2:06 | 28.08.22 118

Афғонистоннинг музлатилган активларидан 11 сентябрь қурбонларига товон тўланмайди

АҚШ суди мазкур талабни рад этди

Афғонистоннинг музлатилган активлари ҳисобидан 2001 йилги 11 сентябрь қурбонларига товон пули тўлаш талаби Нью-Йорк суди томонидан рад этилди. Бу ҳақда «Hasht e Subh Daily» хабар берди.

Фото: «Los Angeles Times»

Маълумотни республиканинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги (БМТ) доимий вакили Носир Аҳмад Фаиқ эълон қилган.

«Бугун Нmю-Йорк суди Афғонистон Марказий банкининг музлатилган маблағларидан 11 сентябрь қурбонлари оилаларига товон пули сифатида тўлаш талабини рад этди», — дейди расмий Twitter‘даги саҳифасида.

«Афғонистоннинг музлатилган маблағлари имкон қадар тезроқ озод этилишига ва улар шаффоф, мониторинг тизими асосида республиканинг муҳтож аҳолисига ёрдам кўрсатиш ва ривожлантиришга йўналтирилишига умид қиламиз», — дея қўшимча қилган у.

АҚШ ҳукумати 2021 йил апрель ойида Афғонистоннинг музлатилган маблағларидан 3,5 миллиард долларни ушбу мамлакат аҳолиси ва 11 сентябрь терактларининг қолган оилаларига ёрдам бериш учун ажратганди.

Аввалроқ АҚШда 11 сентябрь терактлари қурбонларининг товон пули миқдори эълон қилинганди. Шунингдек, «Толибон» ҳаракати АҚШдаги 11 сентябрь теракти бўйича баёнот берганди.