23:56 | 25.08.22 174

Ўзбекистондан Қозоғистонга 62 тонна қовун ноқонуний олиб ўтилаётгани аниқланди

Юк божхона постидаги рентген аппарати тасвирида кўринган

Туркистон вилоятида Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасини кесиб ўтишда тарвузлар борлиги айтилган юк ўрнига 62 тонна контрабанда қовунлари ташилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси хабар берди.

Фото: «Pixabay»

«Қоплонбек» божхона постида 23 август куни текширув чоғида декларацияланган ҳужжатларда номувофиқлик аниқланган. Рентген аппарати тасвирида эълон қилинган «тарвуз» ўрнига овал шаклдаги буюм кўрсатилган.

Рентген аппарати тасвири. Фото: Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси

«Пост ходимлари томонидан юк божхона кўригидан ўтказилганда, декларациядан ўтказилмаган 62 тонна қовун аниқланган. Ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси ҳужжатларда 12 тонна қовунни ва 66 тонна тарвузни декларация қилган», дейилади Давлат даромадлари қўмитаси хабарида.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, импорт қилувчилар божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш мақсадида арзонроқ товарларни декларация қилади. Қоидабузарлик аниқланган тақдирда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.

«Қозоғистон Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси ишбилармон доираларни амалдаги божхона қонунчилигига қатъий риоя қилишга чақиради», дейилади хабарда.

Фото: Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси

Аввалроқ Қирғизистон чегарачилари Ўзбекистонга отларни ноқонуний олиб ўтмоқчи бўлган йигитни ушлаганди. Шунингдек, Қозоғистондан  Ўзбекистонга ноқонуний олиб ўтилаётган 280 тонна АИ-95 бензини тўхтатиб қолинганди.