15:23 | 22.08.22 459

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан ҚҚС 12 фоизга туширилади

Алоҳида тоифадаги тадбиркорлар бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбуриятидан озод этилади.

Ўзбекистонда 2023 йил 1 январдан бошлаб микробизнес учун айланмадан олинадиган солиқ бўйича ягона ставка жорий этилади. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бошлангани тўғрисида хабар берилганди. Мулоқотда давлат раҳбари соҳа вакилларини қўллаб-қувватлаш юзасидан 5 та йўналишда ташаббусларни билдирган.

Таъкидланишича, 2023 йил 1 январдан бошлаб микробизнес учун айланмадан олинадиган солиқнинг амалдаги 4 фоиздан 25 фоизгача бўлган ставкалари ўрнига ягона 4 фоизли солиқ ставкаси жорий этилади.

Бунда, олис ҳудудлардаги ва алоҳида тоифадаги тадбиркорлар учун амалдаги 1 ва 2 фоизли ставкалар сақлаб қолинади. Ёки улар ихтиёрий равишда йилига 20-30 миллион сўм тўласа, бухгалтерия ҳисобини юритиш ва солиқ идораларига тақдим этиш мажбуриятидан озод этилади.

Иккинчи тоифа, яъни айланмаси 1 миллиард сўмдан ошиб, умумий солиқ тўлаш тартибига ўтган корхоналар бир йил давомида фойда солиғини 2 баробар кам тўлайди.

«Ушбу имкониятлар 370 минг тадбиркорга енгилликлар яратади ва уларга жуда катта стимул беради», — дейди давлат раҳбари.

Президент тез ўсиб бораётган юқори салоҳиятли ўрта корхоналар сонини ҳозирги 3,5 мингтадан 10 мингтага етказиш зарурлигини таъкидлаган.

Бунинг учун, 2023 йил 1 январдан:

  • кичикдан ўрта бизнесга ўтган корхоналар икки йил давомида фойда солиғининг фақат 50 фоизини тўлайди;
  • мулкни суғурта қилиш харажатларининг 50 фоизи давлат ҳисобидан қоплаб берилади;
  • соддалаштирилган солиқ, молиявий ва статистика ҳисоботлари жорий этилади;
  • давлат харидларида 20 фоиз квота ўрнатилиб, ушбу харидлар доирасида уларга олдиндан 50 фоиз маблағ тўлаб берилади (амалда 15 фоиз).

Очиқ мулоқотда кичик ва ўрта бизнес учун энг муаммоли масалалардан бири қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва қайтариш билан боғлиқлиги таъкидланди.

Президент 2021 йилги тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида бизнес учун солиқ юкини тушириш сиёсатини давом эттириб, қўшилган қиймат солиғи ставкасини янада туширишга ваъда берган эди.

«Очиқ айтишим керак, ‘иқтисодиёт пандемия туфайли ҳали тўлиқ тикланмади, жаҳон иқтисодиётидаги вазият яхши эмас, шу сабабли буни кейинга қолдирайлик’, деб таклиф берганлар ҳам бўлди. Лекин сизларни ишонтириб айтаман: биз ислоҳотлар йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаймиз ва 2023 йил 1 январдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкасини 12 фоизга туширамиз!», — дейди Шавкат Мирзиёев.