбул ҳаракатлар қилган эркакка жиноят иши очилган.