18:53 | 27.08.22 76

«Толибон» Қундуз вилоятида одамлар уйини тинтув қилишни бошлади

Вилоятдаги тожикларнинг этник жиҳатдан ажратилган ҳудудларига ҳужум қилингани айтилмоқда

Афғонистоннинг Қундуз вилоятида «Толибон» ҳаракати одамларнинг уйларини тинтув қилишни бошлади. Бу ҳақда маҳаллий манбаларга таяниб, «Hasht e Subh Daily» хабар берди.

Фото: «Hasht e Subh Daily»

Маълум қилинишича, вилоятнинг тўртта туманида уйма-уй тинтув бошланган. Маҳаллий аҳолига кўра, «Толибон» бу вилоятнинг фақат тожиклар яшайдиган этник табақалашган ҳудудларига ҳужум қилган.

Таъкидланишича, тинтув жараёнида аёл полициялар ҳам иштирок этмоқда. Исмини ошкор қилмасликни сўраган «Толибон» аъзоси бундай рейдлар хавфсизлик таҳдидлари, қурол ва одам ўғирлаш туфайли бошланганини айтган.

Унга кўра, бу жараён бошқа ҳудудларда ҳам амалга оширилади. «Толибон» аллақачон Кобул ва бошқа вилоятлар уйларида тинтув ўтказган. Бу эса кенг танқид қилинмоқда.

Аввалроқ «Толибон» мамлакатдаги тиланчиларни камайтириш йўлини маълум қилганди. Шунингдек, «Толибон» қизлар таълимига оид тақиқ қўйганди.