Туризм бошқармаси Бухорода ҳожатхона топа олмаган туркиялик сайёҳ видеосига муносабат билдирди
Аёл ресторан ҳожатхонасидан фойдаланиш учун сув сотиб олишга мажбур бўлган
Бухоро вилояти Туризм ва маданий мерос бошқармаси туркиялик сайёҳ аёл Бухоро шаҳрида ресторан ҳожатхонасидан фойдаланиш учун сув сотиб олишга мажбур бўлгани айтилган видеога муносабат билдириди.

Ижтимоий тармоқларда туркиялик турист аёл Бухоронинг эски шаҳар қисмида ҳожатхона излаб юргани ва ресторан ҳожатхонасидан фойдаланиш учун сув сотиб олишга мажбур бўлгани ҳақидаги видео тарқалди.
Туризм бошқармасига кўра, бугунги кунда сайёҳларга қулайлик яратиш мақсадида Бухоронинг тарихий қисмида замонавий, аёллар ва эркаклар ҳожатхоналари барпо этилган. Таъкидланишича, туркиялик сайёҳ юрган Бухоро шаҳар Ҳақиқат кўчасида 2 та ҳожатхона бор.

«Бу эса сайёҳ юрган йўлдан 70-80 метр нарида дегани. Сайёҳ юрган йўлнинг чап тарафида йўл кўрсаткичлари ўрнатилган ва у ердаги ҳожатхона ҳам ишлаб турибди (тахминан 160-180 метр). Қолаверса, шу ерда ‘Bukhara Silk Carpet’ маркази орқасида аёллар ва эркаклар замонавий хожатхоналари мавжуд. Кўрсаткичлар ўрнатилган. Бундан ташқари, сайёҳ ҳаракатланган Ҳақиқат кўчасида ‘Tourist information senter’ (50-60 метр — туристик информацион марказ, бу ерда шаҳарнинг тарихий қисмидаги ҳожатхоналар жойлашуви ҳақида сўраб олиш мумкин). Унинг рўпарасида (50-60 метр) махсус сайёҳлар учун тайёрланган ‘Tourist map’ (туристик харита) ўрнатилган», — дейилади муносабатда.

Шу билан бирга, қайд этилишича, Меҳтар Амбар Баҳоуддин Нақшбанд кўчасида (Лаби Ҳовуз мажмуаси) иккита замонавий, аёллар ва эркаклар ҳожатхонаси бор. Сайёҳ ҳаракатланган кўчанинг ҳам ўнг ҳам чап тарафида замонавий ҳожатхоналар мавжуд.

«Сайёҳ ҳаракатланган Бухоро шаҳридаги Ҳақиқат кўчасида жойлашган қатор ҳунармандчилик марказлари ҳунармандлари ёрдам жоиз бўлса, келган сайёҳга кўмак бериши шубҳасиздир. Чунки барчага маълумки, Бухоро аҳли доимо меҳмондўст, очиқ юзли ва беминнат ёрдам қўлини чўзадиган халқдир», — дея таъкидланади хабарда.
Аввалроқ Тошкент метрополитенида ҳожатхона ташкил қилингани, Самарқандда ИИБ ходимлари сайёҳларга қўпол муомалада бўлиб, электрошокер ишлатгани тўғрисида хабар берилганди.