БМТ Тожикистондан афғон қочқинлари депортациясини тўхтатишга чақирди
Ташкилот бу халқаро ҳуқуқни жиддий бузишини билдирган
БМТнинг қочқинлар бўйича олий комиссарлиги бошқармаси Тожикистондаги айрим афғон қочқинлари ҳибсга олиниб, депортация қилинаётганидан хавотир билдирди.

Ҳолат юзасидан ташкилот расмийси қочқинларни ҳибсга олиш ва депортация қилишни тўхтатишга, одамлар ҳаётига аниқ хавф туғдирадиган ҳаракатлардан тийилишга чақирган. Мурожаатда қочқинларни мажбуран депортация қилиш қонунга ва қочқинларга оид халқаро ҳуқуқнинг асоси бўлган чиқариб юбормаслик тамойилига зидлиги таъкидланган.
Бошқарма беш афғоннинг депортацияси билан боғлиқ яқинда содир бўлган воқеа ҳақида маълум қилган. Улар орасида уч фарзандли она ҳам бор. БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги аралашувига қарамай, уларнинг барчаси 23 август куни Тожикистон шимоли-шарқидаги Панчи Поён чегара пункти орқали Афғонистонга мажбуран қайтарилган.
Ҳисоботда қайд этилишича, 2021 йилдан бери БМТ қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги Тожикистонда қочқинларни ушлаб туриш, уларни мамлакатдан чиқариб юбориш ва халқаро ҳимояга муҳтож бўлганларнинг киришини тақиқлаш бўйича буйруқлар чиқариш билан боғлиқ кўплаб ҳолатларни кузатган.
Ташкилот 2021 йил августда Афғонистон бўйича ўзининг универсал тавсияларини эълон қилган. Ушбу қўлланма 2022 йил февраль ойида янгиланган. Ҳар икки ҳужжат ҳам давлатларни барча афғон фуқароларини депортация қилишни қайтаришни тақиқлашга чақиради.
БМТ афғонлар Тожикистонда ҳимоя, адолатли ва самарали бошпана механизмидан фойдаланиш имкониятига эга бўлиши кераклигини таъкидлаган. Уларнинг ўз ватанига мажбуран қайтиши халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши ҳисобланади.
Аввалроқ АҚШда афғон қочқинлари билан боғлиқ муаммо юзага келиши мумкинлиги айтилганди. Шунингдек, Британиядаги афғон қочқинлари ватанига қайтарилишини сўраганди.