Ўзбекистонда аҳоли яшайдиган ҳудудларнинг 98 фоизи мобил алоқа билан қамраб олинади
«2022–2023 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Қарорга мувофиқ, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасини 2022-2023 йилларда янада ривожлантиришнинг асосий вазифалари белгиланган. Жумладан:
2022 йил якунигача:
- аҳоли яшаш масканларини мобил алоқа тармоғи билан қамраб олиш даражаси 98 фоизга, халқаро аҳамиятга эга автомобиль йўлларида мобил интернет қамрови 60 фоизга етказилади;
- 40 минг километр оптик толали алоқа линияларини қуриш орқали қамров 80 фоизга етказилади;
- электрон давлат хизматлари кўрсатилишига хусусий секторни жалб қилиш орқали фойдаланувчилар сони 2 баробарга етказилади.
2023 йил якунигача:
- рақамли технологиялар соҳасида йилига 6,5 минг нафардан ортиқ ёшларнинг ахборот технологиялари йўналишида таълим олиши йўлга қўйилади;
- давлат органлари, шу жумладан маҳаллий ҳокимлик органларида ҳамда иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларидаги корхоналарда 214 та ахборот тизими ва дастурий маҳсулотлар жорий этилади.
2022 йил 1 сентябрдан республиканинг барча ҳудудларида ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали масофавий хизматларни экспорт қилиш марказлари босқичма-босқич ташкил этилади.
2023 йил 1 январдан тегишли давлат органлари (24 та) расмий веб-сайти ва порталларини «Ягона дарча» тамойили асосида ўз ичига олувчи Ўзбекистон ҳукумати портали ягона платформаси ишга туширилади.
Аввалроқ Ўзбекистонга 2022 йилнинг январь-июль ойларида хориждан қиймати 102,8 миллион долларга тенг бўлган 1 508 602 дона мобил телефон импорт қилингани тўғрисида хабар берилганди. Қайд этилишича, телефон импорти 2021 йилнинг мос даври билан солиштирилганда 92 950 донага ошган.