23:07 | 26.08.22 81

Кипрда ОИВнинг янги штами аниқланди

Мутахассис унинг хавфлилик даражасини баҳолади

Кипрда орттирилган иммунитет танқислиги синдромини келтириб чиқарадиган вируснинг (ОИВ-1) янги рекомбинант штами топилди. Бу ҳақда «CNA» хабар берди.

Фото: «Kathimerini Cyprus English Edition»

Маълум қилинишича, янги штам жинсий алоқада бўлган йигит ва эркакларда аниқланган. «CRF91_cpx» номини олган штам Кипр университети ва АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги Лос Аламос ОИВ миллий лабораторияси олимлари томонидан топилган. Янги рекомбинант штамнинг геноми тўртта ОИВ-1 штаммининг мозаикаси: CRF02_AG, G, J ва U’ни ўз ичига олади.

«CRF91_cpx’ Кипрда яшовчи ОИВ-1 билан касалланган 14 кишида топилган. Эпидемиологик таҳлил шуни кўрсатадики, мазкур штам жинсий алоқада бўлган кипрлик эркаклар орасида тарқалган», дейилади хабарда.

Москва физика-техника институти геномик муҳандислик лабораторияси мудири Павел Волчков штамнинг мутацияланиши узлуксиз ва табиий жараён эканини айтган. У янги штамм аввалгиларига қараганда хавфли эмаслигини таъкидлаган. ОИВ жуда тез ва юқори даражада мутацияга учраши қўшимча қилинган.

Аввалроқ Африкада ОИВга чалинган қизда 21 та ковид мутацияси аниқланганди.