Москвада ўзбекистонлик қиз беш яшар қизни ўғирлашга уринди — видео
Қиз болалар майдончасида ўйнаётган бўлган
Россия пойтахти Москва шаҳрида 21 ёшли ўзбекистонлик қиз беш ёшли қизчани болалар майдончасидан ўғирлаб кетмоқчи бўлди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар берди.

Ҳодиса 19 август куни Гольянова ҳудудида содир бўлган. Ўзбекистонлик қиз болага яқинлашиб, унинг қўлидан ушлаб, олиб кетган. Бироқ, боланинг онаси нима бўлаётганини пайқаб, ўзбекистонлик қизга етиб олган.
«Мен полиция чақиришларини, боламни мендан ўғирлаб кетишаётганини айтиб, бақира бошладим. Бир дақиқадан сўнг, қаердандир, унинг қариндошлари югуриб келиб, мени ўраб олди. Олти-етти киши эди», — дейди қизнинг онаси.
Муҳожирлар аёлдан боладан воз кечишни талаб қилиб, бола уларники эканини айтган. Воқеа жойига етиб келган полиция ходимлари можарони бартараф этган. Бироқ ўзбекистонлик қиз кейинроқ қўйиб юборилган. Беш яшар қизнинг онаси энди унга таҳдид бўлаётганини айтган.
«Ташқарига чиқишга ва унинг қариндошлари бизни кузатишидан қўрқамиз», — деган аёл.
Аввалроқ Россиядан олти нафар ўзбекистонлик чиқариб юборилиши ва Россияда халқаро қидирувдаги ўзбекистонлик эркак ушлангани маълум қилинганди.