19:40 | 26.08.22 108
Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний бензин олиб ўтилаётгани аниқланди
Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари бошланган
Қозоғистоннинг Павлодар вилоятидан Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан вагонларда бензин олиб ўтишга уриниш қайд этилди. Бу ҳақда «Tengrinews» хабар берди.

Маълум қилинишича, номи ошкор қилинмаган компания антидетонатор ёнилғи сифатида ўнта вагон бензинни Тожикистон ва Ўзбекистонга олиб ўтмоқчи бўлган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Қўшимча намуналар олинди, экспертиза ўтказилмоқда», — деган Павлодар вилояти иқтисодий тергов бошқармаси бошлиғи Арман Жунусов.
Унинг қўшимча қилишича, тергов манфаатларига мос келадиган бошқа маълумотлар ошкор этилмайди.
Аввалроқ Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний олиб ўтилаётган 280 тонна АИ-95 бензини тўхтатиб қолинганди.