Бугун оқшоми. «Тахтиравон»даги ҳоким, Андижонда ўз жонига қасд қилган тадбиркор ва яна Обломуродов

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Куз яқин: «Ўзгидромет» Ўзбекистон бўйлаб 22–25 август кунлари кузатиладиган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Фото: «Bugun.uz»

Унга кўра, Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятида ҳаво бироз булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Шимоли-шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат 22 августда кечаси 11–16 даража, кундузи 24–29 даража, 23–25 августда кечаси 12–17 даража, кундузи 27–32 даража бўлади.

Республиканинг тоғли ҳудудларида ҳаво бироз булутли бўлади, баъзи жойларда ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шимоли-шарқий шамол йўналишини ўзгартириб, шарқдан 7–12 метр/секунд тезликда эсади. Ҳарорат кечаси 8–13 даража, кундузи 15–20 даража бўлади.

Юқорида ҳаво ҳарорати нисбатан пастлайдиган ҳудудлар санаб ўтилди. Республиканинг барча ҳудудларига оид об-ҳаво маълумоти билан танишиш учун бу ерни босинг.

Яна ва яна Обломуродов: Экоқўмита раисининг жияни раҳбарлик лавозимига тайинлангани хабар қилинди.

Давлат экология қўмитаси раиси Назрулло Обломуродовнинг жияни раҳбарлик лавозимига тайинлангани хабар қилинди. Қўмита ахборот хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.

Фото: Давлат экология қўмитаси ахборот хизмати

Келтирилишича, «Экоқўм раиси Обломуродовнинг жияни Тошкент шахар давлат экологик экспертиза маркази филиалига бошлиқ бўлди» мавзусидаги хабар ижтимоий тармоқларда тарқалган.

«Давлат экологик экспертизаси маркази тизимида бир неча йиллардан буён фаолият юритиб келаётган Ш. Муминов Давлат экологик экспертизаси маркази Бош директорининг буйруғига асосан Давлат экологик экспертизаси марказининг Тошкент шаҳар филиали директори лавозимига муносиб номзод топилгунга қадар директор вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган. Шунингдек, ушбу ходимнинг қўмита раисига қариндошлик алоқаси ҳақидаги важлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз», дейилади муносабатда.

Бироз аввал Нарзулло Обломуродов бир вақтнинг ўзида 5 та хизмат машинасидан фойдаланиши хабар қилинганди. Қўмита ахборот хизматига кўра, раисга 1 та «Mercedes» автотранспорт воситаси бириктирилган. Шунингдек, зарур ҳолларда хизмат вазифасини ўташ давомида олис ва чекка ҳудудларга хизмат сафари вақтида ёқилғи харажатларини тежаш мақсадида техник кўмак маблағлари ҳисобидан харид қилинган навбатчи электромобил ишлатилиши мумкин.

Андижон туман ҳокими «тахтиравон»да фуқаролар қабулини ўтказганига муносабат билдирилди.

Андижон тумани ҳокими Абдужаббор Эгамбердиев 20 август куни ҳокимлик биноси ҳовлисида фуқаролар учун оммавий сайёр қабул ўтказди. Ушбу жараёнда ҳоким айвон ичида, мурожаатчилар эса айвон ташқарисида ўтиргани ижтимоий тармоқда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Telegram’даги «TentakMinds» канали ҳокимнинг бундай қабул ўтказишини Бухоро аркида ўтириб, фуқаролардан мурожаат қабул қиладиган амирларга қиёслаган. «Ҳозирги хоқонларда ҳам аждодлар қони оқмоқда. Суратда Андижон тумани ҳокими тахтиравонда халқ дардини тинглаётур», — деб ёзади муаллиф.

Фото: Андижон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Ҳокимлик ахборот хизмати 20 август куни ушбу ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, суратдаги фуқаро ҳокимга миннатдорлик билдириш мақсадида қўшни тумандан келган. Эгамбердиев эса бу жараёнда ижтимоий масофа сақлаган.

«Мазкур фотолавҳадаги фуқаро қўшни тумандан С.Қодиров бўлиб, туман ҳокимига миннатдорлик билдириш учун келган. Сабаби, ушбу фуқарога такрорий экин экиш учун Чўлпон массиви «Шокиржон» фермер хўжалигидан белгиланган тартибда экин ери ажратиб берилган. Мазкур ажратилган ердан унумли фойдаланган фуқаро туман ҳокими сайёр қабулига амалга оширилаётган ислоҳотлардан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга берилаётган имкониятлардан миннатдор эканлигини етказиш учун келгани аниқланди.

Туман ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари ушбу фуқаро билан мулоқот қилганда туман ҳокимидан миннатдор эканлиги ва яхши муносабатда бўлганини билдирди. Туман ҳокими ижтимоий масофа сақлагани юзасидан ҳеч қандай эътирози йўқлигини таъкидлади. Эслатиб ўтамиз, Андижон туманида фуқаролар мурожаатлари бўйича сайёр қабуллари ҳафтанинг ҳар шанба куни туман ҳокимлигининг очиқ ҳудудида фуқаролар билан ижтимоий масофа сақланган ҳолатда бўлиб ўтади», дейилади муносабатда.

Ҳар ёзда шу бўлар такрор: Чирчиқ дарёсига рангли оқовалар ташланаётгани аниқланди.

Чирчиқ дарёсининг Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани Чингелди маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмига рангли эритмалар билан ифлосланган оқовалар ташланаётганлиги аниқланди. Экология қўмитаси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Фото: Экология қўмитаси ахборот хизмати

Қайд этилишича, ушбу оқоваларнинг ҳосил бўлиш манбаи Тошкент вилояти Байтқўрғон маҳалласида жойлашган «Чирчиқ оқова тозалаш иншооти» эканлиги маълум бўлган. Ҳолат бўйича лаборатория таҳлилларини ўтказиш мақсадида Давлат экология қўмитасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат марказининг мутахассислари жалб этилган.

Сув таҳлиллари учун Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг Чирчиқ дарёсига чиқарувчи оқова сувлари ташлама нуқтасидан, оқоваларни дарёга қўшилиш ва 500 метр қуйи нуқталаридан сув намуналари олиниб, таҳлиллар ўтказилмоқда. Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан Чирчиқ оқова тозалаш иншоотининг ҳолати, технологик жараёнлари ўрганилганда тозалаш самарадорлиги 40-50 фоиздан ҳам пасайиб кетгани тасдиқланган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 19 август куни ҳам Тошкент вилояти Қибрай туманидаги Чирчиқ дарёсига қизил рангдаги сув оқизилаётгани ҳақида хабар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги рангли сув Чирчиқ оқава сувларни тозалаш иншоотидан дарёга оқизилганини аниқлаган. Иншоотда тозаланган сувдан намуна олиб текширилганда, дарёга чиқарилган оқава таркибидаги ранг текстиль корхоналарида фойдаланиладиган бўёқ экани маълум бўлган.

Андижонда тадбиркор ўз жонига қасд қилди. Прокуратура ҳолатни ўрганмоқда.

Андижон вилояти Улуғнор туманида фаолият олиб борувчи «Такомил қурилиш сервис» масъулияти чекланган жамияти раҳбари ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар берилганди. Вилоят прокуратураси ҳолат юзасидан маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Қайд этилишича, 20 август куни Улуғнор тумани Бобур маҳалласи Фурқат кўчасида яшаган фуқаро В.А. Жалақудуқ туманидаги 29-сонли мактаб спорт залида ўзини осиб ўз жонига қасд қилган.

Марҳумнинг танаси суд-тиббий экспертизаси бюроси экспертлари иштирокида кўздан кечирилганида унинг баданида бўйнидаги осилишдан қолган странгуляцион эгат кўринишидаги излардан ташқари бирон-бир тан жароҳатлар аниқланмаган.

Ҳозирда марҳумнинг ўз жонига қасд қилганлиги сабабларини аниқлаш юзасидан Жалақудуқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда. Текширув ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган бўлиб, натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Хўш, оламда нима гап?

Туркиянинг Газиантеп провинциясида 20 август куни йўловчи автобуси тез ёрдам, ўт ўчириш ва журналистлар бўлган машинага бориб урилган. ЙТҲ оқибатида 15 киши ҳалок бўлган. Шунингдек, Мардин провинцияси Дерик туманида юк машинаси ва иккита енгил машина иштирокида «авария» содир бўлган. Юқори тезликда келиб, машиналарга урилган юк машинаси атрофдагиларни босиб кетиши оқибатида 20 киши ҳалок бўлган.

Фото: «Ntv.com.tr»

Шавкат Мирзиёев мазкур йўл ҳаракати ҳодисалари оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия мактуби йўллади. Давлат раҳбари марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳатланганлар тезда соғайиб кетишини тилади.

Дунёнинг етакчи олимлари иқлим ўзгаришига қарши курашнинг фойдасизлиги ҳақида меморандум имзолади.

Дунёнинг мингдан ортиқ олимлари Бутунжаҳон иқлим декларациясини имзолади. Унда Ерда иқлим ўзгариши билан боғлиқ ҳеч қандай ҳалокатли вазият йўқлиги, барча жараёнлар эса керакли даражада кетаётгани ва глобал исишга антропоген омилнинг таъсири бўрттирилгани қайд этилган.

Фото: «Reuters»

Келтирилишича, олимлар ҳужжатда ваҳима қўзғашни тўхтатишга чақирган. Чунки сайёра тарихида исиш даврлари кўп маротаба совиш билан алмашган ёки аксинча бўлган. Масалан, ҳозирда (геологик меъёрлар бўйича) кичик музлик даври тугаганидан кейинги исиш даври давом этмоқда.

«Охирги кичик музлик даври яқинда — 1850 йилда тугаган. Шунинг учун ҳозир исиш даврини бошдан кечираётганимиз ажабланарли эмас», дейилади ҳужжатда. Олимларнинг фикрича, инсон фаолияти маълум даражада иқлимга таъсир қилади, аммо айни пайтда ҳолат «инсониятни қутқариш» учун дея эътибор тўплаш ҳаракат қилаёиган сиёсатчилар айтаётган даражада эмас.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Ёнаётган баррикада, намойишга чиққан истеъфодаги ҳарбийлар, Таиланддаги ноодатий фестиваль — бугун суратлари
Жамият23:37 | 27.9.22
Ёнаётган баррикада, намойишга чиққан истеъфодаги ҳарбийлар, Таиланддаги ноодатий фестиваль — бугун суратлари
Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Жамият22:02 | 27.9.22
Ўзбекистондаги қурилиш институтлари Туркия университетлари билан ҳамкорлик қилади
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Жамият21:39 | 27.9.22
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Жамият21:00 | 27.9.22
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият20:54 | 27.9.22
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Жамият20:13 | 27.9.22
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди