Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам берилади
Шунингдек, 2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдирилади
Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорги Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштироки давом этмоқда. Аввалроқ Қорақалпоғистон учун фойда солиғи 7,5 фоизга туширилгани ҳақида хабар берилганди. Президент матбуот котибининг хабар беришича, яна бир қатор имтиёзлар бўйича топшириқ берилган.

Хусусан, Қорақалпоғистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш йўналишида:
- Ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратиш;
- 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва авиа чипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклаш;
- 2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдириш;
- боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
«Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, ва бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман.
Фақат пухта ишланган, адолатли ва шаффоф тизим асосида бўлиши керак», — деди Президент.

Шунингдек, номзоднинг (Аманбай Оринбаев) Қорақалпоғистонда таълимни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга:
- Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга 7 йилгача муддатга имтиёзли шартларда ссудалар ажратишни йўлга қўйиш;
- бўш турган давлат объектларида ёшлар ва хотин-қизларни хорижий тиллар ва IT соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш имкониятини яратиш, ушбу объектларни тадбиркорларга 5 йилгача бепул фойдаланишга бериш;
- Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та «Ишга марҳамат» моно-марказларини ташкил этиш;
- фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этиш;
- Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйишга топшириқ берди.