Самарқанд мактабларида дарслар 19 сентябрдан бошланади
ШҲТ саммити сабабли ўқув жараёни бошланиши кечиктирилди
Самарқанд шаҳрида 15–16 сентябрь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити бўлиб ўтиши муносабати билан мактабларда дарс жараёни 19 сентябрдан бошланади. Бу ҳақда вилоят Халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур жараёнлар ва тадбирлар ўтказиладиган ҳудудларга яқин жойларда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, аҳолига қулай шароитларни яратиш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув жараёнлари 19 сентябрь санасидан бошланади.
Самарқанд шаҳридаги мактаб ўқувчиларининг қолдирилган дарс соатлари ўқув йили давомида таътиллар ҳисобидан тўлдирилади.
Аввалроқ Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан Халқ таълими вазирлигига розилик хати юборилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Самарқанд халқаро аэропорти ШҲТ саммити кунлари авиақатновларни тўхтатиб туриши маълум қилинган.