Ўзбекистон–Афғонистон чегарасида 2 ой ичида савдо ҳудуди ташкил этилади
Афғонистоннинг Балх ва Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги чегарадош ҳудудида икки ой ичида савдо ҳудуди ташкил этилади. Бу ҳақда « Ariana News» хабар берди.

Расмийларга кўра, 120 гектар ер ўзлаштирилади ва унинг қиймати 75 миллион долларни ташкил қилади. Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва афғон ишбилармонларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йили қўшма савдо ҳудудини ташкил этиш режаси имзоланган.
Савдо зонаси афғон бизнес эгаларига визасиз алоқа ўрнатиш ва савдо қилиш имконини беради. Афғонистон маҳсулотлари ҳам ўзбекистонлик савдогарларга тақдим этилади.
«Балх вилоятидаги бир қатор ишбилармонлар ушбу зонанинг ташкил этилишини мамлакат иқтисодиёти учун умид ойнаси деб билади», дейилади хабарда.
«Ушбу бозорнинг ташкил этилиши ҳар икки давлат учун ҳам фойдали, у ишбилармонлар бизнесини ривожлантиришда давом этади. Бу ҳудуднинг ташкил этилиши билан икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар яхшиланади», — деган афғонистонлик инвестор Миванд Зияи.
«Қўшма савдо ҳудуди ташкил этилаётганидан жуда хурсандман ва бу қўшни давлатлар ўртасидаги яхши муносабатлардан далолат беради. Биз бу алоқаларни ривожлантиришга ҳаракат қилмоқдамиз, чунки бу зонанинг яратилиши икки давлат миллий бизнеси учун фойдали», — дейди яна бир инвестор Афзал Даулатзаи.
«Иқтисодий жиҳатдан у савдо соҳасида муҳим ва асосий ўрин тутади. Ўзимиздаги маҳсулотларни шу бозорда сотишимиз мумкин. Иқтисодий фаолият қаерда бўлмасин, унинг фойдаси ҳар икки давлатга ҳам, одамларга ҳам, иқтисодиётга ҳам етиб бориши табиий», — таъкидлаган Балх вилоятида яшовчи Султон Муҳаммад Тохи.
Балхдаги маҳаллий расмийлар ҳам қўшма савдо ҳудудининг ташкил этилиши икки давлат ўртасидаги савдо-сотиқни ривожлантиришга олиб келишини айтмоқда.
«Афғонистон ва Ўзбекистон чегараси ўртасида қўшма савдо ҳудуди ташкил этилади ва бу қўшма ҳудуд маданият, ижтимоий алоқа ва иқтисодий соҳага яхши таъсир кўрсатади», — деган Балх ахборот ва маданият бўлими раҳбари Забиҳуллоҳ Нуроний.
Аввалроқ Афғонистон «Ўзбекистон темир йўллари» билан ҳамкорликни тўхтатмаслиги маълум қилинганди.