Тошкентда чойхонада пичоқбозлик қилган вазирлик ходимига ҳукм ўқилди — видео
Жабрланувчи ҳамкасбига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини таъкидлаган
Тошкент шаҳри Олмазор тумани судида 25 август куни Маданият вазирлиги ходимларининг пичоқлашуви юзасидан суд мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Sevimli» телеканали «Zamon» информацион дастурида хабар берилди.

Маълум қилинишича, 8 апрель куни Олмазор тумани Тахтапулдарвоза кўчасида жойлашган чойхонада ифторлик қилиш учун келган Маданият вазирлигининг спорт тарғибот касаба уюшмаси 38 ёшли раиси лавозимида ишлаган шахс ва ҳамкасби актёр Фарҳод Бадалов иштирокида жанжал юзага келган ва ҳолат пичоқбозлик билан якунланган.
Шунингдек, келиб чиққан жанжал оқибатида судланувчи ҳамкасбини қасддан ўлдириш мақсадида ошхонадан пичоқ олиб чиққан ва бошқарма бошлиғининг чап кўкрак қафасига тан жароҳати етказган ва атрофдагиларнинг ажратиб қолганлиги туфайли ишини якунига етказа олмаган. Жабрланувчи олган тан жароҳатлари билан Тошкент шаҳар 7-клиник шифохонасига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамлар натижасида ҳаёти сақлаб қолинган.
Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди мазкур ишни кўриб чиққан. Унда келтирилган маълумотларга кўра, судланувчи бу ҳаракатлари билан Жиноят кодексининг 25-моддаси (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш) орқали 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1- қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Музокаралар давомида жабрланувчи ҳеч қандай давоси йўқлигини айтиб ўтганига қарамай, судланувчига нисбатан давлат қораловчиси 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилишини сўраган. Қайд этилишича, узоқ давом этган маслаҳатлашувдан сўнг судланувчи Жиноят кодексининг 25-моддаси орали 97-моддаси 1-қисми билан ушбу жиноятни содир этган деб топилган ва 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 57 миллион сўм қарздорлиги бор истеъмолчи электр таъминоти корхонаси раҳбарини пичоқлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги кафеларнинг бирида мижозлар ва кафе ишчилар ўртасида жанжал келиб чиқиб, бу мижозларнинг пичоқланишига олиб келгани хабар қилинган.