9:31 | 29.08.22 190

Ниагара шаршараси Ўзбекистон байроғи рангларида ёритилади

Мамлакат байроғининг рангларини жонли эфирда томоша қилиш мумкин

Ниагара шаршараси Ўзбекистон Мустақиллигининг 31 йиллиги шарафига мамлакат байроғи рангларида ёритилади. Бу ҳақда «Dunyo» агентлиги хабар берди.

Фото: Telegram / «Нигоҳ»

Ўзбекистоннинг Канадада аккредитациядан ўтган элчихонаси маълумотларига кўра, Ғарбий яримшардаги энг катта шаршарадаги мамлакат байроғининг рангларини 31 август куни маҳаллий вақт билан соат 22:30 да (Тошкент вақти билан 1 сентябрь, соат 07:30) жонли эфирда томоша қилиш мумкин.

Маълум қилинишича, Канада ва АҚШнинг турли бурчакларида истиқомат қилувчи ватандошар Ниагарадаги Ўзбекистон байроғини томоша қилиш учун шаршарага ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг дипломатик миссияси Мустақиллик кунини Ниагара шаҳрида кенг нишонлаш ниятида, у ерда ўзбек рақс ва қўшиқлари, анъанавий ўзбек палови билан тантанали зиёфат ташкил этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ниагара шаршараси ўтган йили Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан илк бор Ўзбекистон байроғи рангларига бўялган эди. Шунингдек, Инновацион ривожланиш вазирлигида ўтган йили Ўзбекистон байроғи стратосферага учирган, ўзбекистонлик альпинист Эверест чўққисига мамлакат байроғини ўрнатган эди.