Бугун оқшоми. Байрамда исийдиган ҳаво, машинада олиб юрилган аёл жасади ва қурилиши бошланган Ал-Хоразмий шаҳарчаси

Хайрли кеч, ушбу ўқиб турганингиз — «Бугун»нинг энг сара ва муҳим хабарлари жой олган «Бугун оқшоми» дайжести.

Ниагара шаршараси Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллиги шарафига мамлакат байроғи рангларида ёритилади. Ўзбекистоннинг Канадада аккредитациядан ўтган элчихонаси маълумотларига кўра, Ғарбий яримшардаги энг катта шаршарадаги мамлакат байроғининг рангларини 31 август куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да (Тошкент вақти билан 1 сентябрь, соат 07:30) жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

Фото: Telegram / «Нигоҳ»

Маълум қилинишича, Канада ва АҚШнинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи ватандошар Ниагарадаги Ўзбекистон байроғини томоша қилиш учун шаршарага ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг дипломатик миссияси Мустақиллик кунини Ниагара шаҳрида кенг нишонлаш ниятида, у ерда ўзбек рақс ва қўшиқлари, анъанавий ўзбек палови билан тантанали зиёфат ташкил этилади.

Ўзбекистонда эса: Мустақиллик байрами кунлари ҳаво бироз иссиқ бўлади.

Ўзбекистонда ҳафтанинг биринчи ярмида, шунингдек, байрам кунлари об-ҳавонинг ўзгариши кутилмайди. Қайд этилишича, ҳафтанинг биринчи ярмида ва байрам кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво сақланиб туради.

Фото: «Bugun.uz»

Ҳаво ҳарорати ҳафтанинг биринчи ярмида 33-35 даража атрофида бўлади. Байрам кунлари 33-37 даражагача бироз иссиқроқ бўлади. Кечалари ва эрталабки соатларда 13-18 даража атрофида бўлган қулай ҳарорат кузатилади.

Шавкат Мирзиёев Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини очиб берди.

Шавкат Мирзиёев 29 август куни Урганч шаҳрида буюк саркарда Жалолиддин Мангуберди ҳайкалини очиб берди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби маълум қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шундан сўнг Президент Урганч шаҳрида Ал-Хоразмий шаҳарчаси пойдеворига капсула қўйди. Бу мажмуа Урганч халқаро аэропорти яқинида, 130 гектардан зиёд ҳудудда бунёд қилинади. Самолётдан тушган ҳар қандай одамнинг кўз ўнгида аввало мана шу гўзал маскан намоён бўлади. Шаҳарча марказида Хоразмийнинг муаззам ҳайкали ўрнатилади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига янги раҳбар тайинланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси 29 август куни бўлиб ўтди ва унда қишлоқ хўжалиги вазирига Азиз Воитовнинг номзоди маъқулланди. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, вазирлар лавозимга тайинланишидан аввал уларнинг номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар томонидан кўриб чиқилади. Мажлисда халқ вакиллари Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига Азиз Воитов номзодини кўриб чиқдилар ва маъқуллаган.

«Моргдан олиб қайтаётган бўлган». ИИВ Тошкентда аёлининг жасадини машинада олиб юрган эркак бўйича маълумот берди.

Тошкент шаҳри Яккасарой туманида эркак вафот этган аёлининг жасадини ўраб қўйиб, икки кундан бери машинада олиб юргани ҳақида хабар тарқалди. Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги ҳолатга муносабат билдирди.

Кадр: Telegram

ИИВ матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсовга кўра, бирорта жамоатчилик вакили ёки журналист расмийлардан воқеа тафсилоти юзасидан изоҳ сўрамасдан, шов-шув кўтаришга ҳаракат қилган. Маълум қилинишича, 10 июнь куни Яккасарой тумани Кичик ҳалқа йўли кўчасида яшовчи 35 ёшли Ж.Д. (аёл) эрта саҳардан кучли бош оғриғи ҳамда тўхтовсиз қайд қилиш оқибатида турмуш ўртоғи Х.О. тез ёрдамга мурожаат қилган. Тиббиёт масканида кўрсатилган муолажаларга қарамасдан аёл шу куни соат 09:45 вафот этган.

Ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, аёлга «чап тухумдон кистаси, ички кон йўқотиш, тухумдон ва бачадон ташқи ҳомиласи, ички қон йўқотиш, ички аъзолари кам қонлиги» ташхиси қўйилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирда аёл мурдасини турмуш ўртоғи томонидан моргдан уйига қайтариб олиб келган ҳолати қайд этилган. Ҳозирда ҳолат юзасидан прокуратура органлари томонидан текширув ўтказилмоқда.

«Нотўғри ахборот тарқатиш юзасидан ижтимоий тармоқларда юзага келган шов-шувнинг натижалари юзасидан эса, тегишли жамоатчилик вакиллари ўзига хулоса чиқаради деган умиддамиз», дейилади ИИВ муносабатида.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, ижтимоий тармоқларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган видеотасвир 10 июнь куни соат 18:00 ларда марҳуманинг мурдаси суд-тиббиёт экспертизаси текширувларидан олиниб, турмуш ўртоғи томонидан Тошкент шаҳри Яккасарой туманидаги яшаш жойига автомашинада олиб келинган вақтда тасвирга олинган.

Бир кунда 3 та ЙТҲ тўғрисида хабар берилди, иккитаси Қашқадарёда. Қашқадарё вилояти Қамаши туманида 29 август куни соат 14:30 да ҳайдовчи Й.С. бошқарувида бўлган «Damas» ҳаракат давомида қарама-қарши томондан келаётган ҳайдовчи А.К. бошқарувида бўлган «Cobalt» русумли автомашинаси билан тўқнашиб кетган. Оқибатда «Damas»да йўловчи сифатида келаётган фуқаролар Х.О. ва Н.М. тан жароҳати олиб, туман шифохонасига ётқизилган.

Фото: «Nasaf News»

Қашқадарё вилояти Ички илар бошқармаси Қарши шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси видеоси бўйича маълумот берди. Унга кўра, 19 август куни соат 16:30 ларда фуқаро А.Д. ўзининг бошқарувида бўлган «Gentra» русумли автомашинасида Қарши шаҳар Ислом Каримов кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келиб, йўлнинг пиёдалар ўтиш йўлагидан, яъни йўлнинг чап томонидан ўнг томонига кесиб ўтаётган фуқаро Т.М.ни уриб юборган.

Кадр: Telegram

Тошкент шаҳар ИИББ Чилонзор туманида тез ёрдам машинаси билан содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот берди. Ижтимоий тармоқларда Чилонзор туманида тез тиббий ёрдам машинаси иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видео тарқалиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди.

Маълум қилинишича, 28 август куни соат 16:40 ларда туманнинг КХАЙ ва Бунёдкор кўчалари чорраҳасида 38 ёшли О.З. «Форд» русумли махсус автоуловини бошқариб кетаётиб, 74 ёшли велосипед ҳайдовчиси Ғ.Т.ни уриб юборган. Оқибатда велосипед ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, велосипед ҳайдовчиси зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб борилган ва у ерда фуқарога зарур тиббий ёрдам кўрсатилган. Уч соатлик муолажадан сўнг беморнинг аҳволи яхшилангач, уйига жавоб берилган.

Хўш, оламда нима гап?

Сурия расмийлари Эрондан унинг ҳудудидан Исроилга зарба бермасликни сўради. Талаб Эрон, Сурия, Ироқ, Ливандаги Ҳизбуллоҳ, Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган партиялар ва Ал-Қудс Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ўртасидаги виртуал учрашув чоғида берилган.

Фото: «Gohar Aalam»

Суриядаги исмини ошкор қилмаган манбага кўра, Дамашқ ўз ҳудудидан Исроилга зарба берилишини истамайди, чунки бу аллақачон беқарорлашган мамлакатда катта урушга олиб келиши мумкин.

Эрон бошчилигидаги «қаршилик ўқи» бу талаб туфайли Суриядаги АҚШ базаларига зарбалар берган. Улар шу тариқа Америка Исроилга зарбаларини тўхтатиш учун босим ўтказишга ундайди деб умид қилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ядровий назорат гуруҳи Украинанинг Запорожье атом электр станциясига жўнаб кетди. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик бош директори Рафаел Гроссининг айтишича, жамоа шу ҳафта охирида заводга келиши кутилмоқда.

Фото: «cnbc.com»

«Биз Украина ва Европанинг энг йирик ядровий иншооти хавфсизлигини ҳимоя қилишимиз керак. Ушбу миссияга раҳбарлик қилаётганимдан фахрланаман», деб ёзган у Twitter’даги саҳифасида.

Таъкидланишича, гуруҳ Польша, Литва, Хитой, Сербия, Албания, Франция, Италия, Иордания, Мексика ва Шимолий Македониядан жами 13 экспертни ўз ичига олади. Делегация таркибида АҚШ ва Буюк Британия вакиллари йўқ. Улар станцияга эҳтиёт қисмлар, радиация мониторинги ускуналари ва бошқа жиҳозларни олиб келиши мумкин.

Бугун билан яшанг. «Бугун»да қолинг.

Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Янгиликлар18:44 | 5.12.22
Тошкентдаги «Ашхобод» боғи ҳам вақтинчалик ёпилди
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Янгиликлар18:13 | 5.12.22
Қашқадарёда юк автомобили ағдарилиб кетди — фото
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Янгиликлар17:56 | 5.12.22
Ўзбекистонда онлайн қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар учун жавобгарлик белгиланмоқда
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Янгиликлар17:34 | 5.12.22
Маҳаллабай ишлаш агентлиги тендерларида «уч кунлик фирмалар» ғолиб бўлаётгани аниқланди
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
Янгиликлар17:08 | 5.12.22
Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида қор кўчиш хавфи эълон қилинди
«Янги Ўзбекистон» боғи бир ҳафтага ёпилди
Янгиликлар16:49 | 5.12.22
«Янги Ўзбекистон» боғи бир ҳафтага ёпилди