Биз ҳам нафас олайлик! Тошкентдаги яшил ҳудудлар тақдири нима бўлади?

Тошкент шаҳрида сўнгги вақтларда  қурилишлар шу даражада кўпайиб кетдики, қайси ҳудудга ёки кимнинг уйига борманг, дераза ортида янги қурилаётган уй, савдо маркази ёки кенгайтирилаётган йўлга кўзингиз тушади.

Фото: «Bugun.uz»

Қурилишлар, шаҳарсозликдаги турли ўзгаришлар ва инфратузилма масаласи, албатта, жуда муҳим. Лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор ва бу, афсуски, бизга яқин келажакда қимматга тушиши, ҳатто ҳозирнинг ўзида қимматга тушаётган бўлиши мумкин. Гап аҳоли саломатлиги ва иш самарадорлиги учун зарур бўлган яшил ҳудудлар — боғлар ва хиёбонлар ҳақида кетмоқда.

Тошкентда яқин-яқингача одамлар дам олиши, сайр қилиши мумкин бўлган ҳудудлар сони анча кўп эди. Лекин уларнинг кўпчилиги билан сўнгги бир неча йил ичида турли ўзгаришлар содир бўлди. «Bugun.uz» колумнисти Орифа Ғуломова қуйида шулар ҳақида сўз юритади.

Яшил ҳудудлар нега керак?

Яшил ҳудудлар ҳақида гап бошлашдан олдин улар нима учун кераклигини ҳам эслатиб ўтиш жоиз.

Яшил ҳудудлар шаҳарда қулай экологик муҳитини шакллантиришда муҳим роль ўйнайди. Улар кислород чиқаради, чанг миқдорини камайтиради, шовқинни ютади ва ўзига хос микроиқлим яратади. Бундан ташқари, яшил ҳудудлар шаҳар аҳолисининг ҳиссий ҳолатига таъсир кўрсатади: шаҳарликлар бундай ҳудудларда сайр қилиши, вақтичоғлик қилиши мумкин, бунинг натижасида улар эстетик завқ олади, кайфияти кўтарилади.

Шаҳар яшил майдонларининг рекреацион, декоратив-бадиий функциялари билан бир қаторда санитария-гигиеник аҳамиятини ҳам унутмаслик керак. Улар атроф-муҳитни заҳарли моддалардан тозалайди. Ўсимликлар атроф-муҳитни кислород билан бойитишда ва ҳосил бўлган карбонат ангидридни ютишда катта роль ўйнайди. Ўртача катталикдаги дарахт кунига уч кишининг нафас олиши учун зарур бўлган миқдорда кислород чиқаради.

Ўсимликлар шаҳар муҳитининг микроиқлимини яхшилайди, тупроқни, биноларнинг сиртини, йўл сиртини ҳаддан ташқари қизиб кетишдан ҳимоя қилади ва очиқ ҳавода бўлиш учун қулай шароит яратади. Ёзда шаҳарлардаги ҳаво ҳарорати яшил ҳудудларникига қараганда анча юқори бўлади.

Яшил майдонларнинг шовқинга қарши таъсири ҳақида қуйидаги фактни айтиш мумкин: турар-жой ва саноат ҳудудларида ўсимликлар шовқинни 2-2,5 марта камайтиради. Маҳаллий ҳукумат соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ифлосланишни камайтириш учун яшил майдонлардан фойдаланиши мумкин.

Яшил ҳудудлар, уларнинг юқорида тавсифланган жиҳатлари иқтисодий ўсиш ва барқарор шаҳарлар қуриш учун бирламчи аҳамиятга эга. Баъзи ўзбек амалдорлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари ўйлаганидай, яшил ҳудудлар ортиқча харажат эмас, аксинча, иқтисодий ўсишга туртки бўладиган омиллардандир. Экологиянинг яхшиланиши, шаҳарда турли қулайликлар вужудга келиши, аҳолининг дам олиши ва ижобий кайфиятда бўлиши одамларнинг фаоллигига, минтақанинг инвестициялар учун мафтункорлигига, қолаверса, туризм ривожланишига сабаб бўлади. Халқаро иқтисодий форум Европа шаҳарларидаги яшил ҳудудларга баҳо бериб бориши бежиз эмас.

Европа атроф-муҳит агентлиги (EEA) маълумотларига кўра, дарахтлар билан қопланганлик даражаси Европанинг 38 пойтахтида ўртача 30 фоизни ташкил этади. Скандинавиядаги Осло шаҳри яшил майдонларнинг энг катта улушига эга — 72 фоиз, Швейцариянинг Берн шаҳрида бу кўрсаткич – 53 фоиз, Словения пойтахти Люблянада – 50 фоиз.

Инфографика: «Statista»

Парижда бу рақамлар Европа ўртача кўрсаткичидан анча пастроқ – шаҳарнинг атиги 20 фоизи дарахтлар билан қопланган. Франция пойтахти Мадрид (39 фоиз) ва Римдан (24 фоиз) орқада. Шунингдек, Афинада ҳам дарахтлар камроқ учрайди, бу ерда дарахтлар шаҳар юзасининг атиги ўндан бир қисмини эгаллайди, Кипр пойтахти Никосияда эса бу кўрсаткич атиги 4 фоизни ташкил этади.

Шаҳар боғлари қандай бўлиши керак?

Аслида, бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Шаҳарсозликда бу борада турли концепциялар илгари сурилади ҳамда шаҳарнинг ҳажмига қараб, катта ёки кичик яшил ҳудудлар тавсия этилади. Қизиғи, каттароқ шаҳарларда кичик яшил ҳудудлар кўпроқ бўлиши мақсадга мувофиқ – масофа узоқ бўлса, шаҳарликлар яшил ҳудудга боришга эриниши ёки вақт тополмаслиги мумкин, шунинг учун яшил ҳудудлар қисқа масофаларда жойлашиши маъқул кўрилади. Аксинча, кичикроқ шаҳар ва қишлоқларга битта катта яшил ҳудуд ҳам етарли бўлиши мумкин (аввало, ер ва сув ресурсларини тежаш учун).

Лекин бошқача ёндашувлар ҳам бор, улар ҳам натижа бериши мумкин. Юқоридаги қарашга зид равишда барпо этилган, аммо ўз ўрнини топиб кета олган, функцияларини бажараётган яшил зоналар ҳам оз эмас. Мисол сифатида Нью-Йоркдаги Марказий боғ билан танишишни маъқул деб топдик.

Нью-Йоркдаги Central Park АҚШдаги энг йирик ва дунёдаги энг машҳур боғлардан бири ҳисобланади. Парк Манхеттен оролида 59 ва 110-кўчалар ҳамда бешинчи ва саккизинчи авенюлар орасида жойлашган бўлиб, тўртбурчак шаклга эга. Боғнинг узунлиги тахминан 4 километр, кенглиги тахминан 800 метр, умумий майдони 3,41 километр квадрат. Йилига тахминан 25 миллион кишини қабул қиладиган боғ АҚШдаги энг кўп ташриф буюриладиган яшил ҳудуд саналади. Кўплаб фильм ва телекўрсатувларда намойиш этилгани уни дунёдаги энг машҳур боғлардан бирига айлантирган. Боғни Нью-Йорк шаҳар боғлар ва дам олиш департаменти билан шартнома асосида хусусий нодавлат нотижорат ташкилот бошқаради.

Боғ лойиҳаси меъморлар Фредерик Олмстед ва Калверт Вокс томонидан ишлаб чиқилган. Яшил ҳудуд жуда табиий кўринишга эга бўлишига қарамай, деярли барча ландшафтлар қўлда яратилган. Боғда бир нечта сунъий кўл, кўп сонли хиёбон, турли спорт турлари учун ишлатиладиган майсазорлар, шунингдек, болалар ўйин майдончалари ва ўзининг ҳайвонот боғи мавжуд. Боққа кўчманчи қушлар ташриф буюргани учун у қуш ишқибозлари орасида ҳам жуда машҳур. Боғни ўраб турган 10 километрлик йўлдан югурувчилар ва велосипедчилар фойдаланади. Марказий боғ норасмий равишда Манхеттеннинг яшил ўпкаси деб аталади.

Шаҳар марказида камида битта шундай боғ ёки шаҳар бўйлаб кичик яшил ҳудудлар бўлиши мақсадга мувофиқ. Одамларга бепул, шовқинсиз, салқин, уларнинг соғлиғи ва руҳиятига ижобий таъсир кўрсатадиган яшил ҳудудлар керак. Бу ҳудуд автомобиль ҳаракатидан ҳоли бўлса, яна ҳам яхши.

Хўш, энди Тошкентдаги яшил ҳудудларнинг аҳволи қандай?

Абдулла Қодирий боғи

2018 йил 10 августда Шавкат Мирзиёев мазкур боққа ташрифи чоғида уни қайта қуриш бўйича кўрсатма берганди. 2019 йил 14 сентябрда эса боғда кенг кўламли реконструкция ишлари бошлангани хабар қилинди. Ноябрь ойига келиб шаҳар ҳокимияти боғнинг реконструкция лойиҳаси бўйича маълумот берди ва, афсуски, боғнинг маълум қисми меҳмонхона қуриш учун бериб юборилди.

Устига устак, боғ реконструкцияси 7 мартдан бошланиши ва 3 ойда тугалланиши кутилаётганди. Лекин ишлар вақтида амалга ошмади ва одамлар яшил ҳудудда дам олиш имкониятидан узоқ муддатга маҳрум бўлди.

Ғафур Ғулом боғи

Тошкентдаги муҳим «нафас олинадиган» жойлардан бири ҳисобланган Ғафур Ғулом боғи 2019 йилда Вазирлар Маҳкамаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ёпиқ ҳужжатлари билан «BMP Smart Decision» компаниясига 49 йилга ижарага берилди.

Сингапурда рўйхатдан ўтган мазкур компания таъсисчиси Ўзбекистон фуқароси Шерзод Ҳалимов, компаниянинг устав капитали эса 1000 Сингапур доллари (720 АҚШ доллари атрофида) экани хабар қилинганди. Майли, бу бошқа масала. Аммо наҳотки хусусий бизнесни аралаштирмай туриб пойтахтдаги ушбу ҳудудларни асрашнинг иложи бўлмаса?
Бу ҳам майли, масаланинг яна бир томони бор. Ушбу боғдаги реконструкция ишлари 2022 йилнинг ёзида якунланиши маълум қилинганди. Кейинроқ боғ очилиши сентябрга қолдирилди. Пойтахтликлар бу боғдан ҳозир ҳам фойдалана олмаяпти.

Миллий боғ

Тошкентдаги боғлар ҳақида гап кетганда, Миллий боғ ва у билан боғлиқ воқеаларни эсламасликнинг иложи йўқ.
2017 йил 4 сентябрда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи негизида «Замонавий ва юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» барпо этилиши ҳақида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди. Лойиҳанинг инвестори сифатида Stargate Systems МЧЖ кўрсатилган бўлиб, Golden Pages бизнес-маълумотномасида ташкилот веб-сайти сифатида AKFA компаниялар гуруҳининг akfa.uz сайти кўрсатилган. Юқори таъкидлаганимиздек, бу бошқа масала.

Бу боғ ҳудуди ҳам ижара асосида 1 ноябрь куни инвесторга узоқ муддатли ижарага берилган; унинг муддати лойиҳа тугаган кундан бошлаб 49 йилни ташкил этади.

Мазкур лойиҳа ҳақида фикр билдирар экан, дипломат, жамоат арбоби, профессор Алишер Файзуллаев шундай деган эди: «Ростини айтсам, бу лойиҳа мени жуда хафа қилди. Ҳозир дунёнинг ҳеч бир жойида шаҳар марказида бундай йирик аттракционлар қурилмаган. Таклиф этилаётган лойиҳа шаҳар ташқарисида амалга оширилсин, илтимос, мен буни ёқлайман. Шаҳар учун жамоат пляжи ва миллий боғ мақомига эга бўлган тарихий яшил боғ ўрнида нафақат аттракционлар ва дельфинарий, балки йирик савдо мажмуаси ҳам қурилмоқчи. Яна айтаман, чеккароқ бирон жойда қуришсин ёки бўш жой топиб, ўша ҳудудни обод қилишсин».

Ҳақиқатан ҳам, кўплаб шаҳарсозларнинг эътироф этишича, шаҳар марказида замонавий боғ қуриш ғояси – ҳар томонлама нотўғри ташаббус. Сабаби, бу билан яшил ҳудудга зарар етказилади, инфратузилмага юклама ошади, тирбандликлар содир бўлади ва ҳоказо. Дунё тажрибасида бундай боғлар қайсидир яшил ҳудудни қурбон қилиш эвазига эмас, балки бўш жой топиб, ўша ерни обод қилиш билан бунёд этилади.

Диснейленд ҳам Париж маркази эмас. Миллий боғ ўрнида қурилган янги боғ билан боғлиқ янгиликларни таҳлил қилсак, у катта ноқулайликлар келтириб чиқарганини кўришимиз мумкин. Масалан, кунига 10 минг одамга хизмат кўрсатиши айтилган боғ туфайли Тошкентнинг асосий кўчаларидан бири доимий “пробка”лар ҳудуди бўлиб қолди. Бу йўл аэропортга олиб чиқишини ҳам унутмайлик.

Масалан, 2021 йил 1 июнь куни Болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган тадбирлар ва Magic City боғининг очилиши муносабати билан Тошкент кўчаларида узоқ вақт тирбандлик юзага келди. Ўшанда «Yandex» кўчалардаги тирбандликни 10 дан 9 баллгача баҳолаган эди

Миллий боғ ҳақида жуда кўп жамоатчилик фаоллари ўз изоҳларини қолдирган. Лекин бу изоҳлардан кўра тушунарлироқ бўлган суратлар бор ва улар одамни ўйлантириб қўяди.

Foto: «Google Earth»
Foto: «Google Earth»

Шу билан бирга, Миллий боғ масаласи шаҳар ҳокимлиги ва расмийлар жамоатчилик фикрини инобатга ола бошлаган камдан-кам кейслардан бири эканини таъкидлаб ўтиш керак. Хусусан, Миллий боғдаги кўл тиклангани хабар қилинди.

Боғларни сақлаб қолиш учун муносабат ўзгариши керак

Шаҳардаги яшил ҳудудларга муносабат ортидан бир нечта саволлар туғилиши табиий, албатта. Тошкент ўзининг қимматли ҳудудларини бизнесга бериб юбормасдан ривожлантиролмайдими?

Аҳоли ва унинг саломатлиги учун шаҳар марказида ўта замонавий боғлар эмас, оддий, қулай, дарахтларга тўла ва сокин боғлар бўлгани маъқул эмасми?

Ва яна бир масала, бир боғнинг қурилиши учун бошқаси қурбон қилиниши шартми? Балки шаҳар кенгайиши, замонавий, аттракционлар учун қурилаётган боғларга чеккароқ ҳудудлардан ҳали обод қилинмаган ерлар танланиши керакдир?

Шунингдек, шаҳарнинг тоза ҳаводан нафас олишни истайдиган оддий аҳолиси учун сарлавҳадаги савол ҳам ўз жавобини топиши керак: Тошкентда яшил ҳудудлар тақдири қандай кечади? Уларга бўлган муносабат ўзгарадими?
Замонавий шаҳарсозликда инсоннинг табиат билан алоқаси учун зарур бўлган жойлар ҳақида унутмаслик керак. Айнан яшил ҳудудларгина одамларга шундай имкониятни бера олади. Боғлар ва дам олиш масканлари шаҳарнинг юраги бўлиб, нафақат йирик шаҳарлар, балки кичик шаҳарчалар ҳаётида ҳам муҳим роль ўйнайди.

Шаҳар боғлари одамларнинг бўш вақтларини ўтказиши, хавфсиз муҳитда бир-бири билан мулоқотга киришиши, шаҳар шовқинидан дам олиши ва шунчаки табиатдан завқланиши учун керакли жой ҳисобланади. Шунинг учун ҳам у ерда табиийлик ва сокинлик сақланиши керак. Ҳозирги кунда қурилаётган замонавий боғлар бундай ҳудудлар ўрнини асло боса олмайди.

Боғларга зарар етказилиб, ўрнида бетон қуйилаётган бир шароитда бир нарсани кенг оммага ва қарор қабул қилувчиларга етказиш муҳим: бу боғларнинг вазифаси савдо маркази мижозларига хизмат кўрсатиш эмас, шаҳарнинг акси бўлган табиий муҳитни яратиш саналади. Одамлар у ерда сершовқин шаҳардан дам олади. Сокин ва салқин ерда тўйиб нафас олади. Сукунат, очиқ ва сояли жойлар, кўллар ва майсазорлар фонида одамнинг асаб тизими, кайфияти ижобий томонга ўзгаради, бу аҳолининг соғлом турмуш тарзига ижобий таъсир қилади.

Тошкентдаги яшил ҳудудларга тегишли идоралар, мансабдор шахслар қандай муносабатда бўлиши керак? Бу саволга экспертнинг фикрлари ёрдамида жавоб қидириб кўрамиз.

Иқтисодчи, Гарвард университети докторанти Ботир Қобилов Ўзбекистонга қўшни мамлакатлар ҳукуматларининг бу борадаги сиёсатини қиёс қилиб, Тошкентдаги боғларга қандай муносабат қилиш кераклиги ҳақида фикрларини билдирган:

«Киев мэрияси ташлаб кетилган Совки боғини қайта таъмирлаб, тиклади. Янгиланган боғда на қаҳвахона, на дўкон, на аттракционлар бор.

Бишкекда янги боғ ва майдонлар барпо этилмоқда, пиёдалар учун яшил ҳудудлар кенгайтирилмоқда.

Нима учун Ўзбекистон шаҳарлари бу шаҳарлардан фарқ қилиши ва тескари йўналишда кетиши керак?»

Нима қилиш керак?

Урбанист Аркадий Гершман эса Тошкент аҳолиси шаҳар бўйлаб сайр қилиш ҳақида ўйламай ҳам қўйганини таъкидлайди: «Назаримда, ҳозир Тошкентда ҳатто шаҳар бўйлаб сайр қилиш тушунчаси ҳам йўқдек. Чунки у агрессив, тушунарсиз ва бундай бўлмаслиги керак. Одамлар ўз шаҳрини билмаса, уни фақат тирбандликлар вақтида машина ойнасидан кўрса, қандай қилиб Тошкентни севиши мумкин?».

Хўш, вазиятни ўзгартириш учун нима қилиш керак? Бу саволга жавоб топиш учун яна Ботир Қобиловнинг фикрларига мурожаат этамиз. Унинг тавсиялари, назаримизда, жуда ўринли бўлиб, дастлабки босқичда шуларнинг амалга оширилиши шаҳарнинг бор яшиллик ресурсларини сақлаб қолишда ва кейинчалик кўпайтиришда муҳим аҳамият касб этади:

  • Биринчи қадам сифатида биз ҳозир бўлаётган ишларни тўхтатишимиз керак:
  • Дарахтларни кесишни тўхтатишимиз керак.
  • Шаҳар боғларини ёпишни, уларни савдо нуқталари, қаҳвахоналар ёки бошқа тижорат бинолари сифатида реконструкция қилишни тўхтатиш керак. Боғлар аттракционларга, пластмасса ва бетон майдонларга муҳтож эмас. Биз шаҳар боғларини ўз ҳолига қўйишимиз керак.
  • Яшил ҳудудлар ҳисобидан турар-жой бинолари қуришни тўхтатиш, бўш қолган ҳудудларни яшил ҳудудга айлантириш зарур.
  • Мавжуд кўчаларни автомобиллар учун кенгайтиришни тўхтатиш, янги кенг йўллар ва чорраҳалар қуришни қайта кўриб чиқиш зарур.
  • Мавжуд эски инфратузилмада ҳар қандай биноларни қуришни тўхтатиш керак.
  • Ниҳоят, аҳолининг хоҳиш-истакларига эътибор бермасликни бас қилиш ва ўз ҳовлиларида, кўчаларида, шаҳарларида ҳар қандай лойиҳани амалга оширишдан олдин уларни тинглашни бошлаш керак.

Бунга қўшимча равишда соҳани тушунувчи мутахассисларни етиштириш зарурлигини айтиб ўтиш лозим. Таълим тизимида шаҳарсозлик, шаҳар ландшафти сингари йўналишларни шакллантириш ва ривожлантириш муҳим, шунда яқин келажакда шаҳар руҳини тушунувчи, жамиятга ечимлар тақдим эта оладиган мутахассислар гуруҳи етишиб чиқишидан умид қилса бўлади.

Таълимнинг қуйироқ босқичига ҳам тушиб, мактабда экология, яшил ҳудудлар, барқарор шаҳарлар мавзуси ўқитилиши лозим деб ўйлаймиз. Қолаверса, кенг оммага шаҳарсозлик муаммоларини етказиш, яшил ҳудудлар аҳамиятини медиа орқали тушунтириш ҳам катта аҳамиятга эга.

Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Жамият19:15 | 25.9.22
Ëқутистонда аёллар ҳарбий сафарбарликка қарши норозилик намойиши ўтказди — видео
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Жамият18:11 | 25.9.22
Ўзбекистонда БМТ шафелигида Биринчи Оролбўйи халқаро форуми ўтказилади
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Жамият17:16 | 25.9.22
Термизда Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича жамғарма ташкил этиш таклиф қилинди
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Жамият16:14 | 25.9.22
Миллий PR-маркази томонидан BBC медиа корпорацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақида видеоролик тайёрланди
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Жаҳон15:14 | 25.9.22
Тожик-қирғиз чегарасида барча ҳарбий ҳаракатлар тўхтатилди
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди
Жаҳон13:14 | 25.9.22
Тожикистон ва Қирғизистон чегаранинг 61 фоизини бўлишишга келишиб олди