Бугун оқшоми. Ҳокимларнинг бекор қилин(ади)ган ваколатлари, Бухорода ҳожатхона тополмаган сайёҳ, мактаб бозори нархлари (видео)

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ёшлар эмас, оилалар бузилиб кетяпти (балки иккаласи бир-бирига боғлиқдир): Ўзбекистонда ўтган 7 ойда 28 507 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилди, энг кўпи Тошкент шаҳрида.

Фото: «Shutterstock»

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январь–июль ойларида республика бўйича 28 507 та никоҳдан ажралиш ҳолатлари қайд этилган. Улардан энг кўпи пойтахтда рўйхатга олинган — 3432 та. Самарқанд вилоятида эса бундан салгина кам — 3041 та оила ажрашган. «Фахрли» учинчи ўринни 2971 та ажрашиш билан Тошкент вилояти эгаллаган.

Албатта, бу турдаги статистика билан ҳудудларни солиштириб бўлмайди. Агар вилоятлар, ҳудудларни бир-бирига солиштириш керак бўлса, фоизларда ҳисоблаш керак бўлади. Табиийки, оила ва аҳоли кўп бўлган жойда ажрашишлар сони ҳам баланд бўлади.

Энди яхши хабарларга ўтсак: ҳоким ва прокурорларнинг ер участкасини тортиб олиш ваколатлари бекор қилинди.

Фото: «Bugun.uz»

Президентнинг тегишли фармони билан 2022 йилнинг 1 сентябридан бошлаб ер участкаларига бўлган ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, хусусан прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш тартиби бекор қилинмоқда. Фармон матни тўлиқ бу ерда ўқиб чиқишингиз мумкин.

Бундан ташқари, ҳокимликларнинг қурилишга рухсат бериш ваколати бутунлай бекор қилинади. Адлия вазирлиги бу борадаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Азалий муаммо: Бухорода туркиялик сайёҳ ҳожатхона топа олмади, ресторан ҳожатхонасидан фойдаланиш учун эса сув сотиб олишга тўғри келди. Туризм бошқармасига кўра, аёл турган кўчада иккита (ҳатто учта) ҳожатхона ва ҳатто йўриқномалар бўлган. Хуллас, азалий муаммо яна трендда. Яна хорижликлар иштирокида.

Ижтимоий тармоқларда туркиялик турист аёл Бухоронинг эски шаҳар қисмида ҳожатхона излаб юргани ва ресторан ҳожатхонасидан фойдаланиш учун сув сотиб олишга мажбур бўлгани ҳақидаги видео тарқалди.

Туризм бошқармасига кўра, бугунги кунда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Бухоронинг тарихий қисмида замонавий, аёллар ва эркаклар ҳожатхоналари барпо этилган. Таъкидланишича, туркиялик сайёҳ юрган Бухоро шаҳар Ҳақиқат кўчасида 2 та ҳожатхона бор (тақдирнинг ҳазилини қарангки, туристлар мана шундай номли кўчада ҳожатхона топа олмаган. Айтганча, қуйидаги суратни сақлаб қўйинг, Бухоронинг Ҳақиқатига борганингизда керак бўлиши мумкин).

Фото: Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бошқармаси

Хуллас, видео олган аёлнинг уч томонидан ҳожатхона бўлган, унга оборувчи кўрсаткичлар ҳам ўрнатилган, лекин аёл тополмаган (ёки топишни хоҳламаган — баёнотга кўра шундай).

Қанчалик хунук эштилмасин, ҳар бир шаҳар, ҳар бир туман, ҳар бир ҳудудда ҳожатхона бўлиши керак — бу инсоннинг табиий эҳтиёжи учун керак. Бухорода ҳожатхона тополмаган сайёҳ гапиряпти, лекин ўзимизнинг қоракўзларчи? Уларчи, ўтган 6 ойда Туркиядан келган 197 тонна банан билан қолаверадими?

«Тинчлик»да тинчлик эмас: Тошкентда яна бир метро бекатига сув тошиб чиқди.

Фото: «Veolia Energy Tashkent» ахборот хизмати

Тошкент метросининг «Тинчлик» бекати кириш йўлагига 23 август куни сув тошиб чиқди. Бунга «Veolia Energy Tashkent» томонидан ўтказилган иссиқлик қувурларининг механик чидамлилиги ва зичлилиги (юқори босимда) синови сабаб бўлган. Натижасини кўриб турганингиздек, улар дош бермаган.

Олдидан келишилган жадвал асосида ўтказилган синов жараёнида 3-ИМга уланган «Тинчлик» метро бекати яқинидаги иссиқлик тармоғида авария содир бўлган. Натижада метрога тушиш йўлагида девордан иссиқ сув тошиб чиқиши кузатилган.

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтиши муносабати билан Самарқанд шаҳридаги мактабларда янги ўқув йили 20 сентябрдан бошланиши мумкин.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳозирча Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан Халқ таълими вазирлигига розилик хати юборилган. Агар вазирлик хатни тасдиқласа, шаҳар мактабларида дарслар 20 сентябрдан бошланади.

Маълумот учун Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити 2022 йил 15–16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Унда Россия ва Туркия президентлари ҳамда Хитой раиси қатнашиши кутилмоқда.

Бошқа жойлардаги мактабларда ўқиш жараёнлари одатдагидек бошланади. Ўзи мактаб бозори учун неча пул сарфланади — «Bugun.uz» Тошкентда кичик сўровнома ўтказди.

«ZIP формат»:

  • Аёли ҳомиладорлар учун яхши хабар: энди Ўзбекистонда йил давомида қулупнай етиштирилиши мумкин;
  • Картошкалар билан чекланиш йўқ: Беларусь компаниялари Ўзбекистонда дори ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши мумкин. Бундан ташқари, Беларусь тракторларини ишлаб чиқариш ҳам маҳаллийлаштирилади;
  • «Отец молодец!»: Ўзбекистонда 2022 йилнинг январь–июль ойларида 10 621 нафар эгизак туғилиш ҳолати қайд этилди;
  • Ўзбекистонда «қўлга тегадиган соф ойлик иш ҳақи» рейтингида 106 та давлат ичида 96-ўринни эгаллади — 278 доллар. Бу МДҲ давлатлари ичида энг паст кўрсаткич;
  • Равшан Эрматов Россия футбол ҳакамлари комиссиясининг илк хорижий аъзосига айланди;
  • Қаршида кўп қаватли уйлар атрофини ободонлаштиришда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали ярим миллиард сўм талон-торож қилинди.

Хўш, оламда нима гап?

Владимир Зеленский мамлакатда кечаётган урушда энг катта ёрдам АҚШ томонидан берилганини айтди.

Фото: «УНИАН»

Президенти Зеленский 24 август куни Киевда Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон билан қўшма матбуот анжуманида бу ҳақда гапирган.

«Албатта, ҳамма АҚШ Украинага энг катта ёрдам кўрсатганини билади. Улар иқтисодий ва сиёсий таъсир жиҳатидан энг қудратли давлат. Биз Украинага молиявий ва Халқаро валюта жамғармаси ёрдами кераклигини жуда яхши тушунамиз. Шу билан бирга, бугун жанг майдонида қуролга муҳтож бўлганимизда, АҚШнинг ёрдам пакети бизга кўмак бериши мумкин», — деган Зеленский.

Украина президенти АҚШ раҳбари Жо Байденга Украинага қарийб 3 миллиард долларлик янги ёрдам кўрсатгани учун миннатдорлик билдирган. «Биз АҚШнинг ёрдами, Конгресс ва икки партия қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз. Шахсан президент Байдендан миннатдорман. Биз бир-биримиздан жуда узоқдамиз, лекин бир хил қадриятлар учун курашмоқдамиз», — деган Зеленский.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Жамият19:07 | 1.10.22
Президент тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини янада кенгайтиришга доир фармонни имзолади
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Жамият18:32 | 1.10.22
Ўзбекистонда энг арзон палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди
Жамият17:45 | 1.10.22
Ўзбекистонда кейинги ҳафта қандай об-ҳаво кузатилиши маълум бўлди
Азиз Абдуҳакимов Tourism EXPO Japan 2022 вазирлар анжумани иштирокчиларини Самарқандга таклиф этди
Жамият17:14 | 1.10.22
Азиз Абдуҳакимов Tourism EXPO Japan 2022 вазирлар анжумани иштирокчиларини Самарқандга таклиф этди
Тошкентда номаълум шахслар мушукнинг юнгини олиб, мўйловларини қирқиб ташлади
Жамият16:28 | 1.10.22
Тошкентда номаълум шахслар мушукнинг юнгини олиб, мўйловларини қирқиб ташлади
Ўзбекистон ТИВ Кобулдаги портлаш юзасидан баёнот берди
Жамият15:34 | 1.10.22
Ўзбекистон ТИВ Кобулдаги портлаш юзасидан баёнот берди