Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди
Россиянинг Ульяновск вилояти Николаевский туманида 21 август куни икки юк машинаси микроавтобус билан тўқнашиб кетди. Бунинг оқибатида 14 киши ҳалок бўлиб, 3 киши жароҳатланган.

Ульяновск вилояти ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Қирғизистон фуқароларининг нобуд бўлгани ва жиддий жароҳат олгани муносабати билан Шавкат Мирзиёев 22 август куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга ҳамдардлик билдирди.

Қардош Қирғизистон халқига чуқур таъзия изҳор этиб, давлат раҳбари ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик сўзларини етказишни сўради, жабрланганлар шифо топишини тилади.
Аввалроқ Садир Жапаров 23 августни Россиянинг Ульяновск вилоятидаги йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлганлар хотирасига умумхалқ мотам куни деб эълон қилганди.
Шавкат Мирзиёев Туркиянинг Мардин ва Газиантеп провинцияларида йирик йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлгани оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани муносабати билан 21 август куни Ражаб Тоййиб Эрдўғонга таъзия мактуби йўллаганди.