0:23 | 23.08.22 56

Ҳиндистон уруш фонида «дунёни боқишга» тайёрлигини эълон қилди

Мамлакат буғдой етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда туради

Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Россиянинг Украинага ҳужуми  фонида мамлакат «дунёни боқишга» тайёрлигини айтди. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.

Фото: «Xinhua»

Нашрга кўра, бу баёнотдан кейин тўрт ой ўтгач, Ҳиндистон ҳукумати дон импорти масаласини кўриб чиқиши керак. «Food Corp. of India» ҳукумат захиралари августда 14 йил ичидаги энг паст даражага тушгани, истеъмолчи буғдой инфляцияси эса 12 фоиз атрофидалигини таъкидлаган. Буғдой етишмаслиги таҳдиди ва нархларнинг ошиши расмийларни хориждан харид қилишга ундаши мумкин.

«Ҳиндистон ҳукумати расмийлари буғдойга 40 фоиз импорт божини камайтириш ёки йўқ қилиш масаласини муҳокама қилмоқда», дейди аноним манба.

«Ҳиндистон импортни кўпайтириш орқали ички буғдой таъминотини оширишни кўриб чиқиши мумкин. Маҳаллий улгуржи буғдой нархи жаҳон нархларидан паст бўлгани сабабли, импорт божларини пасайтириш ҳам мақбул вариант бўлади», — дейди «Nomura Holdings Inc.» иқтисодчиси Сонал Варма.

Ҳиндистон буғдой етиштириш бўйича дунёда иккинчи ўринда турганига қарамай, ҳеч қачон йирик экспортчи бўлмаган. Бундан ташқари, мамлакат ҳар йили ўз маҳсулотининг атиги 0,02 фоизини импорт қилган. Ҳокимият ҳозирда 2021–2022 йиллардаги ҳосилни 98-102 миллион тонна прогнозга нисбатан 107 миллион тонна атрофида бўлишини кутмоқда.