21:52 | 25.08.22 193

Бухорода ёнғинни ўчириш учун юздан ортиқ қутқарувчи ва вертолёт жалб қилинди — видео

Ҳозирда 100 гектар қамишзорни қамраб олган ёнғиннинг 80 фоизи ўчирилган

Бухоро вилояти Пешку туманидаги қамишзорда 24 август куни ёнғин юзага келди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, Қорақир массиви ҳудудига Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 107 нафар ходимдан иборат ёнғин-қутқарув бригадалари зудлик билан ёнғин жойига етиб борган.

Ёнғин чуқур ботқоқлик ҳудудида бўлганлиги сабабли Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув техникаларидан фойдаланишнинг имкони бўлмаган. Шу сабабли ёнғин қўлда ишлатиладиган асбоб-анжомлар орқали бартараф этилаётгани айтинган.

Шунингдек, ёнғин бўлаётган майдонга Мудофаа вазирлигининг махсус вертолёти ҳам жалб қилинган ва 100 гектар майдонни қамраб олган ёнғиннинг 80 фоизини ўчиришга эришилган. Таъкидланишича, яқин соатларда ёнғин тўлиқ ўчирилади.

Аввалроқ Мўйноқдаги қамишзорда кучли ёнғин содир бўлгани ва Оҳангарондаги ўрмон хўжалиги ҳудудида ёнғин юзага келгани ҳақида хабар берилганди.