Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари Конституцияда мустаҳкамланади

Аёлларнинг меҳнат ҳуқуқлари масаласи мамлакатимизда кўп йиллар давомида баҳсли бўлиб келган. Яъни қонунчилигимизда аёлларга имтиёз яратиш учун киритилган нормалар амалда уларнинг зарарига ишлаган.

Фото: «Bugun.uz»

Масалан, тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш нормалари камайтирилган ҳолатда улар аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда енгилроқ ишга ўтказилиши белгилангани учун баъзи ташкилот раҳбарлари бундай аёлларни шунчаки ишга олишдан бош торта бошлаган.

Яқинда турмушга чиққан ёки уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар ҳам худди шундай вазиятга дуч келишганига кўп маротаба гувоҳ бўлганмиз. Кези келганда, аёллар оила ва карьерадан бирини танлашига тўғри келарди. Фарзанди тез-тез шамоллаб, касал бўладиган боқувчисиз аёллар ишдан бўшатилиб, молиявий танг аҳволга тушиб қолган ҳолатлар ҳам кўп кузатилган.

Агар чуқурроқ таҳлил қиладиган бўлсак, ёш боласи борлиги ёки ҳомиладорлиги учун ўзини таъминлай олишига кўзи етмасдан, калтаклайдиган эр билан яшашга мажбур аёллар ҳам кам эмас. Бу муаммо жиддий чора кўришни, рационал ечимни талаб қилиши кундек равшан эди ва мана шу ўринда аёлларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини Конституцияда аниқ тарзда белгилаш таклиф қилинди.

Амалдаги Конституциянинг 37-моддасида ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эгалиги таъкидланган. Бироқ бу модда ҳомиладор ва кичик ёшли фарзандлари бор аёлларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлашда етарлича самара бермади. Янги таҳрирдаги Конституцияга «Ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланади», деган норма киритилмоқда. Бу мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат ҳуқуқларини кафолатлаш учун ниҳоятда муҳим қадам бўлишига шубҳа йўқ.

Сўнгги йилларда аёлларнинг раҳбарлик лавозимларига тайинланиши, барча соҳаларда ўзларини намоён этиш имкониятига эга бўлаётганини ижобий тенденция сифатида баҳолаш мумкин. Айни пайтда хотин-қизлар фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданиятда машғул бўлган ходимларнинг 70 фоизга яқинини ташкил этади. Бироқ бошқа соҳаларда ҳам аёллар фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги мақомини ошириш учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

Ўсиб келаётган жажжи қизларни қайсидир хонадоннинг хизматини қиладиган тил-забонсиз келинлик вазифасига тайёрлашимиз эмас, жамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз ҳуқуқларини биладиган шахс сифатида тарбиялашимиз зарур. Янги Конституциянинг 37-моддаси эса бизга бу борада дастуриламал бўлади.

Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Жаҳон11:59 | 6.10.22
Афғонистондаги масжидда содир бўлган портлаш қурбонлари 25 кишига етди
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Жамият10:56 | 6.10.22
Ўзбекистон яна 34 та замонавий электропоезд харид қилади
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
Жамият10:38 | 6.10.22
Тошкентда дарахтларга яна зарар етказилаётгани аниқланди
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
Жамият10:17 | 6.10.22
«Хусусий уй-жойлар нархини вазирлик назорат қила олмайди» — Қурилиш вазирлиги
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади
Жаҳон9:33 | 6.10.22
АҚШ Марказий Осиёнинг Россияга «қарамлигини камайтириш» учун пул ажратади
Татаристонда 11-синф қиз «военкомат»га ўт қўймоқчи бўлди
Жаҳон8:42 | 6.10.22
Татаристонда 11-синф қиз «военкомат»га ўт қўймоқчи бўлди