Бугун оқшоми. Афғонистон билан чегарада ҳалок бўлган 2 киши, сув босган метро, «роддом»дан чиқмасдан вафот этган чақалоқ

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Бошқа давлатларда метро романтика, кутилмаган танишув ва охирида бахтли бўлиб кетиш билан ассоциация қилинган бўлса, бизнинг севимли метромиз ўзининг (ва унчалик ҳам ўзига боғлиқ бўлмаган) «ишкаллари» билан боғланган. «Биз ҳали синмадик», дегандек бугун метрони сув босган.

Фото: «Nova24»

Тошкентдаги «Буюк Ипак йўли» метро бекати салкам сув остида қолди. Бунга «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан олиб борилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари сабаб бўлган.

Тошкентдаги «Буюк Ипак йўли» метро бекати салкам сув остида қолди. Бунга «Тошиссиққуввати» ДУК томонидан олиб борилаётган куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари сабаб бўлган. «Буюк ипак йўли» метро бекатининг юқори қисмидан ўтган иссиқлик қувурларига синов тариқасида сув юборилган ва диаметри 400 бўлган қувур ишдан чиқиб, метро бекатига сув сизиб (видеодан кўриш мумкинки, тошиб) чиққан.

Бор гап шу. Оқибатда зарарланганлар йўқ, поездлар жадвал (хоҳласа 5, хоҳламаса 7 дақиқа ёки ундан узоқда келадиган поездда шу нарса бор экан, ҳа!) асосида ҳаракатланган.

«Буюк ипак йўли»дан узоқлашмаймиз: Шавкат Мирзиёев Самарқандда. Президент у ерда шундай номли халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев 23 август куни Самарқандга борди. Президент вилоятда «Буюк ипак йўли» халқаро туризм марказининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишдан ташқари бунёдкорлик ишлари билан танишади.

«Бу даҳшат!»: ОТМга тест топширган абитуриентларнинг ярмидан кўпи ўтиш баллини тўплай олмаган.

Фото: «Bugun.uz»

Ўзбекистонда 2022/2023-ўқув йилида 1 миллион 73 минг 821 нафар абитуриент тестга кирган бўлиб, 550 минг нафари (51,2 фоизи) ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни ҳам тўплай олмаган. Бу ҳақда Хушнудбек Худойбердиев хабар бериб, «бу даҳшат!» дея изоҳлаган. Ўтган йили бу кўрсатгич 36 фоизни ташкил қилган.

«Албатта, бунда мажбурий блокдаги осон саволларга бериладиган баллар миқдори камайтирилиб, мутахассислик фанига катта урғу берилгани ҳам сабаб бўлди», — дея изоҳлайди Хушнудбек Худойбердиев.

Фото: Telegram / Хушнуд Худойбердиев

2022 йилда энг ёмон кўрсаткич, худди ўтган йилда бўлганидек Тошкент вилоятида (55,9 фоиз), нисбатан яхшироқ натижа эса худди ўтган йилдагидек Тошкент шаҳрида (45,2 фоиз) қайд этилган.

9 та ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олган. Фақат 5 тагина ҳудудда бу кўрсаткич 50 фоиздан камроқни ташкил қилган. Булар — Тошкент шаҳри, Бухоро, Фарғона, Хоразм ва Самарқанд вилоятларидир.

Ўзбекистон–Афғонистон чегарасидаги вазият оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 6 киши яраланди.

Сурхондарё вилоятидаги Пайғамбар ороли ҳудудида 21 август куни бир гуруҳ Афғонистон фуқаролари Давлат чегарасини бузиб, ўз қайиқларида юқорида қайд этилган оролда тургани кўрингани ҳақида хабар берилганди. Ушбу воқеа бўйича қўшимча маълумот берилди. Маълум қилинишича, воқеа оқибатида 2 киши ҳалок бўлган.

Фото: «Bugun.uz»

Таъкидланишича, Афғонистон ва Ўзбекистон Республикаси махсус хизматларининг ваколатли вакиллари ўртасида Давлат чегарасида вужудга келган вазият бўйича музокаралар ўтказилган. Учрашув давомида ҳар икки томондан ҳам мазкур ҳудудда тарангликни юзага келтирган айрим қоидабузарликларга йўл қўйилгани қайд этилган.

Ҳозирги пайтда ҳодиса юзасидан пухта текширувлар ўтказмоқда. Ўзбекистон икки нафар ҳалок бўлганларнинг оилаларига таъзия билдирган, олти нафар яраланганларга барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда, ушланган шахсларни ўз ватанига қайтаришга тайёрлаш жараёнлари якунланмоқда.

Фарғонада 2 кунлик чақалоқ вафот этди. Унинг ўлимига касалликлар сабаб бўлган.

Бош прокуратура Фарғона вилояти Бешариқ туманида икки кунчлик чақалоқ вафот этгани айтилган хабарлар юзасидан расмий маълумот берди.

Фото: «Bugun.uz»

Маълум қилинишича, туман тиббиёт бирлашмасининг туғруқхонасида 5 август куни туғилган ўғил жинсли чақалоқ «икки томонлама зотилжам, ҳомила инфекцияси, туғма юрак нуқсони, нафас етишмовчилиги 2-3 даражаси» ташхиси билан 7 август куни вафот этган.

Ҳозирда Бешариқ тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.

«ZIP формат»:

  • Бирданига иккита яхши хабар: Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилди ва унинг ҳудуди ҳеч қандай ҳудуднинг ободонлаштириш ёки қурилиш ишларига берилмайди;
  • 2022 йил 31 декабргача қаровсиз қолган дарахтлар хатловдан ўтказилади ва яқин ҳудуддаги мулкдорларга бириктирилади;
  • Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 98 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинади. Шунингдек, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида мобил интернет қамрови 60 фоизга етказилади;
  • «Uzbekistan Airways» Самарқанддан амалга ошириладиган қатор рейсларни бекор қилди. Компания буни Самарқанд халқаро аэропортидаги «техник носозлик» билан изоҳлади. Аммо олдинроқ ШҲТ саммити сабабли аэропорт уч кун фаолият кўрсатмаслиги ҳақида хабар берилганди.
  • Нуқта: Туркия ва Сурия президентлари Ўзбекистонда учрашиши рад этилди. Башар ал-Асад Самарқанддаги ШҲТ саммитига таклиф қилинмаган.

Хўш, оламда нима гап?

Россия 23 август куни зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгашини чақирмоқчи. Мавзу: Запорожье атом электр станцияси ва журналист Дарья Дугинанинг ўлдирилиши.

Фото: «Getty Images»

Россия 23 август куни зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгашини чақирмоқчи. Унда Запорожье атом электр станцияси ва журналист Дарья Дугинанинг ўлдирилиши муҳокама қилинади. Украинанинг БМТдаги доимий ваколатхонаси ўз манбаларига таяниб, бу бўйича маълумот берган.

«Бу Россия делегациясининг БМТ Хавфсизлик Кенгаши воситаларидан, биринчидан, 24 августга режалаштирилган йиғилишни тўхтатиш, иккинчидан, Украинани Россиянинг ўзи мунтазам равишда амалга оширадиган Запорожье атом электр стансиясини ўққа тутганликда айблашга уринишдир», — дейди аноним манба.

Бундан ташқари, Россия 23 август куни БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишида Дарья Дугинанинг ўлдирилиши мавзусини кўтаради. Бу ҳақда Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя маълум қилган.

«Дарья Дугинанинг ўлдирилиши Украина давлатининг табиатини кўрсатади, Киевнинг диверсантлар билан алоқаси яққол кўриниб турибди», — деган Небензя.

Маълумот ўрнида, файласуф ва жамоат арбоби, шунингдек, «рус дунёси» идеологи Александр Дугиннинг қизи, журналист Дарья 20 август куни тунда Москва вилоятида ҳалок бўлган. У бошқараётган машина ҳаракатланаётганда портлаб кетган ва ёнган. Ҳозирда экспертлар ҳодиса сабабларини аниқламоқда.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Жамият21:39 | 27.9.22
Сурхондарё ҳокими Тўра Боболовга жарима қўлланилиб, бир қатор туман ҳокимлари ишдан олинди
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Жамият21:00 | 27.9.22
Бугун оқшоми. Кесиб ташланган чинорлар, ядро қуроли билан таҳдид қилган Медведев, 27,5 минг вольтли ток уришидан омон қолган бола
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Жамият20:54 | 27.9.22
Ўзбекистонда пахта теримида мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳокимлар жиноий жавобгарликка тортилади
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Жамият20:13 | 27.9.22
Қашқадарёда канал ёнидан 15 ёшли боланинг жасади топилди
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Жаҳон19:23 | 27.9.22
Эрондаги намойишларда 40 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Соатига 30 километр тезликда ҳаракатланувчи автомобиллар ва 15 дақиқалик шаҳар концепцияси: пиёда сайр қилиш учун идеал шаҳар Париж ҳақида
Жамият19:19 | 27.9.22
Соатига 30 километр тезликда ҳаракатланувчи автомобиллар ва 15 дақиқалик шаҳар концепцияси: пиёда сайр қилиш учун идеал шаҳар Париж ҳақида